Линклар

Шошилинч хабар
28 сентябр 2021, Тошкент вақти: 12:07

Ўзбекистон хабарлари

Андижонда марказий сув тармоғи ишдан чиқди. Сув таъминоти қийинлашди

Аввалроқ Қашқадарё вилоятида ҳам сув таъминотида муаммолар пайдо бўлган эди.

Андижон туманининг Хортум маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан ўтувчи “Хонобод-Андижон” марказий сув тармоғи 9 январь куни ишдан чиқди.

“Андижон сув таъминоти” ширкатининг 10 январда билдиришича, айни пайтда носозликни тузатиш ишлари олиб борилмоқда. Шу муносабат билан 11-12 январь кунлари ҳам Андижонда сув таъминотида узилишлар кузатилиши мумкин.

“Айни пайтда вилоят марказининг айрим ҳудудларига Жалақудуқ туманида жойлашган "Пахтакор" ер ости сув иншооти орқали тоза ичимлик суви етказиб берилмоқда. Бундан ташқари 40 дона махсус сув ташиш транспорти воситалари орқали аҳолига ичимлик суви етказиб бериш йўлга қўйилди”,-дейилади расмий билдирувда.

Бир неча кун олдин Таллимаржон иссиқлик электр станциясидаги ҳар бирининг қуввати 450 МВт бўлган иккита энергоблокни тўхтаганлиги сабабли Қашқадарё вилоятининг қатор туманларида сув ва электр энергияси таъминоти тўхтаб қолгани хабар қилинган эди.

Кун янгиликлари

Мирзиёев президентликка бошқа номзодларнинг “ҳаётни билмаслиги”ни писанда қилди

Ш. Мирзиёевнинг сайловолди учрашувларидан бири

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёев бошқа партиялардан президентликка номзоди кўрсатилган рақиблари “ҳаётни билмаслиги”ни иддао қилди. Бу мулоҳазани у 27 сентябрь куни Наманган вилоятида сайловчилар билан учрашув чоғида билдирди.

Ўз сўзини “рақиблардан ҳам кўп нарса ўрганиш керак” дея бошлаган Ш. Мирзиёев айрим номзодларнинг “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари” нотўғри бўлганига оид фикрларига эътироз билдирди.

“Ҳали улар ҳаётни билмайди-ку. Мен уларни ёмонламоқчи эмасман, лекин бу менинг пешона терим билан халқнинг дардига етказиб бораётган тизим-ку, агар у дафтар бўлмаса, коронавирусда кимга берардик ёрдамни”, деди Мирзиёев.

24 октябрдаги сайловда иккинчи муддатга сайланиши кутилаётган 64 яшар Шавкат Мирзиёев кечадан эътиборан Фарғона водийсидаги вилоятлар бўйлаб сафарга чиққани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Президент сайловида ЎзЛиДеП номзоди бўлмиш Ш. Мирзиёевдан ташқари ЎзХДП, “Адолат”, “Миллий тикланиш” ва Экологик партиядан номзодлар иштирок этади.

Коронавирус юқтириб олганлар сони қарийб 173 мингга, пневмонияга чалинганлар сони 27 мингга етди

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 27 сентябрь ҳолатига кўра, 172 минг 899 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, кеча мамлакат бўйлаб 406 киши коронавирусга чалинган.

Душанба куни барча ҳудудларда 501 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 167 минг 700 нафарга етган.

ССВ ўтган кеча-кундузда коронавирусга чалинган беморлардан яна 5 нафари вафот этиб, коронавирус қурбонлари сони 1 минг 230 нафарга етганини қўшимча қилган.

Вазирлик қайдича, 27 сентябрь куни 37 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 27 минг 17 киши пневмонияга чалинган. Булардан 25 минг 301 нафари соғайиб чиққан, 227 нафари эса вафот этган.

Олтиариқдаги пахта қабул қилиш пунктида чиққан ёнғин бир соатда ўчирилди

Иллюстратив сурат

Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани “Полосон” маҳалла фуқаролар йиғини Марғилон кўчасида жойлашган пахта қабул қилиш пунктида 27 сентябрь куни ёнғин чиққан.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, ёнғинга оид хабар Фарғона вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига соат 13:27да келиб тушган.

