23 февраль куни Ўзбекистон Республикаси ДХХ Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида Косон тумани халқ таълими бўлими мудири Соип Давидов ҳибсга олинди.
Бу ҳақда Озодликка Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти вакили Шукурулло Парпиев хабар қилди.
Маълум бўлишича, шу йилнинг 15 февралида фуқаро Шавкат Қўшматов Косон тумани ХТБ мудирига туман мактабларидан бирига директор бўлиш эвазига 200 АҚШ доллари миқдорида пора берган.
Халқ таълими бўлими мудири ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда ишни бажара олмагач, 200 АҚШ доллар миқдоридаги порани 23 февраль куни сўм эквивалентида фуқарога қайтариш чоғида ушланган.
Косон тумани прокуратурасига кўра, ХТБ мудирига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси (Пора олиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари бошланган, гумонланувчи эҳтиёт чораси сифатида гаров эвазига очиқда қолмоқда.
Озодлик радиоси 22 январда Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси ўқитувчилардан Ислом Каримов бюсти учун мажбуран пул йиғаётгани тўғрисида мақола эълон қилган эди.