Қирғизистон президенти Туркманистон ва Тожикистонга боради

Садир Жапаровнинг Тожикистонга сафари 2 май кунига режалаштирилган эди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 27-28 июнь кунлари расмий сафар билан Туркманистон пойтахти Ашхабодга боради. У ерда Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов билан икки томонлама ҳамкорлик, халқаро ва минтақавий долзарб муаммоларни муҳокама қилади.

Шундан сўнг, 28-29 июнь кунлари Жапаровнинг Тожикистонга сафар қилиши режалаштирилган. У ерда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан асосан чегара масаласи муҳокама қилиниши кутилмоқда.

28-30 апрель ва 1 май кунлари Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли можародан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескин совуқлашган эди.

Қирғизистон Тожикистонни агрессияда айблаган. Тожикистон эса чегарадаги низога қирғиз томони сабаб бўлганини билдирган. Можарода Қирғизистонда 36 киши, Тожикистонда 19 киши ҳалок бўлган.

Садир Жапаровнинг Тожикистонга сафари 2 май кунига режалаштирилган эди. Бироқ чегара жанжали ортидан бу сафар номаълум муддатга қолдирилганди.

Садир Жапаров 6 май куни матбуотга Тожикистон билан чегара масаласи ҳал этилмаганига қадар Душанбега бормаслигини билдирган эди. Қирғизистон ҳукумати ўз ҳудудидан Тожикистонга ўтувчи барча транзит йўлларни тўсиб қўйган.