Франция католик черковида минглаб педофил рухоний хизмат қилган

Католик черковидаги ибодат.

Францияда католик рухонийлари томонидан 70 йил давомида камида 10 минг бола зўрланган. Черковдаги жинсий зўравонликларни ўрганиш бўйича мустақил комиссия ҳисоботида таъкидланишича, бу жиноятларда минглаб руҳоний иштирок этган.

Комиссия раҳбари Жан-Марк Совенинг Le Monde нашрига билдиришича, 70 йил давомида Франция католик черковида 115 минг руҳоний хизмат қилган. Улардан 2900-3200 нафари балоғатга етмаган болаларни зўрлаш, болалар порнографияси, жинсий жиноятларни яшириш ва балоғатга етмаган ўғил болаларга нисбатан бузуқ ҳаракатларни амалга оширишга алоқадор бўлган.

Франция прокурорларига бугунги кунда жиноят иши қўзғатиш мумкин бўлган 22 ҳолат бўйича ҳужжат ва далиллар топширилган. Бу ишлар бўйича гумонланаётган руҳонийлар ҳозирда ҳаёт.

Мазкур комиссия ўз ишини 2018 йилда бошлаган эди. Комиссия таркиби врачлар, социологлар, тарихчилар ва диншунослардан иборат. Улар черков, суд ва полиция архивларини ўрганган, шунингдек, болалигида жинсий зўравонликка учраган 6500 киши билан суҳбатлашган.

2500 саҳифадан иборат ҳисобот 5 октябрь куни жамоатчилик эътибори учун эълон қилинади.