Қозоғистонда илк бор қишлоқ ҳокимлари сайлови ўтказилмоқда

Сайловда икки минг номзод иштирок этмоқда.

Қозоғистонда 25 июль куни 730 та сайлов округида қишлоқ ҳокимлари сайлови ўтказилмоқда. Сайловда икки минг номзод иштирок этмоқда.

Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, қишлоқ ҳокимлари лавозимларига 1419 номзод ўзини ўзи кўрсатган, 878 киши сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган.

Сайлов арафасида президент Қосим-Жўмарт Тоқаев “Твиттер”даги саҳифасида: “Бу воқеа сиёсий модернизациянинг янги босқичга кўтарилгани белгисидир”, деб ёзди.

Қозоғистонда ҳокимларни сайлаш талабини фуқаролик жамияти талаб қилиб келаётган эди. Тоқаев 2020 йилда ҳокимларни халқ сайлайдиган принципга ўтилишини билдирган. 2021 йилнинг майида эса бу борадаги конунчиликка ўзгартириш киритилганди.