Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:12

Пахта - 2010 ҳангомалари


Жиззахда милиция ходимлари келин-куёвнинг тўйга келган дўстларини пахта даласига ҳайдаб 10 килодан пахта теришга мажбурлади. Наманган масжидларида имомлар ҳар намозда пахтани дуо қилаяпти.Сурхондарёда кунлик пахта нормасини бажармаган талабалар қамчиланмоқда. Бу йилги пахта мавсуми ҳангомаларга бой бўлди.


Тўйдан олдин 10 кило пахта тер!

Жиззахда никоҳ куни дўстлари билан машинада шаҳар айланишга чиққан келин–куёвлардан бири милиция ходимлари томонидан тўхтатилди ва келин-куёвнинг дўстлари 10 килодан пахта теришга мажбур қилинди. Бу ҳақда Озодликка жиззахлик Зиёддуло Раззоқов маълум қилди.

- Мана яқинда келин-куëвлар шаҳарда ЗАГСдан ўтиб, айланишга борганда уларни милиция ходимлари тўхтатган. Бизнинг қўшниларимиздан битта-иккитаси келинга дугона бўлиб борган эди. Ўша пайтда фақат келин билан куëвга жавоб бераяптида, ëнида борганларнинг барчасини далага чиқариб, “10 килодан пахта териб берасан” деб мажбурлаб, пахта даласига олиб бориб пахта тердиртиради. Ички ишлар ходимлари томонидан. Уларнинг ҳаммаси тўй кийимда, тоза кийимда бўлган. Кийимнинг қандай эканига эътибор бермасдан тўғридан тўғри пахта даласига олиб бориб пахта тердирган ички ишлар томонидан, дейди Зиёдулло Раззоқов.

Uznews.net мустақил ахборот хизмати сайтида эълон қилинган “Уйланишни истайсанми - 10 кило пахта тер” номли мақолада айтилишича, эндиликда Жиззах вилоят хокимлиги қарорига кўра тўй куни ёки ундан аввал келин куёвлар ва уларнинг ҳар икки томондан меҳмонлари 10 килограммдан пахта териб топширишлари шарт.

Жиззах вилоят хокимлиги ходимлари бундай қарор мавжудлигини инкор қилишди. Жиззахлик милиция ходимлари ҳам келин-куёвнинг дўстларини 10 килодан пахта теришга мажбурлаш ҳолати бўлганини рад этишди.


Наманганлик имомлар масжидларда пахтани дуо қилишмоқда

Пахта мавсуми бошланибдики Наманган масжидларида имомлар ҳар намоз сўнггида пахтани дуо қилишни одат қилишмоқда. Бу ҳақда Озодликка наманганлик Муҳиддин ака хабар қилди.

- Масжидларда ҳам пешин пайтида ҳам пахтага дуо қиламиз, жума куни ҳам пахтани дуо қиламиз, бозорлар ҳам тақатақ тўхтаган. Бу кетишда пахтага чиқилмаса, одам қамалиб кетиши керак деб ўйлайманда. Одамларга жуда қийин бўлиб қолди.

Озодлик: “Масжидда пахтани дуо қиламиз” дедингиз. Ўша жойига тушунмадим.

- Масжидга кирганда фақат пахта тўғрисида гап бўлади. Имомлар пахта тўғрисида гапиришади. Имомлар пешин пайти кирсам ҳам пахта тўғрисида дуо қилади. Қайси масжидга кирсангиз, жума кунлари албатта пахта тўғрисида гапирилади. Обезятелно пахтага дуо қилиб беринглар дейилади. “Нимага?” деб сўрасак, “Чунки мана шундан бизнинг молларимизга кунжара бўлади. Шунинг учун бизга фойдаси бор. Ëғи бўлади, чигити бўлади. Пахта бизнинг кийимимиз. Одамлар туғилганда пахта билан туғилади, ўлганда ҳам кафани пахтадан” деб дуо қилинади. Кўчага чиқсам, ҳамма ëқда пахта кампанияси. Янаги йили бу кетишда пахтага чиқмаганларни қамайдими дейманда¸ дейди наманганлик Муҳиддин ака.

Наманганлик имомлардан бири билан микрофонга гапирмаслик шарти билан бўлган суҳбатдан маълум бўлишича, имомларга пахтани дуо қилиш ҳақида ҳеч қандай кўрсатма берилмаган. Унга кўра, имомлар деҳқончилик тўкин-сочин бўлиши ҳақида тўрт мавсумда ҳам доимий дуо қиладилар.


Сурхондарёлик пахтакор ментлар

Икки йилдирки, сурхондарёлик милиция ходимлари пахта мавсумида дубинкани этакка алмаштириб, пахта хирмонига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида яшовчи Акбар ака бу ҳолатдан лол қолганини айтади

- Сўрайдиган одам йўқми бундай? Ҳаммани пахтага босаяпти. Сурхондарëда мана қаерда ишлайдиган бўлса, милицияни ҳам мана Жиззахга пахтага юбораяпти. Сурхондарëдан 4500 милицияни Жиззахга юбораяпти.

Озодлик: Милиция ходимларини ҳам пахтага олиб чиқишаяптими?

