Янги йилда долларнинг қиймати 11 300 сўмдан ошиши кутилмоқда

Ўзбекистондаги бир неча банк 11 ноябрь куни АҚШ доллари курсини оширгани хабар берилганди.

Ўзбекистонда 2022 йилда 1 АҚШ долларининг қиймати 11 300 сўмдан ортиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ҳисоб палатасининг янги йил бюджети лойиҳасига берилган ҳисоботида қайд этилди.

Ҳисоботда прогнозлар 1 АҚШ долларининг ўртача йиллик қиймати 11 321 сўм, 1 троя унция олтин нархи 1 700 доллар, кумуш нархи 25 доллар, миснинг 1 тоннаси 8 500 доллар, минг куб метр табиий газнинг экспорт нархи 100 доллар бўлиши кутилаётганидан келиб чиқиб шакллантирилгани таъкидланади.

Аввалроқ Ўзбекистондаги бир неча банк 11 ноябрь куни АҚШ доллари курсини оширгани хабар берилганди. Spot нашрининг ёзишича, банкларнинг аксариятида долларни сотиб олиш курси 10 минг 710 сўм, сотиш курси эса 10 минг 770 сўм қилиб белгиланган.

Бу доллар айирбошлаш курсида янги рекорд кўрсаткич бўлиб ҳисобланади. Аввалги рекорд шу йил 16 сентябрида қайд этилган бўлиб, ўшанда доллар курси 10 минг 760 сўмгача кўтарилган эди.