Ҳар чоракда маҳаллалар мусобақаларда ўзаро беллашади, ғолибларга пул мукофоти берилади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги зиммасига ҳар чоракда ҳар бир туман (шаҳар)да “Соғлом турмуш тарзи ривожланган маҳалла” танловини ташкил этиш вазифаси юклатилди. Мазкур топшириқ мамлакат президенти томонидан шу йил 30 октябрида имзоланган ва 3 ноябрь куни расмий матбуотда ёйинланган “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида акс этган.

Ҳужжатда танловда биринчи ўринни эгаллаган маҳалла 10 миллион сўм, иккинчи ўринни эгаллаган маҳалла 5 миллион сўм, учинчи ўринни эгаллаган маҳалла эса 3 миллион сўм миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилиши айтилган. Ғолибларга мукофот пули “Маҳалла” хайрия жамоат фонди маблағлари ҳисобидан берилиши кўзда тутилган.

Фармонда пул мукофоти маблағлари маҳалла фуқаролар йиғинларининг тижорат банкида очилган ҳисобрақамига ўтказилиши ҳамда маҳаллада спорт майдончаларини ташкил этиш ва уларни жиҳозлаш, спорт тадбирларини ўтказиш мақсадларига истисно тариқасида тендер савдоларисиз йўналтирилиши қайд этилган.

Танловни ўтказиш тартиби ва баҳолаш мезонларини ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун бир ой муддат берилган.

“Бунда, маҳалла аҳолиси доимий равишда жисмоний тарбия машғулотларига жалб этилиши, соғлом овқатланиш ва соғлом турмуш тарзига риоя этилиши, маҳаллада зарур спорт инфратузилмаси мавжудлиги, ўтказилган мусобақалар сони, маҳалла аҳолисининг касалланиш даражаси пасайиб бориши кўрсаткичлари назарда тутилсин”, дейилади президент фармонида.