Линклар

Брянскда ҳалок бўлганлар жасадлари Ўзбекистон элчихонаси ҳисобидан жўнатилади


15 март куни Брянскда рўй берган икки ҳалокатда ўзбекистонлик 18 муҳожир ҳалок бўлган эди.

15 март куни Брянскда рўй берган икки ҳалокатда ўзбекистонлик 18 муҳожир ҳалок бўлган эди.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Брянск вилоятида автоҳалокатда нобуд бўлган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари жасадларини ўз юртига юбориш билан боғлиқ барча ҳаражатларни ўз зиммасига олди. Аввалроқ Москвадаги Ўзбекистон консули Брянскка боргани маълум бўлди. Айни пайтда, Москва шаҳар Ўзбеклар миллий-маданий автономияси аварияда ўлган 16 нафар ўзбекистонликни самолётда Ўзбекистонга юбориш учун тўплана бошлаган маблағлар ҳалок бўлганлар яқинларига берилишини маълум қилди.

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Брянск вилоятининг Почепский туманида 15 март куни автотрассада содир бўлган катта аварияда ҳалок бўлган 16 нафар ўзбек муҳожири тобутларини ўз ҳисобидан Ўзбекистонга юборадиган бўлди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган манба элчихона маъмурлари 19 март куни кечгача жасадлар Ўзбекистонга жўнатиб юборилиши ва у ерда яқинларига топширилишини маълум қилди.

Шунингдек, бир кун аввал Россиядаги ўзбеклар жамиятлари бошлаган хайрия тадбири давом этмоқда. Россиядаги ўзбеклар жамиятлари фожеа ортидан майитларни Ўзбекистонга юбориш учун маблағ йиға бошлаган эди.

Москва шаҳар Ўзбеклар миллий-маданий автономияси ҳамюртлар томонидан жўнатилаётган маблағлар автоҳалокатда нобуд бўлганларнинг яқинларига топширилишини билдирди. Жамият раҳбари Ҳабиб Абдуллаев йиғилаётган пул моддий жиҳатдан қийин аҳволда бўлган оилаларга топширилиши айтиб, хайр-эҳсон қилган ҳамюртларга миннатдорчилик билдирди.

- Ҳамюртлармиз жўнатаётган ёрдам пуллари алоҳида ҳисобда турибди. Элчихона жасадларни траспорт қилиши масаласини ўз зиммасига олиши ортидан биз бу йиғилган пулларни Брянскда нобуд бўлганлардан бирор энг ночорроқ аҳволдаги яқинларига топширишга қарор қилдик. Кейинроқ бу ҳақда алоҳида ҳисобот берамиз. Бундай мусибатли кунларда ўз ёрдамини аямаган юртдошларимизга ўзимнинг алоҳида миннатдорчилигимни айтиб қўймоқчи эдим, деди Ҳабиб Абдуллаев.

Ҳозирда жасадлар Брянскдан Москванинг Домодедово аэропортига келтирилгани маълум бўлди.

Россиянинг Брянск вилояти Почепский туманида ўтган якшанба куни оқшом соат 11лар атрофида содир бўлган автоҳалокатда нобуд бўлган ўзбеклар сони 16 кишига етгани тўғрисида Озодлик хабар берган эди.

Муҳожирлар Россия ҳудудида юриш муҳлатини чўздириш учун Украина чегарасига бориб, қайтаётган бўлган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари авария жойида 15 йўловчи ҳалок бўлгани ва қолган 4 киши тан жароҳати билан шифохонага олиб кетилганини Озодликка маълум қилганди. Ҳайдовчидан ташқари машина салонида бўлган қолган йўловчилар Ўзбекистон фуқаролари экани айтилди.

Ҳодиса содир бўлган кун тонгда шифохонада Ўзбекистон фуқароси, 44 ёшли Мирзаева Саодатнинг жони узилди.

Ундан аввалроқ айни шу трассада яна бир тўқнашув рўй берган. Маълум бўлишича, 15 март куни эрталабки 7:20-ларда А-240 трассасида “Шевроле” ва “ВАЗ-2115” автомобиллари тўқнашуви оқибатида уч нафар йўловчи ўлган ва яна олти йўловчи жароҳат олган. Улар ҳам Ўзбекистон фуқаролари бўлгани айтилди. Эрталабки тўқнашувда ўлган ва жароҳатланган ўзбек муҳожирлари ҳам Россияда меҳнат қилиш учун рухсат берувчи миграция карталарини мамлакат чегарасидан ташқарига чиқиб, янгилаб келаётган бўлгани аниқланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG