Қозоғистоннинг Тенгиз нефть конидаги ESS ширкати ходимлари иш ташлади

Тенгиздаги нефтчилар шаҳарчаси.

Қозоғистоннинг Атирау вилоятидаги Тенгиз нефть конидаги ESS ширкати ходимлари ойлик иш ҳақини ошириш талаби билан иш ташлади. Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, ESS ширкати “Тенгизшевройл” компаниясининг пудратчиси ҳисобланади.

“Тенгизшевройл” раҳбарияти иш ташлашдан хабардор эканини, лекин ишчиларнинг талабини ESS ширкати кўриб чиқиши лозимлигини билдирди.

ESS бош директори Майк Тейлор 213 нафар ходим ойлик иш ҳақини кўтариш талаби билан иш ташлаганини тасдиқлаган ҳолда, ширкат раҳбарияти айни пайтда ишчилар билан музокаралар олиб бораётганини таъкидлади.

19 июлда Қозоғистоннинг Манғистау вилоятидаги Жанаозен шаҳрида нефть қазиб олувчи бир неча ширкат ишчилари иш ташлагани хабар қилинган эди. Улар ҳам иш шароитлари яхшиланишларини ва маошлари оширилишини талаб қилмоқда.

Тенгиз Қозоғистондаги энг йирик нефть конларидан бири бўлиб, унинг захираси 3,2 миллард тоннани ташкил қилади.