Вазирлик соат 13:35 да 9 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига етиб бориб, соат 14:00 да ёнғин қуршаб олингани ва соат 14:34 да батамом ўчирилганини билдирган.

Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаганини урғулаган ФВВ ҳозирда ёнғин сабаблари ва моддий зарар миқдори аниқланаётганини қайд этган.

Термизда Сурхондарё ва Балх вилоятлари расмийларининг учрашуви бўлиб ўтди

Икки ҳафта аввал ўзбек расмийлари Толибон вакилларига 1300 тонна гуманитар ёрдам юкини топширишган эди

Жорий йилнинг 27 сентябрь куни Термиз шаҳрида Сурхондарё ва Балх вилоятлари ҳокимлари бошчилигида Ўзбекистон ва Афғонистон чегараолди ҳудудлари бошқарув идоралари вакилларидан иборат ишчи гуруҳларининг йиғилиши бўлиб ўтган.

ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбир афғон томонининг илтимосига биноан Афғонистонга импорт молларини транзит ташуви билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш мақсадида ташкил этилган.

“Мулоқот даставвал энг зарур халқ истеъмол товарлари – озиқ-овқатлар, дори-дармон, тиббий анжомлар, кийим-кечак ва ёқилғи хусусида борди”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Учрашувда муҳокама этилган масалалар, жумладан Афғонистонда юзага келган оғир гуманитар вазият даврида мамлакатга юкларни етказиб бериш ва транзит ўтказишда мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилган.

Икки ҳафта муқаддам Озодлик Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ва Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев Ҳайратон шаҳрида Толибон вакилларига 1300 тоннадан иборат гуманитар ёрдам юки топширгани ҳақида хабар қилган эди.

Самарқандда газ танқислигидан норози бўлиб, йўл тўсган фуқаролар жазоланди

Иллюстратив сурат

Самарқанд вилоятида табиий газ йўқлигидан норози бўлиб, йўлни тўсиб қўйган 13 нафар фуқаро жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Қайд этилишича, шу йилнинг 26 сентябрь куни Самарқанд тумани “Янгиариқ-1” маҳалла фуқаролар йиғини Чунгул кўчасида яшайдиган 13 нафар киши Самарқанд "М-37а автомобиль ҳалқа йўли"нинг 8-9 километрида йўлининг қатнов қисмига чиқиб, йўлни тўсиб қўйган.

Бу одамларнинг маҳалласи 2015 йилда ҳукумат қарори асосида табиий газ тармоғидан узилгани ва суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланиши йўлга қўйилгани айтилган.

Норозилар маҳаллага суюлтирилган газ баллони сўнгги бор июль ойида тарқатилганидан шикоят қилганлар.

Улар Самарқанд тумани ҳокимияти биносига олиб келиниб, туман ҳокими, вилоят ва туман ИИБ раҳбарияти ҳамда мутасадди ташкилот ходимлари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилган.

Самарқанд тумани ИИБ ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бор ва тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани судига юборилган.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани судининг 27 сентябрь кунидаги қарори билан 13 нафар шахс МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 201-моддасида (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбдор деб топилиб, маъмурий жавобгарликка тортилган. Хусусан, улардан икки нафарига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси тайинланиб, қолган 11 кишига жарима жазоси тайин қилинган.

Аввалроқ Озодлик август ойи бошида Андижонда ҳоким қабулига киролмаганидан норози бўлиб, йўл тўсишга уринган аёллардан 11 нафари 15 суткагача бўлган муддатга қамалгани, қолган 6 нафар норози жаримага тортилгани ҳақида хабар қилган. Шунингдек, июль ойида Қашқадарё вилоятининг Чироқчи тумани Айритом қишлоғида ўтган ой электр энергияси билан боғлиқ муаммолар туфайли Тошкентдан келаётган “Афросиёб” тез юрар поезди йўлини тўсиб қўйган 9 нафар фуқаро 15 кунга ҳибсга олингани, яна 4 киши жаримага тортилгани ҳақида хабар қилинган.

Мирзиёев яна сайланса, Наманганда камбағалликни 2 баробарга қисқартиришни ваъда қилди

Президент Шавкат Мирзиёев. ЎзЛиДеп расмий сайтидан олинган сурат.

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 27 сентябрь куни Наманганда сайловчилар билан учрашди.

Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, президент Наманган шаҳри Давлатобод туманидаги “Юксалиш” саноат шаҳарчасида бўлиб, “Glass еxpo” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишган.

Бу ерда ойнага миллий нақшлар ва замонавий дизайн асосида ишлов берилади. Мирзиёев корхонадаги ишчилар билан гаплашди, тадбиркорлар билан мулоқот қилди.

Кейин эса сайловчилар билан учрашиб, сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди. Мирзиёев келаси 5 йилда Наманган вилоятида 400 мингта янги иш ўрни яратиш, аҳоли даромадини камида 2 бараварга ошириш, камбағалликни 2 бараварга қисқартиришни ваъдалари қилди.

Учрашувда партия вакиллари сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Шавкат Мирзиёев номзодини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, кейинги кунлари унинг Фарғона ва Андижон вилоятларида ҳам сайловолди учрашувлари ўтказиши режаланган.

Мирзиёев водий вилоятларига сафари чоғида у ерлардаги корхоналар фаолияти, бунёдкорлик ишлари, маҳаллалар ҳаёти билан ҳам танишиши билдирилган.

24 октябрдаги сайловларда иккинчи муддатга сайланиши кутилаётган 64 яшар Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ҳамда Самарқанд вилоятларига сафар қилган эди.

Шавкат Мирзиёев Наманганга 7 та олийгоҳ ва деярли 1,5 мингта боғча қуришга ваъда берди

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёев 27 сентябрь куни Наманганда сайловчилар билан учрашар экан, вилоятда келгуси беш йилда 7 та олийгоҳ ташкил этилиб, жами олий ўқув юртлари сони 10 тага етказилишини ваъда қилди.

Президентга кўра, бу билан вилоят ёшларини Олий таълим билан қамраб олиш даражаси 50 фоизга етказилади.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Наманганда келгуси беш йилда 52 та давлат ва 1 минг 300 та оилавий боғча ташкил этилишини таъкидлади. Унга кўра, 58 та маҳаллада 116 та оилавий боғча ташкил этилади. Бунинг ҳисобига, мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 68 фоиздан 82 фоизга етказилади.

Мирзиёев вилоятда 37 та янги мактаб қурилиши ва 473 та мактаб реконструкция қилинишини билдирди.

Талабаларга ижара тўловининг бир қисмини қоплаб бериш тартиби белгиланди

Вазирлар Маҳкамаси давлат олий таълим муассасаларининг ижарада яшаётган талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан қоплаб бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади. Ижара ҳақининг бир қисми фақат кундузги таълим шаклида ўқиб, ижарада яшайдиган талабаларга татбиқ этилади.

Адлия вазирлигининг билдиришича, ойлик ижара тўловининг бир қисми солиқ хизмати органлари томонидан ҳисобга қўйилган кўчмас мулк ижара шартномасига ва талаба берган аризага мувофиқ тўланади.

Талаба ҳужжатларни ўзи таълим олаётган факультетнинг ёшлар билан ишлаш бўлими декан ўринбосари ёки ОТМнинг талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирувчи бўлимига топширади.

Ҳужжатлар бир ҳақта ичида ўрганилади ва талабгорларни танлаб олиш комиссиясига тақдим этилади. Комиссия бир иш кунида талабгорлар тўғрисидаги маълумотларни ўрганиб чиқиб, қарор қабул қилади.

Ижара тўловининг қоплаб бериладиган қисми Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 1 баравари, қолган ҳудудларда – БҲМнинг 0,5 бараваридан ошмаслиги лозим.

Тошкент метросида 7 кунда 3 та “носозлик” юз берди

Тошкентдаги метро бекатларидан бири.

Тошкент метрополитенининг “Халқлар дўстлиги” бекатида 27 сентябрь куни соат 10:20 атрофида техник носозлик кузатилгани оқибатида йўловчилар поезддан тушириб юборилди.

Билдирилишича, “3-йўналишдаги ҳаракат таркибида техник носозлик аниқланган. Ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўловчилар бекатда туширилган. Ҳаракат таркиби техник кўрик пунктига жўнатилган”.

Бу Тошкент метрополитенида 20 сентябрдан бери содир бўлган учинчи, “Халқлар дўстлиги” бекатидаги иккинчи “техник носозлик”дир.

22 сентябрь куни “Халқлар дўстлиги” бекатида соат 08:37 да поезд вагонларидан бирининг эшиги ёпилмай қолгани учун йўловчилар туширилган эди.

