Линклар

Шошилинч хабар
07 апрел 2020, Тошкент вақти: 19:55

Блогистон

сешанба 7 апрел 2020

Календарь
апрел 2020
дш сш чш пш ж ш якш
30 31 1 2 3 4 5
6 7 8 9 10 11 12
13 14 15 16 17 18 19
20 21 22 23 24 25 26
27 28 29 30 1 2 3

OzodTarmoq: Биз бўлмасак, ким?..

Умидсизлик вазиятига туширилганлар йўлларни тўсдилар, покришкаларга ва маҳаллий бошлиқларга ўт қўйдилар.

OzodTarmoq рукнида берилаётган материалларда воқеа-ҳодисаларга берилаётган баҳолар мутлақо муаллифлар позициясидир. Муаллифлар позицияси Озодлик позициясига мос келмаслиги мумкин.

OzodTarmoqнинг бугунги сонида блогер ва журналист Сергей Ежковнинг uzmetronom.com сайтида 31 декабрда эълон қилган блоги таржимасини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Матн ўзгартиришларсиз ва таҳрирсиз таржима қилинган.

***

Бир неча соатлардан сўнг янги 2020 йил кириб келади. Ўтаётган йил нимаси билан эсда қолди? Аҳолидан ноқонуний йўл билан кўчмас мулкни тортиб олиш, нарх-навонинг, тарифларнинг, яширин иқтисодиётнинг, давлат қарзининг, ишлаб топилган пулни қадрсизлантирган инфляциянинг ўсиши билан. Ишлаб чиқариш ҳалигача ташқи бозорда барқарор талабга эга бўлган маҳсулотни ишлаб чиқаришга қодир эмас. Швейцарияга олтин сотаяпмиз. Ислоҳотлар қийинчилик билан амалга оширилаяпти, лекин ҳеч ким осон бўлади деб ваъда ҳам бермаган эди.

Мана шу фонда сайланганлар, қаердан олинганини тушунтириб бермаган ҳолда, ўзларининг фантастик даражадаги бойликларини намойиш қилишди, депутатлик даҳлсизлигига эга бўлган юқори лавозимли нуфузлилар ўзларига ҳалақит берган одамлар билан қандай муносабатда бўлишлари ҳақида очиқ-ошкора гапиришди. Яқиндагина ватандан хавфсиз даражада узоқроқ масофада яшовчи “маслокрадлар” ва “мажорлар” яширинишдан қўрқмай қолдилар.

Трендда – олимлар ва файласуфлар эмас, балки саёҳатчи араб шайхлари ва бой гражданларнинг автомобилларини тестдан ўтказаётган олифта болакайлар. Тўқсонинчи йилларнинг ренессанси. Муқаррар, аммо асабийлаштирувчи жараён.

Буни одамлар кўраяптими? Кўришаяпти, кўр эмаслар. Аммо мамлакатда бўлаётган жараёнларни виртуал майдонда ёки ошхонада, аввал эҳтиёткорлик юзасидан форточкани ёпиб олиб кейин аёвсиз муҳокама қилишни маъқул кўрмоқдалар. Бу хавфсизроқ ва одат.

Бироқ ҳамма ҳам эмас. Умидсизлик вазиятига туширилганлар йўлларни тўсдилар, покришкаларга ва маҳаллий бошлиқларга ўт қўйдилар. Аммо ҳукумат, бу жуда муҳим, норозиларни автоматдан отиб ўлдирмади, балки улар билан музокаралар олиб борди ҳамда норозилик сабабларини бартараф этишга уринди. Ва бу халқ ҳамда халқ мамлакатни бошқаришни ишониб топшириб қўйганлар ўртасида мутлоқ бошқача принципларга асосланган, цивилизациялашган муносабатлар шаклланаётганининг белгисидир.

Ўтаётган йилнинг асосий ютуғи шундаки, Ўзбекистон “қўрқитилмаган телбалар” юрти ва Марказий Осиё томорқасидаги эски балчиқ бўлишдан тўхтади. Ўзбекистон халқи ҳам ўзгарди. Бир озгина бўлса-да, ўзгарди. Парламент сайловига келмаган сайловчиларнинг учдан бир қисми ва ҳокимиятнинг ваколатли қуйи органлари жамиятдаги кайфиятнинг жиддий кўрсаткичидир. Журатъсизлик, кўпинча дудуқланиб бўлса ҳамки, халқ эндиликда ҳокимият манбаси сифатида ўзига ва ўз манфаатларига ҳурмат талаб қилмоқда. Журъатсизликдан тез вақт ичида қутилиб бўлмайди.

