Ўзбекистонда президентлик сайловини ўтказиш учун 300 миллиард сўм ажратилади

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатларга 300 миллиард сўм ажратилади. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси - МСКнинг 16 июнда ўтган йиғилишида маълум қилинди.

Жумладан, 14 та округ сайлов комиссиясининг ҳар бирига 56 миллион 991 минг сўмдан, шунингдек, қарийб 10 800 та участка сайлов комиссиясининг ҳар бирига 11 миллион 813 минг сўмдан маблағ ажратиш режалаштирилган.

Округ ва участка сайлов комиссиялари учун ажратилаётган ушбу маблағларнинг 80 фоиздан кўпроғи мазкур комиссиялар аъзоларининг иш ҳақи, компенсация ҳамда ягона ижтимоий тўловлар учун сарфланади.

Бундан ташқари сайлов жараёнидаги умумпартиявий тадбирлар ва сиёсий партия томонидан кўрсатилган номзодларнинг сайловолди ташвиқоти учун 15 миллиард 486 миллион сўм ажратилади. Таъкидланишича, бу маблағ бўлинганида ҳар бир номзодга 3 миллиард 97 миллион сўмдан тўғри келмоқда.