Ўтган йили ҳар уч ўзбекистонликдан бири “Тез ёрдам”га мурожаат қилган

2020 йилда "Тез ёрдамга" мурожаат қилганлар сони 2019 йилга нисбатан 1,5 миллионга кўп бўлди.

2020 йилда “Тез ёрдам”га мурожаат қилган ўзбекистонликлар сони 11,5 миллионга яқинлашди. 2019 йилда бу рақам 10 миллион кишини ташкил қилган эди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Ўтган йилида энг кўп чақириқлар Фарғона, Андижон, Тошкент, Наманган вилоятлари ва пойтахтдан келиб тушган. Бу вилоят ва шаҳарларнинг ҳар биридан камида 1 миллион одам”тез ёрдам” чақирган.

“2020 йилда мурожаатлар сони ошганлигини пандемия шароити билан боғлаш мумкин. Чунки карантин даврида COVID-19ни юқтириш хавфи туфайли уйдан чиқишни афзал кўрмаганларнинг аксарияти “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилишди”,-дейилади расмий билдирувда.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, Ўзбекистоннинг доимий аҳолиси сони 2021 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра 34,5 миллион кишини ташкил этмоқда.