Ҳокимият эса бу талабларга тезкор ва адекват равишда муносабат билдиришга мажбур. Ҳозирча камроқ, айрим ҳолатларгагина бўлса ҳам муносабат билдирилаяпти. Ҳар ҳолда мулоқот ўрнатилаяпти. Бу ютуқми? Албатта. Таъкидламоқчиманки, бизнинг ютуғимиз ҳокимият эмас. Ҳокимият бизнинг эркинлик ҳуқуқимизни эълон қилган ва биз бу ҳуқуқдан сўзсиз фойдаланишимиз шарт. Бу ҳуқуқдан максимал даражада фойдаланишимиз лозим, агар муносиб яшашни истасак.

Кириб келаётган Янги йил билан, ватандошлар! Сизга ва оилангизга фаровонлик ҳамда сиҳат-саломатлик! Мамлакатимизга фаровонлик! Ҳаммаси яхши бўлади. Қийинчиликларни енгиб ўтамиз.

Ботир Норбоев

Марҳум Ботир оға Норбоев билан 1989 йили Урганчда яқиндан танишгандим. Барча хиваликларга хос юзи кулиб турган¸ тили тотли ва қалби очиқ инсон сифатида эсимда қолган эди.

Мартнинг охири, апрель бошлари эди. Устахонам олдига укам Қудрат билан бирга сувит (тол) эккандик. Тўнка устидан ниҳол ўсиб тургани акс этган илк сиëсий плакатни трафарет усули билан "чоп " қилган эдик.

Тўнка устидан унган ниҳол назаримда советлар кесиб ташлаган мустақиллик учун кураш ҳаракатининг қайтадан бошлангани тимсоли эди.

Совет раҳбари Михаил Горбачев эълон қилган ошкоралик ва қайта қуриш сиëсати бир вақтлар ўчиб қолган гулханлар чўғига кўрикдан (босқон) ҳаво пуфлаган каби бўлди.

Тошкентда Ўзбекистон мустақиллиги учун норасмий "Бирлик" ҳаракати тузилди. Ботир ака шу ҳаракатниг Хоразмдаги ташкилотини тузиш учун махсус миссия билан келди.

У кишини рассом дўстим Давронбек Йўлдошев билан кутиб олдик.

Ўша пайтда Хоразм вилояти раҳбарияти ичида СССРга қарши бўлган бир мулозим бор эди. Қудрат ва сарват эгаси бўлган ўша киши ярим яширин тарзда мухолифатнинг вилоятдаги илк мажлисини ташкил қилиб берди.

Мажлис Урганч темир йўл вокзалининг ресторанида ўтказилди. Ўша куни ресторан расман ëпилди. Биз таъсис қурултойи қатнашчилари орқа эшикдан кириб бордик.

40 тача мен таниган ва танимаган одамларни кўрдим ўшанда. Мафия ҳақидаги ҳолливуд фильмларидаги яширин мажлисларни эслатарди бу йиғноқ.

Вилоятдаги қудратли амалдорлар билан биргаликда "цеховик" дея аталган яширин совет миллионерлар вакили - совет армияси генералларига шерозий қоракўл мўйнадан бош кийим тикадиган дойини ҳам ўша яширин йиғилишда кўрдим.

Кардиолог врач ва муҳандислар ҳам бор эди. Мажлисни ўша вилоят раҳбарияти (Оближрокўм)да ишлайдиган киши очиб берди.

У гапни қисқа қилиб¸ сўзни Тошкентдан келган ëшуллига берди. Бу ëшуллининг оти Ботир Норбоев эди.

Ботир ака¸ илк сўзиданоқ "Совет Иттифоқининг умри саноқли қолгани ва Болтиқбўйи республиклари каби биз ҳам ундан тезроқ ажралиб чиқсак ютуқда" қолишимизни тушунтирди.

