Линклар

logo-print

АҚШ Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволига кўз юмиш ниятидан йироқ

  • Ҳурмат Бобожон

Кузатувчилар¸ ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолини тақдирлаш орқали АҚШ янги маъмурияти Каримов ҳукуматига ўзига хос мужда йўллаëтганини айтмоқдалар.

Кузатувчилар¸ ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолини тақдирлаш орқали АҚШ янги маъмурияти Каримов ҳукуматига ўзига хос мужда йўллаëтганини айтмоқдалар.

Мўътабар Тожибоеванинг АҚШ ҳукумати томонидан тақдирланиши¸ унинг сафдошлари дилига Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига кўпроқ халқаро эътибор қаратилиши умидини солмоқда.

Ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоева Америка ҳукуматининг “Жасоратли аёл” мукофоти билан тақдирланди.

Мукофот Тожибоева ва бошқа етти совриндорга чоршанба кечқурун АҚШ Давлат департаментида бўлиб ўтган мукофотларни топшириш маросимида Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва Америка президенти Барак Обаманинг рафиқаси Мишел Обама қатнашди.

- Мукофотимизнинг навбатдаги соҳиби Ўзбекистондан. Мўътабар Тожибоева Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлигини тарғиб қилиш ва ҳокимият идораларининг масъулиятини таъминлашда кўрсатган жасорати, эътиқоди ва саботи ҳамда ўз ҳаётини хавф остига қўйган ҳолда адолат йўлида курашгани учун бу мукофотга лойиқ топилди.

Мўътабар қамоқда анча вақт ўтказганига қарамасдан, юзидан табассум тушмаганини кўришимиз мумкин ва мен унинг жасорати ва иродасини олқишлайман, деди Мўътабар опани маросим иштирокчиларига таништирган Клинтон хоним.

"Жасоратли аёл" халқаро мукофоти АҚШ Давлат департаменти томонидан таъсис этилган бўлиб, ҳар йили Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари ва демократия қадриятларини ҳимоя қилишда ҳамда ижтимоий адолат ва қонун устуворлиги учун курашда етакчилик қилган аёлларга топширилади.

Маросим очилишида нутқ сўзлаган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон инсон ҳуқуқлари ҳар доим АҚШ ташқи сиёсати марказида бўлади, деб айтди.

Таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоеванинг Америка ҳукумати мукофоти билан тақдирланиши ва бу мукофотнинг шахсан Америка президенти рафиқаси Мишел Обама ҳамда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон томонидан топширилиши Вашингтоннинг Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволига жидддийроқ эътибор қаратишига умид уйғотмоқда.

Шундай умидворлардан бири Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти вакили Игор Воронцовдир.

- Тожибоеванинг юксак мукофот билан тақдирланиши унинг фуқаролик позицияси, жасоратининг эътироф этилишини англатади. АҚШ маъмурияти ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолини қадрлаётган экан, Вашингтон Ўзбекистонга нисбатан ташқи сиёсатини қайта кўриб чиқади ва у ердаги инсон ҳуқуқлари аҳволига янада кўпроқ эътибор қаратади, деб умид қиляпмиз, дейди Воронцов.

Мўътабар Тожибоева 2005 йил 13 май кунги Андижон воқеаларини қоралаб чиққан ва мустақил текширув ўтказиш ҳақдаги чақириқларга қўшилган эди. Орадан кўп ўтмай, Тожибоева ҳибсга олинган ва Ўзбекистон маҳкамаси уни таъмагирлик ва қатор иқтисодий жиноятларда айбдор деб топиб¸ 8 йилга озодликдан маҳрум этилган эди.

Қамоқхонада соғлиги ўта ёмонлашган Тожибоева¸ халқаро жамоатчилик босими остида 2008 йилнинг июнида озодликка чиқарилган ва бу Европа Иттифоқи расмийлари тарафидан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги яхшиланиш сифатида эътироф этилган эди.

Аммо Ҳюман Райтс Уотч вакили Игор Воронцов фикрича, Тожибоеванинг озод этилгани Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланаётгани белгиси эмас.

- Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида яхшиланишни кузатмаяпмиз. Мўътабар Тожибоеванинг озодликда экани бу яхши¸ албатта, лекин мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари борасидаги умумий вазият ўзгармаëтир, дейди Воронцов.

Ўзбекистонлик ёзувчи ва собиқ сиёсий маҳбус Сафар Бекжон ҳам шу фикрда.

- Ўзбекистонда битта одамнинг қамоқдан чиқарилишига катта воқеа сифатида қаралади. Аслида эса бир одамнинг чиқарилиши ва унинг ўрнига тўрттасининг қамалиши ўртасида фарқ йўқ¸ дейди Сафар Бекжон.

Бу бир йил ичида Ўзбекистондаги норасмий "Ўтюраклар" клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева хонимга берилаётган учинчи халқаро мукофотдир.

Ўтган йилнинг ноябр ойида Тожибоева нуфузли Мартин Энналс, декабр ойида эса Франция Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича "Озодлик, тенглик, биродарлик" мукофоти билан тақдирланганди.

Мартин Энналс жамғармаси раиси Ҳанс Тулен¸ Тожибоеванинг янги мукофот билан тақдирланиши унинг бундан буёнги курашининг халқаро жамоатчилик назарида қолишига хизмат қилади¸ деган ишончда.

- Тожибоеванинг яна бир мукофот олганини эшитиб жуда хурсанд бўлдик. Ўйлайманки¸ бу мукофот Тожибоевага унинг инсон ҳуқуқлари учун курашида яна бир қалқон бўлиб хизмат қилади, деди Ханс Тулен.

Журналист Галима Бухорбоева ҳам ўзбек ҳуқуқ фаолининг АҚШ Давлат департаментининг юксак мукофоти билан тақдирланиши ва унинг Мишел Обама ва Ҳиллари Клинтон билан ёнма-ён туриши ўзбек расмийларини инсон ҳуқуқлари борасида ижобий ҳаракатларга ундайди¸ деган умидда.

- Менинг назаримда¸ Тожибоевани мукофот билан тақдирлаб¸ унинг фаолиятини тан олиш билан АҚШ шундай жасоратли инсонлар борлигидан ғурурланишини Ўзбекистон ҳукуматига билдириб қўймоқда.

Умид қиламанки¸ Ўзбекистон ҳукумати шуни эътиборга олган ҳолда бундан буён инсон ҳуқуқлари курашчиларига нисбатан муносабатини ўзгартиради, деди Галима Бухорбоева.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG