Линклар

logo-print

Алишер Усмонов 600 миллион долларга яхта сотиб олди


А.Усмонов яна бир миллиардер О.Дерипаска билан.

А.Усмонов яна бир миллиардер О.Дерипаска билан.

Россиялик мултимиллиардер Алишер Усмонов нархи 600 миллион доллар турувчи янги яхта сотиб олди. Узунлиги 156 метр бўлган кемага 120 киши сиғиши мумкин. Келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Алишер Усмонов Германияда қурилган навбатдаги яхтани ҳам онаси номи билан “Дилбар” деб атади.

Яхтамисан яхта!

Франциянинг Мовий Қирғоғида жойлашган Канн кинофестивалига келган меҳмонлар ва мезбонлар эътиборини четроқда тўхтаган янги кема тортди.

Германиядан кемасозлик верфларидан яқинда тушган бу кема россиялик тадбиркор Алишер Усмоновнинг янги яхтаси экани кейинроқ маълум бўлди. Бизнесмен яқинлари билан кинофестивал томошаларига келгани айтилмоқда.

Янги "Dilbar"нинг кўриниши (superyachtfan.com)

Янги "Dilbar"нинг кўриниши (superyachtfan.com)

Оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган маълумотларга кўра, узунлиги 156 метр бўлган бу суперяхта миллиардер Алишер Усмоновга 600 миллион доллар қийматга тушган. Немисларнинг Lurssen кемасозлик фирмаси усталари томонидан гизли шароитда қурилган бу кема эгасига топширилишидан олдин бир неча маротаба денгизда синовдан ўтди. Кема дизайни билан Монако князлиги архитекторлари шуғуллангани маълум.

Яхтада бассейн, вертолет учун қўниш майдончаси, спорт ва овқатланиш заллари ҳамда техниканинг охирги ютуқларига монанд жиҳозланган люкс каюталар мавжуд.

40 нафар хизматкор ва 80 нафаргача экипаж томонидан бошқарилувчи яхтага яна 120 киши дам олувчи элтиши мумкинлиги айтилмоқда. Яхтада ишчилар 24 соат мобайнида хизмат қилади.

Жаҳонда катталик ва нарх рейтингида 4 ўринга кўтарилган бу кеманинг ишчи номи “Omar” бўлиб, у сувга туширилганда Усмонов томонидан “Дилбар” деб ўзгартирилди. Ҳеч ким учун сир эмаски, бизнес учрашувлар ва оилавий дам олишга ишлатаётган кемани миллиардер ўзининг онасига атаб қўйган. Гап шундаки, Россия нефть-газ ва металлургия соҳасида бойлик орттирган ўзбек тадбиркорининг олдинги 110 метр узунликдаги кемаси ҳам “Дилбар” деб аталарди.

110 метрли "Dilbar" ҳозирда "ONA" деб номланади

Кемаларнинг жойлашиши ва ҳаракатланишини назорат қилувчи Fleetmon сайтига кўра, Монте-Карлода қолаётган 110 метрли эски яхтага эндиликда “ONA” деб ном берилганини кўриш мумкин.

Алишер Усмоновнинг биринчи сотиб олган 66 метрли сайр кемаси ҳам “Дилбар” бўлган. Биринчи “Дилбар” 2005 йилда Oceano томонидан қурилган яхта бўлса, иккинчиси – 110 метрлик “Lurssen” маҳсулоти 2008 йил май ойида сувга туширилган.

“Дилбар-2” яхтасининг ташқи кўриниши дизайнерлик санъатининг тан олинган усталаридан Тим Хейвуд, кема интерьери дизайни эса Альберто Пинто фантазияси маҳсулидир.

Биринчи яхтасини Усмонов америкалик миллиардерга пуллаган.

