Линклар

“Ўзбекистонда қизларга чиқиш визаси берилмасин, деган кўрсатма бор!”


Чиқиш визасининг¸ айниқса¸ ëш қизларнинг Ўзбекистондан ташқарига чиқиб ўқиш ва ишлаш имкони жиддий чеклаëтгани айтилади.

Чиқиш визасининг¸ айниқса¸ ëш қизларнинг Ўзбекистондан ташқарига чиқиб ўқиш ва ишлаш имкони жиддий чеклаëтгани айтилади.

Туркияда ишлаëтган ëлғиз она Озодликка Ўзбекистонда қолган қизининг чиқиш визаси олиш ҳаракатларига “турмушга чиқмаган қизларнинг четга чиқишига рухсат йўқ” деган оғзаки рад жавоби берилганидан шикоят қилди. Озодлик билан суҳбатда мазкур тизим расмийлари¸ умуман қизлар¸ хусусан¸ ота-онаси ажрашган¸ ëки отаси ўлган қизларнинг хорижга чиқишга рухсат олиши “жуда оғир масала” эканини эътироф қилди.

“Қизимга чиқиш визаси бермади”

13 октябрь куни Озодликка мурожаат қилган ўзбекистонлик аëл¸ ўзининг бир неча йилдан бери Туркияда кексаларга қаровчилик қилаëтгани ва иқтисодий шароит боис, энди фарзандларини ҳам ўз ëнига олиб келишга ҳаракат бошлаганини айтди.

Шахси очиқланмаслигини сўраган ëлғиз онанинг айтишича, Ўзбекистонда қолган 24 яшар қизи чиқиш визаси олиш учун талаб қилинган барча ҳужжатларни тақдим этиб¸ керакли суҳбатлардан ўтганидан сўнг рад жавоби олган:

- Бешта фарзандим бор. Ҳаммасини ëнимга олмоқчиман. Икки катта қизимни Туркияга олиб келдим. Бу ерда тозаловчилик қилишади. Энди 24 яшар қизимни ҳам олиб келаман деб¸ ҳамма ҳужжатларни қилдик. Онасининг нотариальний рухсати керак¸ дейишди. Қилиб бердим. Ҳужжат қабул қилаëтганда¸ ҳаммаси жойида¸ фалон кун суҳбатга кел¸ дейишибди. Кечаги кун борса¸ “Йўқ¸ турмушга чиқмаган қизларга ОВИР беришга рухсат йўқ¸ мумкин эмас” деб чиқариб юборишибди. Бу қанақа қонун¸ қизлар ўқиш ë ишлаш учун четга чиқолмайдими Ўзбекистонда¸ дейди Озодлик билан суҳбатда она.

“Ҳаммаси қонуний”

Аëлнинг бу саволига Озодлик воситасида жавоб берган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси расмийси¸ очиқ қонунчиликда “қизлар хорижга чиқарилмасин” деган гап йўқлиги¸ бироқ “қизларга имкон қадар чиқиш визаси берилмасин” деган ички кўрсатма борлигини билдирди.

Айни суҳбатдош бу чекловнинг қачон¸ нима мақсадда қабул қилингани ва қандай амалга оширилаëтгани ҳақидаги саволларга бевосита бошқарма бошлиғидан жавоб олишни тавсия қилди. Аммо кун давомида бошлиқ билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Бу саволларга Тошкент шаҳар Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ходимларидан бири жавоб берди.

“Расмий тартиби¸ четга чиқмоқчи бўлган қиз ўзи прописка қилинган туман паспорт столига мурожаат қилади. Турмушга чиқмаган қизлар¸ албатта¸ РОВДдан суҳбатдан ўтади нима сабабдан чет элга чиқмоқчи экани бўйича. Ота-онасининг нотариус тасдиқлаган розилиги бўлиши керак. Лозим¸ кўрилса¸ ота-она ҳам суҳбатга чақиртирилади. Вояга етмаган¸ турмушга чиқмаган қиз¸ осонгина четга чиқолмайди. Айниқса¸ бир ўзи чиқмоқчи бўлса¸ чиқиш визаси олиш жуда қийин”¸ деди тошкентлик расмий.

“Қизлар Ўзбекистоннинг номини асраш учун чиқарилмаяпти”

Бу суҳбатдош¸ Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш тизими ходимлари чиқиш визаси олиш учун рухсат берган ҳар бир фуқаро¸ айниқса¸ ëш қизлар учун “калласи билан жавоб бериши”ни алоҳида таъкидлади.

“Нима сабабдан қиз бола четга чиқади? Йигит бўлса ҳам¸ ота-онасининг рухсати сўралади. Ҳаммаси қонуний. Лекин қизларнинг чиқиши¸ жуда қийин¸ очиқ айтаман сизга. Бу ердагилар қизнинг нима сабабдан кетаëтганини қаердан билади? Ҳамма нараса бўлиши мумкин ҳаëтда. Ишлашга¸ ўқишга деб¸ фоҳишаликка кетаяпти кўпчилиги. Қўрқадида кейин. Булар ҳар битта чиқарганига жавоб беради. Эртага чет элда у-бу нарса бўлиб қолса¸ “Сан нимага чиқаргансан буни¸ нимага рухсат бергансан”¸ деб сўрайди. Ҳужжатларини кўтартиради. Ҳужжатда бошқа¸ ҳаëтда бошқа бўп чиқса¸ рухсат берганга ҳам¸ Ўзбекистон республикасига ҳам яхшимас. Кўраяпсизку¸ қанча қизлар четга чиқволиб¸ одам савдогарлари қўлига тушаяпти”¸ деди Тошкент шаҳар ОВИР тизими расмийси.

Суҳбатдош¸ айниқса¸ отасиз¸ ëлғиз она қўлида катта бўлган ëш қизларнинг хорижга чиқиши¸ алоҳида текширув ва назорат объекти эканини эътироф этди.

“Ота-онаси ажраб кетган¸ отасиз ўсган қизларга чиқиш визаси бериш жуда қийин. Рухсат олиш учун улар суҳбатда умуман шубҳа уйғотмаслиги (фоҳишалик ëки диний радикал оқимларга қўшилиш нияти бор-йўқлиги назарда тутилмоқда – таҳр.) керак”¸ дейди тошкентлик расмий.

Озодликка Туркиядан мурожаат қилган ëлғиз она ўзбекистонликлар¸ хусусан¸ хотин-қизларни одам савдоси ва диний экстремизмдан асраш иддаоси билан уларга чиқиш визаси беришни кескинлаштириш бу тизимда ишловчиларга пора олиш имконини беришдан бошқа нарса эмаслигини айтади.

Мирзиëевга мурожаат

Бу суҳбатдош бир гуруҳ ўзбекистонликларнинг муваққат президент Шавкат Мирзиëевга чиқиш визасини бекор қилишни сўраб қилган даъватига қўшилишини таъкидлай туриб¸ Озодлик орқали айни сўров билан Мирзиëевгамурожаат қилди.

- Ҳурматли Шавкат Миромонович! Сизга шикоятларим бор. Туркияга иқтисод учун¸ ишлаш учун келишга чиқиш визаси қилганимда кўрган сарсон-саргардонлигимни айтиб тугатолмайман. Қай бирини айтай - битта қоғоз учун қанча овора қилишлари¸ бизни одам ўрнида кўрмасликлари¸ одамдек гаплашмасликлари¸ пул талаб қилишлариними? Айтган пулини берсангиз¸ печатини босади¸ бўлмаса йўқ. Сиздан шу масалага ҳам бир қарашни илтимос қиламан. Чиқиш визасини бекор қилинг¸ халққа енгиллик қилинг¸ илтимос¸ дейди Ўзбекистонда қолган қизини Туркияга¸ ўз ëнида ишлаб-яшашга олиб кела олмаëтган она.

Ўзбекистон ўз фуқароларининг чет элга чиқиши учун биометрик паспорт устига қўшимча чиқиш визаси олиш механизмни яратиб¸ уни ҳамон сақлаб қолаëтган жаҳондаги икки давлатдан биридир. Чиқиш визаси тизими мавжуд иккинчи давлат қолган дунëдан мутлақ изоляцияда яшаëтган Шимолий Кореядир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG