Ўзбекистонда олийгоҳларга кириш имтиҳонлари 5 августдан бошланади

Олий таълим муассасаларига кирмоқчи бўлган абитуриентлардан очиқ майдонларда тест олиш тажрибаси Ўзбекистонда ўтган йили қўлланилган

Олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари 5 августдан бошланиши ҳақида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 27 июль куни маълум қилди.

Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг 26 июлдаги 2-сон баёнига асосан, эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб тест синовлари очиқ стадион ва хиёбонларда ўтказилади.

Тест синовлари икки сменада уюштирилиб, биринчи смена соат 7дан, иккинчи смена соат 19дан бошланади.

Билдирилишича, “пандемия шароитида абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида тест топшириқлари сони мақбуллаштирилиб, кириш тест синовларига жами 3 соат вақт ажратиладиган бўлди”.

Олий таълим муассасаларига кирмоқчи бўлган абитуриентлардан очиқ майдонларда тест олиш тажрибаси Ўзбекистонда ўтган йили қўлланилган.

Бу йилги тест синовларида 1 миллион 600 минг чоғли абитуриент иштирок этиши кутиляпти.