Шавкат Мирзиёев Наманганга 7 та олийгоҳ ва деярли 1,5 мингта боғча қуришга ваъда берди

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 27 сентябрь куни Наманганда сайловчилар билан учрашар экан, вилоятда келгуси беш йилда 7 та олийгоҳ ташкил этилиб, жами олий ўқув юртлари сони 10 тага етказилишини ваъда қилди.

Президентга кўра, бу билан вилоят ёшларини Олий таълим билан қамраб олиш даражаси 50 фоизга етказилади.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Наманганда келгуси беш йилда 52 та давлат ва 1 минг 300 та оилавий боғча ташкил этилишини таъкидлади. Унга кўра, 58 та маҳаллада 116 та оилавий боғча ташкил этилади. Бунинг ҳисобига, мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 68 фоиздан 82 фоизга етказилади.

Мирзиёев вилоятда 37 та янги мактаб қурилиши ва 473 та мактаб реконструкция қилинишини билдирди.