- Ҳа. Ўтган йил 4500 кетди. Бу йил ҳам шундай. Бу нима деган гап?

Озодлик: Милицияларни ҳар йил пахтага чиқарадими Сурхондарëда?

- Ўтган йил чиқарди 4500 милиционерни.

Озодлик: Уларга ҳам норма беришадими?

- Биринчи терим учун 40 килодан.

Озодлик: Нормани бажармаган милиция ходими қандай жазо кўради?

- Терса керакда. Норма 40 килодан бошидан бошлаб. Мана мактаб болаларини чиқараяпти, ишчиларни чиқараяпти. Нима деган гап бу? Балки шу докторларни ҳам чиқарса керак. Буни ҳеч сўрайдиган одам йўқми¸ дейди сурхондарëлик Акбар ака.

Озодлик пахтакор ментлар борасида Сурхондарё вилоят ички ишлар бошқармасидан бирор бир маълумот олишга муваффақ бўлмади.


“Насаф” футболчилари пахтазорда тўп "тепишмоқда"

Бир неча кундирки, Қаршидаги “Насаф” футбол гуруҳининг ўйинчилари тўпни пахтазорда “тепишмоқда” Пахтакорга айланган футболчилар ҳақида Озодликка қаршилик Гулшан Қораева маълум қилди.

- Ҳозир жуда даъват кучли пахтага. "Насаф"чилар ҳам далага чиқиб кетган. "Насаф" футбол командаси. Бу ҳақда Қашқадарë газетасида ҳам ëзиб чиқарган. Пахтага чиққан эканда футболчилар. Ҳамма пахтада ҳозир. Асосан биринчи ўринда тиббиëт ходимлари кетган ўқитувчилар билан бирга. Ҳарбийлар чиқиб кетган, солдатлар чиқиб кетган. Ким давлат тасарруфида бўлса, ўшалар пахтада, дейди Гулшан Қораева.


Олдин пахта тер, кейин машина ҳайда

Жиззахда эрталабдан марказий автомобил йўлларида йўл ҳаракати қатновлари тўхтатилиб, йўлдан ўтаётган машиналарнинг ҳайдовчилари пахта теришга мажбур қилинмоқда. Бу ҳақда Озодликка маълум қилган жиззахлик Маъмуржон Азимовга кўра, Жиззахда пахта компаниясига жуда жиддий тус берилаяпти.

- Ҳамма савдо точкалари ëпиб ташланган. Йўл ҳаракати техникаларининг ҳаммаси тўхтатилган. Кўчалар ëпиб ташланган ДАН ходимлари томонидан. Ички ишлар ходимлари машиналар билан йўлларни ëпиб ташлаган. Бирорта ҳаракатни йўлга қўйишмаяпти. Бозорлар ҳам ëпиб ташланган. Мактаб болаларнинг 7-синфдан юқорисининг ҳаммаси пахтага чиқарилган. Эрталаб техникаларнинг ҳеч биттасини юрғизмайди. Йўлларда шофëрларни тўхтатиб олиб пахта тердираяпти. Тўхтатиб “5-10 кило пахта териб берасан” деган нима бўлаяпти. Мардикор бозорига бориб, мардикорларни босиб олиб кетаяпти маршруткалар билан, дейди Маъмуржон Азимов.


Қамчи, қулоқ чўзиш, тепки ва ўқишдан ҳайдаш...

Сурхондарёда пахта териш нормасини бажармаган талабалар коллеж ўқитувчилари томонидан қамчиланмоқда.
Бу ҳақда Озодликка маълум қилган деновлик Абдулло Азимовга кўра, Денов тумани иқтисодиёт коллежи талабалари пахта меъёрини бажара олмаса, ўқитувчилари томонидан қамчиланаяпти.

- Пахта масаласи бўйича янги одат чиқибди. Коллеж ўқувчиларининг ҳар бирига норма берилган. Бошида 60 кило эди, ҳозирги пайтда 40 кило бўлган. Агар нормани бажармаса, кечқурун қамчилаб урар экан ўқитувчилар. Пахта ҳам қолмаган. Ҳозир коллеж ўқувчилари Мизробот, Шеробод туманларига пахта тергани кетган, - деди Абдулла Азимов.

Хоразм вилоятида эса пахта нормасини бажармаган ўқувчиларнинг қулоғидан чўзиш билан жазоланади.
Гурлан туманида яшовчи 12 ёшли Жамшидбек 25 кило нормани бажармагани учун ўқитувчиси қулоғидан чўзганини ва кейин уйга қочиб келганини айтади.

- 5-синфда ўқийман. Қулоғимни чўзаверади пахтада. Устозим чўзди. Пахта терасан деб чўзди. Кунига 25 кило. Пахта йўқ ерга олиб боради, ҳар кун битта жойга олиб боради. Қулоғимдан чўзавергани учун қочиб келдим, дейди Жамшидбек.

Сурхондарёлик фермерлар жазоси эса тепки бўлаяпти. Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманидаги "Кунчиқиш" фермерлар уюшмасининг пахта режасини бажаролмаётган фермерлари деярли ҳар куни туман прокурори Дилшод Файзиевдан калтак емоқда.
XS
SM
MD
LG