ЮНИСЕФ: Камбағалларнинг 52 фоизига давлат ҳеч қандай ижтимоий ёрдам кўрсатмайди

Халқаро ташкилот ўз ҳисоботида ногирон болаларнинг 48 фоизи нафақа ололмаётгани ҳақида маълум қилган.

Ўзбекистонда 9 ёшгача бўлган болаларнинг тахминан 30 фоизи ва 10 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларнинг 24 фоизи энг камбағал оилаларда яшайди. ЮНИСЕФнинг “2019/2020: Ўзбекистондаги болалар вазиятининг таҳлили” ҳисоботида мана шундай ҳолат қайд этилди.

Ҳисоботда таъкидланишича, 2018 йилда Ўзбекистон аҳолисининг 11,4 фоизи миллий камбағаллик даражасида яшаган.

ЮНИСЕФ ҳисоботида Ўзбекистондаги камбағал оилаларнинг 52 фоизи ижтимоий ҳимоя тизимидан ҳеч қандай ёрдам олмаслиги таъкидланади.

Бундан ташқари болалар учун нафақа олувчилар сони ҳам йилдан йилга пасайиб бормоқда.

ЮНИСЕФ Ўзбекистонда 2 ёшгача бўлган болани парваришлаш учун нафақа олувчилар сони 2009 йилдан бошлаб 60 фоизга камайганига эътибор қаратади. Бундан ташқари 2 ёшдан 14 ёшгача болалари бор оилаларга тўланадиган нафақалар қисқариб бормоқда ва бугунги кунда бундай нафақа фақат болаларнинг 10 фоизига берилмоқда.

“Ҳозирги вақтда 0–17 ёшдаги болаларнинг фақат 17 фоизи бола учун бирор турдаги нафақа (болани парваришлаш учун нафақа, оилавий нафақа ёки болалар ногиронлиги бўйича нафақа) оладиган уй хўжаликларида яшайди”, – дейилади ҳисоботда.

Халқаро ташкилот ўз ҳисоботида ногирон болаларнинг 48 фоизи нафақа ололмаётгани ҳақида маълум қилган.

ЮНИСЕФ ўзининг аввалги ҳисоботида Ўзбекистонда “бола пули”га эҳтиёжи бор оилаларнинг 75 фоизи нафақа олмаслиги ҳақида билдирган эди.