Олий Мажлис Сенати 16 август куни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қайтариб юборди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати маълум қилди.
Парламент юқори палатасининг муҳокамасига қўйилган мазкур қонун лойиҳасида йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини хизмат пайтида “обрўсизлантириш” мақсадида фото ва видеога олишни таъқиқлаш ва бундай ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга нисбатан қонуний таъқиб акс этганди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган мазкур қонун лойиҳаси ташаббускори Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бўлиб, қонун кучга кирса, ИИО ёки бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини хизмат пайтида сурат ёки видеога олган кишиларни 15 суткагача қамоқ билан жазолаш учун ҳуқуқий асос пайдо бўлар эди.
Исмини очиқламаслик шарти билан Озодликка гапирган Сенат аъзосига кўра, эндиликда Қонунчилик палатаси билан келишув комиссияси тузилади ва қонун қабул қилинади.
“Мазкур қонун конституция нормаларига зид деган муҳокамалар бўлди ҳамкасбларимиз орасида. Аммо, шунга қарамай, бу қонун қабул қилинса керак”, деди сенатор.
Ҳуқуқ-тартиботчиларни хизмат пайтида фото ва видеога олишни таъқиқлашга оид қонун лойиҳаси аввалроқ ижтимоий тармоқларда қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди.