Линклар

logo-print

Тошкентда "номаълум сабабларга кўра" яна бензин тақчиллашди


Тошкент вилоятида ҳайдовчилар бензин учун навбат кутишмоқда.

Тошкент вилоятида ҳайдовчилар бензин учун навбат кутишмоқда.

Тошкентда ёнилғи тақчиллиги туфайли АЁҚШларга чекланган миқдорда бензин берилмоқда, айрим шаҳобчалар эса бензин йўқлигидан ёпиб қўйилган. Бунинг натижасида ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида узундан-узоқ навбатлар пайдо бўлмоқда.

Тошкентдаги ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида узундан-узоқ навбатлар пайдо бўлгани тўғрисида Озодлик радиосига WhatsApp орқали жой-жойлардан муштарийлар хабар бермоқда.

Муштарийлар жўнатган маълумотларга ишониладиган бўлса, Тошкентдаги ёқилғи шаҳобчаларининг кўпчилигида бензин мутлақо йўқ. Бензин бор шаҳобчаларда эса юзлаб машиналар навбат кутмоқда. Аммо бу шаҳобчаларда ҳам бензин оз бўлгани учун, соатлаб навбат кутган айрим ҳайдовчилар қуруқ қайтишга мажбур бўлаяпти.

WhatsApp орқали олинаётган маълумотларда муштарийлар Тошкентдаги бензин вилоятларга сотиб юборилаётгани ва вилоятларда бензин нархи 5 минг сўмга кўтарилгани ҳақида гапирмоқда.

Озодлик мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида “Ўзнефтегаз” ва “Ўзбекнефтмаҳсулот” ширкатларига мурожаат қилди. Бироқ ширкат мутассадилари бу масала юзасидан ҳеч қандай маълумот йўқлигини, шунинг учун бу борада телефон орқали шарҳ берилмаслигини билдирдилар.

“ЎзГазОйл” давлат корхонаси расмийси Озодлик радиоси билан суҳбатда Тошкентда бензин тақчиллиги мавжудлигини қисман тасдиқлади. Унинг айтишича, шу кунларда ёқилғи қуйиш шаҳобчаларига кунига бир марта бензин чиқарилмоқда. Суҳбатдош бензин тақчиллиги сабабларини билмаслигини айтди:

-Бензинни сотиб бўлган бир-иккита заправкаларимиз ёпилаяпти. Лекин ҳамма заправкаларга бензин берилаяпти. Ҳозир энди сал навбатлар пайдо бўлиб қолди. Шаҳарда навбат тез келади-ку, юзта турадими, икки юзта турадими, 15-20 минутда бензинни олиб кетишаяпти. Тошкентдаги заправкаларда- вокзалда, Қоратошда, Банановийда, Алоқада-катта-катта заправкаларимизда бензин бор, хусусий заправкаларда ҳам бензин бор. Лекин бензин тамом бўлиши билан заправкаларимиз ёпилаяпти. Кетма-кет бензин чиқаришга бензинимиз йўқ. Кунига бир марта бензин чиқараяпмиз. Ўша бензинни сотиб бўлгач, заправкани ёпади, -деди“ЎзГазОйл” расмийси.

Озодлик мухбири Тошкент вақти билан соат 14да шаҳардаги ўнга яқин ёқилғи қуйиш шаҳобчаларига сим қоқди ва бу шаҳобчаларнинг деярли ҳаммасида тушгача бензин сотиб бўлинганини аниқлади.

Шаҳобчалар ходимлари билан суҳбат жараёнида Тошкентдаги бензин тақчиллиги сабабларидан айримларига озгина бўлса-да ойдинлик киритилгандай бўлди:

-Бензин ҳозир тугади. Энди эрталаб бўлади. Соат 6-7 очилаяпмиз, навбат кўп бўлаяпти. Бензин жуда кам берилаяпти. Базада бензин кам бўлаяпти, -деди заправкачилардан бири.

Биз суриштирган ўнга яқин ёқилғи қуйиш шаҳобчаларидан фақат биттасидагина тушдан кейин бензин сотилаётгани аниқланди.

-Ҳа, ҳозирча бензин бор. Навбат кўп, лекин. Чунки бугун ҳамма заправкаларга ҳам бензин берилгани йўқ. Айрим заправкаларга бензин берилди. Шунинг учун навбат кўп бўлаяпти. Бензин тақчиллигининг сабаби нимада эканини билмайман. Аммо ҳар йили йил охирлаб қолганида мана шундай вазият юзага келади, -деди ёқилғи қуйиш шаҳобчаси ходими бўлган суҳбатдош.

Шу йилнинг август ойида Ўзбекистоннинг барча вилоятларида бензин тақчиллиги кузатилган эди. Бензин тақчиллиги туфайли Хоразм вилояти 6 кун давомида ёнилғисиз қолгани хабар қилинган. Қолган вилоятларда эса бензин учун узундан-узоқ навбатлар пайдо бўлган. Ўшанда “Ўзнефтмаҳсулот” бутун масъулиятни ўз зиммасига олган ҳолда мамлакатда бензин тақчилиги йўқлиги ҳақида баёнот берган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG