Қирғизистонда президент ҳокимиятини кучайтириш бўйича референдум бўлиб ўтмоқда

Бишкекдаги сайлов участкасининг очилиши.

Бугун Қирғизистонда президент ҳокимиятини кучайтириб, парламентни заифлаштирадиган янги конституцияни тасдиқлаш бўйича референдум бўлиб ўтмоқда.

Бундан уч ой олдин Садир Жапаров президент этиб сайланган эди. Ҳокимият тепасига келишидан олдин Жапаров бир қатор бошқа сиёсатчилар билан биргаликда октябрда содир бўлган ғалаёнларда қамоқдан озод этилган. Жапаров одам ўғирлашда айбдор деб топилиб, 10 йиллик жазо муддатини ўтаётган эди.

Ноябрь бошларида Жапаров мавжуд сиёсий бошқарув тизими самара бермаганини айтиб, президент давлат ва ҳукумат бошлиғига айланадиган конституция лойиҳасини тақдим этди.

Январда президент сайловида у ғалабага эришди. Сайлов билан бирга ўтган референдумда қирғизистонликлар президент бошқаруви тизимини ҳам танлади.

Референдумга қўйилган янги конституцияга биноан, президент ваколатлари кенгайтирилади, иккинчи муддатга сайланишга доир чеклов олиб ташланади. Шунингдек, президент ҳузурида Халқ Қурултойи деб номланувчи янги «маслаҳат берувчи ва мувофиқлаштирувчи» кенгаш тузилади. Конституциявий Кенгаш ҳам ташкил этилиб, парламент депутатларининг сони 120 нафардан 90 нафарга қисқаради.

Жамоатчилик таклиф этилаётган ўзгартиришлардан мақсад президентга мутлақ ҳокимият беришдан иборат, деб Жапаровнинг бу ташаббусини қораламоқда.