Чегара билмас мухбирлар Саудия валиаҳд шаҳзодаси устидан Германия судига шикоят қилди

Журналист Жамол Хашогги 2018 йилда ўлдириб кетилган эди.

1 март куни Чегара билмас мухбирлар (RSF) ташкилоти Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ва Саудия Арабистонининг қатор юқори лавозимли мулозимларини 2018 йилда журналист Жамол Хашоггини ўлдиришда ва бу билан инсониятга қарши жиноятга қўл уришда айблаб, Германия судига шикоят йўллади.

Германия бош прокурорига юборилган 500 саҳифалик шикоят арзига Хашогги қотиллигидан ташқари 30 дан ортиқ журналист ўзбошимчалик билан ҳибсга олингани тўғрисидаги даъволар киритилган.

Германия прокуратураси шикоят келиб тушгани, айни дамда қонуний ва далиллар нуқтаи назаридан кўриб чиқилаётганини билдирди.

The Washington Post газетаси колумнисти Жамол Хашогги 2018 йил октябрида Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консуллигида ўлдирилганди. Ҳодисадан сўнг Хашоггининг жасади бўлакларга бўлиниб, консуллик биносидан олиб чиқиб кетилган ва ҳалигача топилган эмас.

Хашогги Саудия Арабистони расмийлари, хусусан, шаҳзода Муҳаммад сиёсатини танқид қилиб келган. Жиноятда шаҳзода Муҳаммад қўли борлиги ҳақидаги гумонлар қотиллик ортидан дарҳол юзага келди. Шаҳзоданинг ўзи Хашогги ўлимига алоқадор эканини қатъиян рад этиб келади.

Германия қонунларига биноан мамлакат прокуратураси инсониятга қарши жиноятлар бўйича глобал миқёсда кучга эга ҳукм чиқаришга даъво қилиш имконини беради.

АҚШ махсус хизматлари Хашоггини ўлдиришни валиаҳд шаҳзода Муҳаммад буюртиргани эҳтимол эканини хулоса қилган.