Ўзбекистонда ҳар куни коронавирус инфекцияси юққанини аниқлаш бўйича 20 мингдан 30 минггача бўлган текширувлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда 28 октябрь куни АОКА ҳузуридаги штабда ташкил этилган брифингда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ботир Қурбонов маълум қилди.
Мулозимга кўра, республикада ташкил этилган 135 тадан ортиқ давлат муассасаси, қолаверса, 20 дан ортиқ хусусий тиббиёт муассасаси томонидан ПЗР, ИФА, ИХЛА усулларида коронавирус инфекциясига қарши текшириш тадбирлари амалга ошириб келиняпти.
“27 октябрда кун давомида Ўзбекистонда 23 минг 659 та ПЗР усулида текширувлар амалга оширилди. Яъни ҳар куни ўртача 20 мингдан 30 минггача бўлган текширувлар амалга оширилмоқда”, деди Б. Қурбонов.
Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси, 28 октябрь соат 09:00 ҳолатига кўра, мамлакатда жами 4 миллион 125 минг 938 та ПЗР тести ўтказилганини қайд этган.