Линклар

Ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланган ўқитувчи ишдан ҳайдалди

  • Садриддин Ашур

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келган Зиёдилло Раззоқов ўзининг ишдан олинишига расмийларга ёқмаган фаолияти сабаб бўлган, деб ҳисоблайди

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келган Зиёдилло Раззоқов ўзининг ишдан олинишига расмийларга ёқмаган фаолияти сабаб бўлган, деб ҳисоблайди

Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида истиқомат қиладиган мактаб ўқитувчиси ва ҳуқуқ фаоли Зиёдулла Раззоқов ишдан ҳайдалди. Ҳуқуқ фаоли бунга инсон ҳуқуқларига оид фаолияти ва мактаб директорининг шахсий адовати сабаб бўлганлигини айтади. Мактаб директори ва вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбари Зиёдилло Раззоқовнинг ишдан бўшатилиши сабабларини изоҳлашдан бош тортди.


Зарбдор туманидаги Шароф Рашидов номли 1-мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаган 46 ёшли инсон ҳуқуқлари фаоли Зиёдилло Раззоқов ўзининг бетоб бўлиб ишга чиқмаган пайтда ишдан бўшатилганини айтади:

- 4 январдан бугунга қадар касаллик варақасида, бюллетенда эдим. Мен касал пайтимда мактаб директори Бахтиёр Элмуродов касаба уюшмалари аъзоларини йиғиб, менинг масаламни кўриб чиқади. Бугун 12 январ куни ишга чиқсам, меҳнат шартномам бекор қилингани ҳақидаги буйруқни кўрсатди,- дейди Зиёдилло Раззоқов.

Унинг айтишича, меҳнат шартномасининг бекор қилинишига шартнома бандларининг бажарилмаганлиги, ижро интизоми қоидаларининг бажарилмаганлиги, мактаб директори ўринбосарларининг билдиришномалари асос қилиб олинган.

Зиёдилло Раззоқов мактаб директорининг буйруғини асоссиз деб ҳисоблайди:

- Бу буйруқ Ўзбек Меҳнат кодекси моддаларига зид. Менда ички интизом қоидаларини бузиш ҳолатлари умуман бўлмаган. Менга ҳатто бу борада битта ҳайфсан ҳам берилмаган. Иккинчидан, мен агар ишдан 5 минут кеч қолган бўлсам ёки дарсга келмаган бўлсам менга ёзма огоҳлантириш, кейин ҳайфсан, ундан кейин маошимдан 30 фоиз жарима қилгандан сўнг, мени меҳнат шартномамни бекор қилиш ҳуқуқига эга. Ҳозир улар келтирган бу 9 та асосларнинг бирортаси ҳам меҳнат қонунларига зиддир,- дейди Зиёдилло Раззоқов.

Озодлик мухбири Шароф Рашидов номли 1-мактаб директори Бахтиёр Элмуродов билан телефон орқали боғланишга муоваффақ бўлди. Бироқ суҳбатдошимиз "Озодлик" сўзини эшитгач, бирданига бизни “эшитмай” қолди.

Жиззах вилояти халқ таълими бошқармаси раҳбари, Ўзбекистон Олий Мажлиси сенатори Қуроқбой Эргашев эса Озодлик номини эшитгач гўшакни қўйиб қўйди.

Зиёдилло Раззоқов ўзининг ишдан ноқунуний бўшатилгани юзасидан фуқаролик судига шикоят қилишини билдирди.

2010 йилнинг охирида 1-мактаб директори Зиёдилло Раззоқовни ишдан бўшатган, бироқ инсон ҳуқуқи фаоли суд қарори билан яна ишга тикланган эди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келадиган Зиёдилло Раззоқов мактаб ва халқ таълими тизимидаги қонун бузилишлари, болалар меҳнати, кадрларнинг лаёқатсизлиги ҳақида хорижий оммавий воситаларига хабарлар бериб келади.

Ўтган йили пахта терими мавсумида матбуотга ахборот бергани учун 1-мактаб директори Бахтиёр Элмуродов уни ўқувчилар ва ўқитувчилар кўз олдида калтаклаган эди.

Бу воқеадан сўнг Зиёдилло Раззоқов мактаб директорини судга берган, суд директорни айбдор деб топиб, уни энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида жаримага тортган эди.

Айни кунларда, бюджетдаги молиявий камчиликлар учун мактаб директори Бахтиёр Элмуродов туман прокуратураси томонидан тергов қилинаётганлиги айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG