Ўзбекистон президенти сайловини ЕХҲТнинг 250 вакили кузатади

Шавкат Мирзиёев сайловда овоз бермоқда.

Ўзбекистон президенти сайловини кузатиш учун ЕХҲТнинг 11 кишидан иборат асосий гуруҳи 14 сентябрда Тошкентга етиб келди. Кейинги ҳафтада яна 28 нафар узоқ муддатли кузатувчининг келиши кутилмоқда. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссиясида ўтказилган учрашув пайтида ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг Ўзбекистон президенти сайловини кузатиш миссияси раҳбари Оуэн Мерфи маълум қилди.

Унга кўра, Ўзбекистон ҳудудидаги барча сайлов округларида ўтадиган овоз бериш жараёнини жами 250 кузатувчи кузатади. Қисқа муддатли кузатувчилар сайловдан бир-икки кун олдин Ўзбекистонга келади.

Ўзбекистон марказий сайлов комиссияси президентликка номзод сифатида Либерал-демократик партиядан шавкат Мирзиёевни, “Адолат” партиясидан Баҳром Абдуҳалимовни, Экологик партиядан Нарзулла Обломуродовни, “Миллий тикланиш” партиясидан Алишер Қодировни, Халқ-демократик партиясидан Мақсуда Ворисовани рўйхатга олган.

Мазкур партияларнинг ҳаммаси иқтидордаги ҳукумат сиёсатини дастакловчи ташкилотлар ўлароқ кўрилади.

Мухолифатдаги партияларга эса бу сафар ҳам сайловда қатнашиш учун имкон берилмаган. Ўзбекистонда президент сайлови 24 октябрь куни бўлиб ўтиши кутилмоқда.