Ўзбекистон Афғонистон орқали Покистонга биринчи юкни етказиб берди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистоннинг Асад Транс ва Покистоннинг Best Trans Pvt. Ltd транспорт ширкатлари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Афғонистон орқали Покистонга экспорт қилиш бўйича пилот лойиҳани амалга оширди. Pakistan observer нашрининг хабар беришича, бу борда Покистон савдо вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси қўшма баёнот тарқатди.

“11 май куни ўзбек давлат рақамига эга бўлган юк автомашинаси Афғонистон транзит маршрутини икки кунда босиб ўтиб Пешавордаги Тўрхам назорат ўтказиш пунктига етиб келди”,-дейилади баёнотда.

Мазкур юк автомашинаси Покистон тери фабрикаларига тери маҳсулотларини олиб борган. Бундан ташқари Ўзбекистондан Покистоннинг Лаҳор, Карачи, Таксила ва Файсалобод шаҳарларига кўмир, минерал ўғитлар ва текстиль маҳсулотлари экспорт қилинади. Йил охиригача юк ташувчи автомашиналар сони 50тага етказилади.

Best Trans Pvt. Ltd ширкати расмийси Рамиз Раббонийга кўра, Покистонга Ўзбекистондан биринчи юк ташувчи автомашинасининг кириб келиши тарихий воқеа бўлди. Чунки бундан аввал ҳам Ўзбекистондан Покистонга Афғонистон орқали юкларни тўғридан-тўғри етказиб бериш лойиҳалари ишлаб чиқилган, аммо амалга ошмай қолган эди.