Ўзбек адибининг асари Қирғизистонда “Йил китоби” сифатида тан олинди

Бегижон Аҳмедов 12 асар муаллифи.

Қирғизистонлик ўзбек адиби Бегижон Аҳмедовнинг “Сайёҳ” (бошқа тилларда "Дербиш", "Странник", "Солик" ва бошқа номларда чоп этилган) қиссаси Ёзувчилар иттифоқи ва Чингиз Айтматов номидаги халқаро Иссиқкўл форуми томонидан “Йил китоби” деб топилди.

Қирғизистон тарихида биринчи марта ўзбек ижодкори томонидан ёзилган асар “Йил китоби” сифатида эътироф этилмоқда.

“Сайёҳ” китобининг тақдимоти 2019 йили Бельгия пойтахти Брюссел шаҳрида бўлиб ўтган эди. Ўшандан бери мазкур китоб “Дербиш” деган ном билан 8 тилга, жумладан, рус, қирғиз, турк, тожик тилларига таржима қилинган.

"Марқабой Ааматов таржима қилган Бегижон Аҳмедовнинг "Дербиш" қиссаси 2020 йилнинг энг яхши китоби деб топилди",-дейилади Қирғизистон Ёзувчилар миллий иттифоқи ва Чингиз Айтматов номидаги халқаро Иссиқкўл форуми қўшма қарорида.

Ҳозирга қадар Бегижон Аҳмедовнинг катта кўламдаги 12 китоби нашрдан чиқди. У “Руҳий бангилик” ҳужжатли фильмининг ва ва “Жалолиддин Румий” пьесасининг муаллифидир.

Бегижон Аҳмедов Халқаро Бобур жамғармаси, Қурвонжон Додҳо жамғармаси ва Қирғизистон Ёзувчилар миллий уюшмаси мукофотларининг совриндори.

Қирғизистон президенти фармони билан “Данк” (“Шуҳрат”) медали, Қирғиз Республикасининг Фахрий Ёрлиғи билан тақдирланган, Қирғизистон маданияти аълочиси унвонига эга.