Ўзбекистон ҳар бир фуқарога бир дозадан коронавирусга қарши вакцина сотиб олмоқчи

Канада ҳар бир фуқаросига деярли 10 дозадан вакцина сотиб олмоқчи.

Ўзбекистон ҳар бир фуқароси учун Covid-19га қарши бир дозадан вакцинага буюртма берди. Бу ҳақда The Economist нашри маълум қилди.

Нашр CОVID-19 вакцинасини сотиб олишга буюртма берган давлатлар рўйхатини эълон қилган. Ўзбекистон мазкур рўйхатда Хиндистон, Бразилия, Лотин Америкаси давлатлари ва Индонезия билан бир қаторда жойлашган. Бу давлатларнинг барчаси ҳар бир фуқароси учун бир дозадан вакцинага буюртма берган.

Рўйхат бошидан жой олган Канада ҳар бир фуқаросига деярли 10 дозадан, Австралия ва Британия ўртача 6 дозадан, АҚШ ва Европа давлатлари 3 дозадан, Япония ва Непал 2 дозадан вакцинага буюртма берган.

Ўзбекистон Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг коронавирусга қарши вакциналаш халқаро механизмига қўшилган.

Айни пайтда Ўзбекистон Хитойда ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши вакцина синовининг учинчи босқичида иштирок этиб, уни беш минг кўнгиллида синаб кўришга тайёргарлик кўрмоқда.

Аввалроқ 2021 йилнинг июнига қадар Ўзбекистонда аҳолининг 60 фоизини коронавирусдан эмлашни режалаштирилаётани маълум қилинган эди.