Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъатининг билдиришича, фитр садақаси 2 кило буғдой, 4 кило арпа, 2 кило майиз ва 4 кило хурмо нисобида белгиланди. Фитр садақани ҳар ким ўз имкониятига қараб, мана шу маҳсулотларнинг бири нисобида тўлаши мумкин.
Фатво ҳайъати бу маҳсулотларнинг бозор нархини ўрганиб чиққан ҳолда, фитр садақанинг пул миқдорини қуйидагича белгилаган: 2 кило буғдой 10 000 сўм, 4 кило арпа 14 000 сўм, 2 кило майиз 80 000 сўм, 4 кило хурмо 140 000 сўм деб белгиланди.
Фидя миқдори эса бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати баробарида бўлиб, унинг ўртача қиймати 25 минг сўм, деб белгиланди. Бу йилги фидя миқдори бир кун учун 25 000 сўм, бир ойга 750 000 сўм бўлади.
Фитр садақаси қийматлари Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган бўлиб, ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.
Закотнинг тиллодан нисоби 85 грамм бўлиб, бугунги кунда 1 грамм тиллонинг ўртача нархи 320 000 сўм экани эътиборидан, бу йилги закот нисоби 27 миллион 200 минг сўм деб белгиланди.
Бир йил давомида шунча ва ундан ортиқ пулга эга бўлган мусулмон жами маблағининг қирқдан бирини закотга бериши шарт.