Чиноздаги нефть базасида 5 минг тоннали ёқилғи цистернаси ёниб кетди

ФВВ ходимлари Чиноз туманидаги нефть базасида чиққан ёнғинни ўчирмоқда (fvv.uz фотоси).

Тошкент вилоятининг Чиноз туманида жойлашган “Пахта” нефть базасида 26 ноябрь куни 5 минг тонна сиғимли ёқилғи цистернаси ёниб кетган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.

ФВВ қайдича, ёнғинни бартараф этиш учун воқеа жойига Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 14 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб борган.

Маълумотларга кўра, ёнғин нефть базасида таъмирлаш ишлари ўтказилаётган пайтда чиққан.

Энергетика вазирлиги матбуот хизматига кўра, энергетика вазири Алишер Султонов ҳодиса кўлами ва уни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларни бевосита ўрганиш учун зудлик билан воқеа жойига етиб борган.

Айни пайтда ёнғин бартараф этилмоқда, “Пахта” нефть базаси фаолиятини нормал режимда ташкил этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ”, дейилган хабарномада.

Вазирлик вакиллари ёнғин келиб чиқиш сабаблари воқеани чуқур ўрганиш орқали аниқланишини қўшимча қилганлар.