Қозоғистон президенти Марказий Осиёда гидроэнергетика консорциумини тузишни таклиф қилди

Қозоғистон президенти Қосим-Жоомарт Тоқаев.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 22 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлади. У ўз нутқи давомида Марказий Осиёда гидроэнергетика консорциумини тузишни таклиф қилди.

“Биз қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик жараёнида Марказий Осиёдаги сув захираларига, унинг сифатига алоқадор масалаларга алоҳида эътибор қаратамиз. Бошқа давлатлар бошқача манфаатларга эга эканига қарамай, Қозоғистон минтақада сув - гидроэнергетика консорциумини ташкил этишни таклиф қилади. Мазкур гидроэнергетика консорциуми орқали умумий мақсадларга етишмоқ учун муросага эришиш мумкин”,-деди Тоқаев.

Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов Тожикистонда “Роғун” ва Қирғизистонда “Қамбарота-1” гидроэнергетик иншоотлари қурилишига қарши туриб келган. Тошкентнинг бундай позициясига ўша пайтда Остона ҳам шерик бўлган эди.

Масалан, 2012 йилнинг декабрида Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Қримбек Кушербаев ўз мамлакати ва Ўзбекистон Қирғизистондаги Қамбарота ГЭСи бўйича муштарак қарашга эга эканини баён қилган, “бу лойиҳа БМТ конвенцияси ва халқаро экспертиза асосидагина амалга оширилиши мумкин”, деган эди.

Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров 2021 йилнинг 15 март куни Озодлик радиоси қирғиз хизматига берган интервьюсида Қирғизистонда “Қамбарота-1” ГЭСини Ўзбекистон билан ҳамкорликда қуриш тўғрисида келишув тузилгани тўғрисида баёнот берган.

Худди шундай баёнотни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги 16 мартда эълон қилганди.