Қўлида тутган профессорча чарм портфели ичидан ротопринтда кўпайтирилган ўнтача "Бирлик" уставини чиқариб столга қўйди.

Низом қўлма-қўл тарқалди ва ҳаммага етмади. Ўша пайтда вилоятда менимча биттагина ротопринт (ксерокснинг "бобоси") бор эди.

Мажлис мезбони бўлган ҳокимият мулозими шўпирини чақириб "Бирлик" низомидан яна кўпайтириб келишга топшириқ берди.

Мажлис охирига қадар барчанинг қўлида "яширин адабиëт" бор эди.

Мажлисда сўз олган яна бир "улли ëшулли" мавжуд вазиятда давлатдаги катта амални эгаллагани боис очиқ ошкора мухолифат аъзоси бўла олмаслигини тушунтирди.

Шу тариқа "Бирлик"нинг Хоразмдаги ташкилоти икки таркибий қисмдан иборат бўлишига келишилди.

Қўллаб-қувватловчи яширин гуруҳ. Иккинчиси эса, авангард, яъни очиқ группа.

Ташкилий масала кўрилди. Ботир Норбоев бу масалада ягона номзод "тепадан ҳал бўлганини" айтди.

Бирлик ҳаракати марказий кенгаши мени Хоразм вилояти бўйича ташкилотчи қилиб илк мажлисидаëқ тайинлаган эди.

Урганчдаги мажлис ахли ким экан бу номзод дея ошиғич қизиқиш билан атрофга қарашди.

"Орамизда ўтирган рассом Шуҳрат Бобожонни "Бирлик"нинг вилоятдаги раҳбари этиб сайлашни" овозга қўяман" деди раҳматли Ботир ака ўзига хос бўлган кулимсираш билан.

Кўпчилик менга ажабланиш билан қаради.

Соқол қўйган ва жулдурвоқи кийинган ва ҳали 30га ҳам кирмаган бола (яъни мен)дан лидер чиқишига очиқ шубҳа билдиришди.

Мажлисдаги "улли ëшулли" ëнидаги одамдан менинг кимлигимни сўраб олиб юзига табассум югурди.

"Сен Ражаббой аканинг ўғли экансан. Туфалам¸ туфалам. Қани, тур ўрнингдан ўғлим биз адашганларга йўл кўрсат" деганида ҳамма кулиб юборди.

Нима гапиришимни билмай Литвадаги рассом дўстимдан келган кичик мактубни ўқиб бердим.

Мактубда улкан қоронғиликни биттагина чақилган гугурт шуъласи ëрита олиши ëзилган эди.....

Шу гапларга ҳам 30 йил бўлибди. Устахонам олдига 30 йил илгари экканим толлар ўсиб улғайиб бутун бинони қоплайдиган дарахт бўлган эди (Агар кесишмаган бўлишса)

Бу 30 йил ичида Ботир ака билан ора-сира телефонлашиб турдик. У киши билан тилим¸ дилим¸ лаҳжам ва сиëсий қарашларим бир эди. Эски бирликчилар эдик биз.

Шу юрт мустақил бўлганидан кейин унга сиғмаган сургундошлар эдик.

Профессор¸ олим¸ ойдин ва сиëсат дарғаси Ботир оғанинг оламдан ўтганинини якшанба куни Прагада эшитдим. Мен учун феълан сургун давом этаëтган кунларнинг бирида.

Кеча яқинларимдан кимдир ўлгани ҳақида ëмон туш кўргандим. Кўнглим ғаш бўлиб уйғонган эдим...

Бугун 24 февраль¸ баҳор келишига 4 кун қолди.

Ботир оғага 2019 кўкламини кўриш¸ Хиванинг у севган эрта пишар оқ тутидан тотиш насиб этмади.

Мамлакатини севган ва бу эл эрки учун курашган оғадан айрилган эдим.

1958 йил баҳорида Прагада мен севган шоир Нозим Ҳикмат ўзининг "Мамлакатим" шеърини ëзган эди.

Мамлакатим¸ мамлакатим... Сен энди фақат сочларимнинг оқида¸ юрагимдаги инфарктларда¸ пешонамдаги чизиқлардагина қолдинг.

Мамлакатим, мамлакатим....

Шуҳрат Бобожон. 2019 йил, 24 февраль, Прага.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG