Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:15

Россия экспертлари: Ўзбек армияси замонавий ҳарбий куч эмас


Ўзбекистон армиясига чақирув.
Ўзбекистон армиясига чақирув.
Москвадаги “Военно-промышленный курьер” нашри экспертлари мана шундай хулосага келган. Мазкур нашрда 21 май куни чоп этилган мақолада Ўзбекистон армияси сони бору сифати йўқ ҳарбий куч ва коррупциялашган тузилма сифатида баҳоланади.

Бир қарашда мақола разведка маълумотларидан иборат ҳисоботга ўхшайди. Мақолада айтилишича, Ўзбекистон қуролли кучларидаги ҳарбийларнинг умумий сони 68 минг кишини ташкил қилади. Уларнинг 45 мингтаси пиёда қўшинлардир.

Эксперт Борис Соколовнинг фикрича, ҳар йили Ўзбекистонда 306 мингдан кўпроқ йигит армияга чақирув ёшига тўлади. Бироқ уларнинг жуда оз қисмигина армияда хизмат ўтайди. Ўзбекистон армиясида шартнома асосида хизматни ўташни хоҳловчилар сони таклиф қилинаётган иш ўринларидан кўра кўпроқдир. Шунинг учун ҳам ўзбек армиясига шартнома асосида ишлайдиган ҳарбийларни танлов асосида хизматга ёллаш имконияти мавжуд.

- Ўзбек армиясида мавжуд муаммолар Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон қуролли кучларида ҳам бор. Аммо ўзбек армиясида ойликнинг озлиги энг заиф халқадир. Кўпчилик ҳарбийларнинг иш ҳақи 100 доллардан ошмайди. Шунга қарамай, ўзбек армиясининг жангавор тайёргарлиги Марказий Осиё давлатлари қуролли кучларига нисбатан анча мукаммалдир. Ўзбекистон армиясида коррупция ва ҳарбий мулкни талон-тарож қилиш кенг тарқалган, - деди эксперт Борис Соколов Озодлик радиосига берган суҳбатида.

Россиялик яна бир ҳарбий эксперт Александр Голцнинг айтишича, ижтимоий муаммоларнинг мавжудлиги Ўзбекистон армиясини заифлаштираётган омиллардан биридир.

- Ўзбек армиясининг моддий ва ижтимоий муаммолари ҳал этилмаган. Бу эса армиянинг энг биринчи бўғинидан тортиб то юқори даражасигача коррупцияланишига шароит яратиб беради. Иккинчидан, армиянинг техник базасини замонавийлаштириш лозим, чунки Ўзбекистон армиясида асосан совет давридан қолган қуроллар ишлатилади, - деди Александр Голц.

Борис Соколовнинг айтишича, Ўзбекистон ҳарбий бюджети ички ялпи маҳсулотнинг 3,5 фоизини ташкил этади. Бу эса 2012 йилда қуролли кучларга 1,8 миллиард (харид қуввати паритети асосида ҳисобланганда 3,6 миллиард) доллар маблағ сарфланди, деганидир.


Ўзбекистонда қанча қурол бор?

Россиялик экспертларнинг Озодлик радиосига билдиришича, Ўзбекистон пиёда қўшинлари сони 45 минг кишини ташкил қилади. Пиёда қўшинлар битта танк дивизияси, 11 моторлаштирилган, 1 та тоғ, 1 та ҳарбий ҳаво десант, 3 та ҳарбий ҳаво ва 4 та инженерлик бригадаси, 6 та артилерия ҳамда 1 та ракета бригадасидан иборат. Улар тўртта ҳарбий округга бўлинган.

Экспертлар пиёда қўшинлар ҳарбий округларида фақат биттадан тўлиқ таъминланган бригада борлигини, қолган ҳарбий қисмлар эса ҳарбий жиҳатдан тўлиқ таминланган эмаслигини таъкидлайдилар.

Ўзбекистон пиёда қўшинларида жами 340 та танк, 700 дан ортиқ ҳарбий машина, 400 га яқин замбарак, минемёт ва бошқа артилерия қуроллари бор.

“Военно промишленний курер” маълумотида Ўзбекистон ҳарбий ҳаво кучлари 17 минг кишидан иборатлиги, мазкур қўшинлар 45 та зенит ракета комплекси, 419 та ҳарбий учоқ, 30 та вертолётга эга эканлиги ёзилади.

Бундан ташқари Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик хизматига қарашли қўшинлар сони 20 мингга яқин экани қайд этилган.

Аммо экспертлар фикрича, ўзбек армиясидаги ижтимоий муаммолар ҳал қилинмас экан, бу каби қуроллар таҳдидларнинг олдини олишга камлик қилади.

-Бир ярим йилдан сўнг АҚШ ҳарбийлари Афғонистондан чиқарилгач, Ўзбекистон бошқа Марказий Осиё давлатлари каби босимга, ҳаттоки менинг тахминимча, Афғонистон томонидан ҳарбий босимга учраши мумкин, -деди Александр Голц.

Хулоса

Ҳарбий эксперт Борис Соколов, шубҳасиз, ўзбек армияси Марказий Осиёдаги энг кучли армия эканини таъкидлаган ҳолда, ўзбек армиясининг жанговор ҳозирлиги ва тайёргарлиги Афғонистон толиблари даражасида эмаслигини айтади.

- Агар афғон толиблари томонидан ҳужум бўлиши тахмин қилинса,жангавор мужоҳидлар ўзбек армиясини бир ҳафта, хатто ундан эртароқ муддатда тарқатиб юбориши эҳтимол, - деб фикр билдиради Борис Соколов.

Айни пайтда рус экспертларининг бундай хулосаси расмий Кремлнинг Ўзбекистонни “бўлғуси хавф хатарлардан чўчитиш ва бу шу орқали мамлакатни МДҲ доирасидаги ҳарбий тузилмаларга қайтариш” учун расмий Тошкентга йўллаган муждаси, деган нуқтаи назар ҳам йўқ эмас.
XS
SM
MD
LG