Қирғизистоннинг айрим ҳудудларида фавқулодда ҳолат режими узайтирилди

Қирғизистон. Жалолобод вилоятидаги қишлоқлардан бирига кираверишда ўрнатилган тўсиқ. 2020, 4 апрель.

Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков мамлакатнинг айрим шаҳар ва қишлоқларида фавқулодда ҳолатни 30 апрелга қадар узайтириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Фармонга кўра, Бишкек ва Ўш шаҳарларида, Ўш вилоятининг Новқат ва Қорасув туманларида, Жалолобод шаҳрида ва Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманида коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида аввал жорий этилган фавқулодда ҳолат узайтирилади.

Фармон имзоланган пайтдан бошлаб кучга кирди ва тасдиқлаш учун Жўғўрқу Кенешга юборилди.

Ўш, Жалолобод ва Бишкек шаҳарларида, Сузоқ, Новқат ва Қорасув туманларида 25 мартдан 15 апрелга қадар фавқулодда ҳолат режими жорий қилинган эди. Фуқароларга соат 20:00 дан 07:00гача ҳаракатланиш тақиқланган, кундузлари эса дорихона, озиқ-овқат дўкони ва касалхонага бориш учунгина уйдан чиқишга рухсат берилган.

Қирғизистонда шу кунгача коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 430 та ҳолат қайд қилинган.