Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 700 нафарга яқинлашди

Янги касалланиш ҳолатларининг 175 таси Тошкент шаҳрида аниқланди.

Ўзбекистонда 5 июнь куни яна 286 кишида коронавирус аниқланди. Бу билан пандемия бошланган ўтган йилнинг март ойидан то шу кунгача коронавирус юққанлар сони 101722 кишига етди.

Янги касалланиш ҳолатларининг 175 таси Тошкент шаҳрида, 35 таси Тошкент вилоятида, 21 таси Самарқанд вилоятида аниқланди. Қолган вилоятларнинг ҳар бирида эса янги аниқланган беморлар сони 10 нафардан оз.

Касалликдан соғайганлар жами 97714 нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 96 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида 3312 нафар бемор даволанмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 4 июнда коронавирусдан яна бир нафар бемор вафот этганини билдирган. Бу билан коронавирусдан ўлганлар сони 696 кишига етди.