Ўзбекистон раҳбари Қозоғистон ва Туркманистон президентлари билан коронавирусга қарши кураш масалаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 18 март куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан телефон орқали мулоқот давомида жорий эпидемиологик вазият ҳамда ҳар икки мамлакатда коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш бўйича кўрилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар батафсил муҳокама қилинди.

Бу ҳақда хабар қилган давлат раҳбари расмий сайтига кўра, ушбу пандемияга қарши самарали курашиш ва эҳтимолий оқибатларни камайтириш мақсадида яқиндан ҳамкорликни давом эттириш ва ўзаро мувофиқлашган ҳаракатларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

"Президентлар қардош Ўзбекистон ва Қозоғистон халқларига тинчлик, фаровонлик ва равнақ тилаб, янги хавф-хатарларни тез фурсатда бартараф этиш йўлида биргаликда ҳаракат қилишга интилиши қатъий эканини тасдиқладилар" дейилган расмий хабарда.

18 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан ҳам телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Расмий хабарга кўра, мулоқот давомида Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилган. Коронавирус пандемиясига қарши самарали курашишни таъминлаш ва унинг икки томонлама алоқаларга салбий таъсирини олдини олиш мақсадида ҳукуматлар даражасида самарали ҳамкорлик қилиш муҳимлигига алоҳида эътибор қаратилган.