Ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлганларни жиноий жавобгарликка тортиш режалаштирилмоқда

Ҳайвонга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлар бир йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганларга жиноий жавобгарлик белгиланиши режалаштирилмоқда. Бу борадаги қонун лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида Жиноят кодексини 202-прим модда билан тўлдириш таклиф қилинган.

Мазкур моддага асосан ҳайвонга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, уни қийнаш унинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача озодликни чеклаш ёки олти ойгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Бу қилмиш бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, Интернетдан фойдаланиб тарқатган ҳолда содир этилган бўлса ёҳуд икки ёки ундан ортиқ ҳайвонга нисбатан содир этилган бўлса, вояга етмаган шахс ҳозирлигида ёки Қизил китобга киритилган ҳайвонларга нисбатан содир этилган бўлса - базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.