Ўзбекистонда 24 та туман ва шаҳар қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилади

Ўзбекистонда 24 та туман ва шаҳар қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилиб, уларда “кичик саноат зоналари” ташкил этилади. Бу ҳақда президентнинг 9 июнда қабул қилинган “Ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгилаб қўйилди.

Адлия вазирлиги ўз расмий хабарида фармонга қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослаштириладиган туманлар ва шаҳарлар рўйхатини келтирган.

Фармонга асосан, 2021 йил 1 июлдан қурилиш материалларни ишлаб чиқараётганларга Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан айланма маблағларни тўлдириш учун бериладиган банк кредитлари суммасининг 50 фоизигача, бироқ 15 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдорда кафолатлар компенсацияланади.

Бундан ташқари миллий валютадаги кредитлар бўйича Марказий банкнинг асосий ставкасидан ошадиган, бироқ 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда, чет эл валютасидаги кредитлар бўйича тижорат банклари томонидан белгиланган ставканинг 50 фоизи, бироқ 4 фоиз пунктидан кўп бўлмаган миқдорда, синов лабораторияси ускуналарини сотиб олиш ва халқаро сифат менежменти стандартларини жорий этиш харажатларини қоплаш учун компенсациялар берилади.