Хорижга мева-сабзавот экспорти камайди, қовун-тарвуз экспорти эса кўпайди

Жорий йилнинг 9 ойида Ўзбекистон, Давлат статистика қўмитаси ёйинлаган маълумотларга кўра, хорижий давлатларга 255,8 миллион долларлик сабзавот экспорт қилган. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан 120 миллион долларга камдир – 2019 йил шу даврида 376,1 миллион долларлик сабзавот экспорт қилинган.

Шунингдек, 2020 йилнинг январь-сентябрь ойларида (276,3 миллион доллар) хорижга ўтган йилдагидан (332,1 миллион доллар) қарийб 56 миллион долларлик мева ва резавор камроқ сотилган.

Қалампир экспорти ҳажми эса бу йил қарийб 10 баравар қисқарган (2019 йилда 73 миллион доллар, 2020 йилда 7,4 миллион доллар).

Айни пайтда ўтган 9 ой ичида ўзбек деҳқонлари чет мамлакатларга 32 миллион долларлик қовун-тарвуз сотишган. Ўтган йилнинг шу даврида хорижга 11,2 миллион долларлик қовун-тарвуз экспорт қилинганди.

Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотларини энг кўп Қозоғистон (28,2 фоиз), Россия (28,0 фоиз) ва Қирғизистон (20,1 фоиз) сотиб олган. Импортчилар орасида Афғонистон (4,6 фоиз), Хитой (2,4 фоиз), Туркия (2 фоиз) ва бошқа мамлакатлар ҳам бор.