Усмоновнинг бошқа мулклари

Алишер Усмонов дунёнинг истаган бурчагига ўзининг севимли Airbus 340 300 хусусий самолётида боришни ҳуш кўради. Ўртача нархи 350 миллион долларга баҳоланган бу ҳаво кемасига ўзбек тадбиркори отаси исми - “Бурҳон” берилган.

Бугунги кунда “Бурҳон” ҳашаматлилиги ва қудрати билан ҳатто Россия президенти учоғидан ўтиб тушадиган, мамлакатдаги энг йирик бизнес-жетдир. Ўз учоғини ҳам Усмонов миллиардер Роман Абрамовичникидан 9 метр узунроқ қилиб қурдирган.

"Бурҳон" - Усмоновнинг ҳаво кемаларидан энг йириги

Алишер Усмонов охирги бир неча йилда Британиядаги қатор ҳашаматли уйларни ҳам сотиб олди. Шулардан – Sutton Plase ва таниқли Hamstead Heath'даги уйлар эътиборга лойиқ. Маҳаллий матбуотга кўра, уйлар нархи 35 миллион ва 80 миллион АҚШ доллари миқдорида баҳоланган.

Тадбиркор 2013 йил Appleʼнинг 100 миллион долларлик акцияларини сотиб олган. У Mail.ru, Odnoklassniki.ru, Vkontakte.ru, LiveJournal ҳамда Facebook'нинг асосий эгаларидан бирига айланган. Унга қарашли Digital Sky Tehnologies ширкати юзлаб энг оммабоп вебсайтлар ва порталларни ўз қўлига киритган, “Мегафон”, Телекоминвестни бошқариб келади. Шунингдек, Усмонов 7ТВ, Муз-ТВ федерал каналлари ва 33 минтақавий телеканалларни ўз ичига олган медиа холдинг эгаларидан бири ҳамдир. Усмонов медиаимперияси таркибига “КоммерсантЪ”, “Газета.ру”, "Секрет фирмы" ва бошқа ўнлаб нашрлар киради.

1953 йилда Чустда туғилган Алишер Бурхоновичнинг ҳозирги бойлиги 13,4 миллиард АҚШ долларига (2016 й. май) тенгдир.

Алишер Усмонов собиқ профессионал спортчи сифатида бу соҳага ҳам қизиқиши катта.

У“Арсенал» футбол клубининг 27 фоиз акциялари эгаси, Москванинг “Динамо” клуби бош ҳомийси.

2008 йилдан буён у Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти ҳамдир. Ўзи ёшлигидан Тошкентда қиличбозлик билан жиддий шуғулланган тадбиркор "Спорт устаси" унвонига эга бўлиб, бир муддат Совет Иттифоқи терма жамоаси сафида мусобақаларда иштирок этган. Ўша йилларда бадиий гимнастика билан шуғулланаётган рафиқаси Ирина Винер билан танишган.

Усмонов – энг йирик ҳомийлардан

Алишер Усмонов хайрия ишларига энг кўп пул бераëтган россиялик олигархлар рўйхатида ҳам биринчи деб топилган: йилига у 180 миллион доллар маблағни хайрия ишларига сарфлаб келиши маълум.

2007 йилда Усмонов 100 миллион долларга Мстислав Ростропович ва Галина Вишневскаяга тегишли санъат коллекциясини “Сотбис” аукционида сотиб олган ва уни Россия ҳукуматига совға қилган. Ўша йилиёқ миллиардер намойиш этиш ҳуқуқи америкаликларга ўтиб кетиб қолган совет даври мултфилмлари тўпламини сотиб олиб, Россиядаги “Бибигон” болалар телеканалига топширган.

Бу саҳийликлари эвазига Россия президенти Алишер Усмоновни “Ватан олдидаги хизматлари учун” IV даражали ордени билан тақдирлади.

Владимир Путин 2013 йил 6 июль куни имзолаган фармонга кўра, Алишер Усмонов “давлат олдидаги катта хизматлари, жамоат ва хайрия ишларидаги фаоллиги учун” бу орденга сазовор бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG