Ўзбекистонда яна икки вазир алмашади

Янги вазирлар (чапдан ўнгга) Шерзод Ҳидоятов ва Абдуқодир Тошқулов.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 14 январь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимига Абдуқодир Тошқулов ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири лавозимига Шерзод Ҳидоятов номзодини маъқуллади. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимига тасдиқланган Абдуқодир Тошқулов бунга қадар Термиз давлат университети ректори ҳамда Сенат аъзоси эди. Абдуқодир Тошқулов 2016 йил сўнгидаги сайловлар арафасида президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятидаги ишончли вакили бўлганди.

Абдуқодир Тошқулов 2017 йил июнидан вазир лавозимида фаолият кўрсатаётган Ином Мажидов ўрнини эгаллайди.

Бундан бир кун аввал Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Ўктам Саломов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган эди.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири лавозимига маъқулланган Шерзод Ҳидоятов ҳозирга қадар қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Номзодлар президентнинг тегишли фармонидан кейин ўз лавозимларига тайинланишади.