20 сентябрь куни соат 09:10да Тошкент метросининг “Ғафур Ғулом” бекатидан “Чорсу” бекатига ҳаракатланаётган 41-йўналишдаги поезд тўхтаб қолди. Расман билдирилишича, поезднинг тўхтаб қолишига ҳаво тақсимлаш тизимида техник носозлик юзага келгани сабаб бўлган.

Бу каби воқеалар сўнгги етти ой ичида тез-тез юз бермоқда.

Россия Тошкент-Москва "Агроэкспресс”и ноябрда ишга туширилишини билдирди

Ўзбекистондан Россияга мева-сабзавот етказиб берувчи Тошкент-Москва “Агроэкспресс” лойиҳаси ноябрь ойида синов қатновини амалга оширади, декабрь ойидан эса тўлиқ ишга тушади. Бу ҳақда Россия Иқтисодий тараққиёт вазирлиги маълум қилди.

Билдирилишича, бу борада Россия иқтисодий тараққиёт вазири Максим Решетников ва Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзақов Тошкентда 26 сентябрь куни ўтказган учрашув пайтида маълум қилинди.

“Агроэкспресс” лойиҳаси асосида Россияга сарҳил мева-сабзавотни мунтазам ва тезкор равишда чегара ва божхона текширувларидан енгиллаштирилган тарзда олиб ўтиш режалаштирилган эди.

Максим Решетников: “Бугунги кунда лойиҳанинг якуний босқичига тайёргарлик кетмоқда. Биз товарларни тез ва тўхтовсиз олиб ўтилиши процедурасини ҳамда темир йўл орқали ташувларнинг махсус тариф шартларини ишлаб чиқдик”, - деб айтган.

Ўзбекистон Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги сайтида Москва расмийлари билан учрашув бўлиб ўтгани ва унда икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар масаласи муҳокама қилингани билдирилди. Бироқ Ўзбекистон вазирлиги “Агроэкспресс” лойиҳаси ҳақида маълумот бермади.

Президент Ўзбекистон – Афғонистон чегарасида ўзбек аскари ҳалок бўлганини айтди

Президент Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон – Афғонистон чегарасида содир этилган отишмада ўзбек аскари ҳалок бўлгани ҳақида президент Шавкат Мирзиёев Наманганда сайловчилар билан учрашув пайтида айтгани тўғрисида “Газета уз” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, президент чегарани наркобарон бузиб ўтишга ҳаракат қилганини ва уни тўхтатиш учун ўқ отилганини айтган.

“Кечаги вазиятда ҳам ўз вазифасини шараф билан бажарган бир аскаримиз қаҳрамонларча ҳалок бўлди. У шу юрт фарзанди — наманганлик эди”, — деган президент.

Мирзиёев Фарғона водийси вилоятларидаги сайловчилар билан учрашади

Ўзбекистоннинг амалдаги президенти ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашиш учун 27 сентябрь куни Наманган вилоятига жўнаб кетди.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, кейинги кунлари унинг Фарғона ва Андижон вилоятларида ҳам сайловолди учрашувлари ўтказиши режаланган.

Мирзиёев водий вилоятларига сафари чоғида у ерлардаги корхоналар фаолияти, бунёдкорлик ишлари, маҳаллалар ҳаёти билан ҳам танишиши билдирилган.

24 октябрдаги сайловларда иккинчи муддатга сайланиши кутилаётган 64 яшар Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм ҳамда Самарқанд вилоятларига сафар қилган эди.

Коронавирус қурбонлари сони 1225 нафарга, пневмониядан вафот этганлар сони 225 нафарга етди

Ўзбекистонда 26 сентябрь куни коронавирусга чалинган беморлардан 3 нафари вафот этган, шу тариқа бу хасталикдан қурбон бўлганларнинг умумий сони 1 минг 225 нафарга етган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги қайдича, кеча мамлакат бўйлаб 403 киши коронавирусга чалинган, вирус юқтириб олганларнинг умумий сони эса 172 минг 493 нафарни ташкил қилган.

Айни пайтда якшанба куни барча ҳудудларда 418 киши тузалиб, соғайганларнинг умумий сони 167 минг 199 нафарга етган.

ССВ маълумотига кўра, ўтган кеча-кундузда яна 68 нафар кишида пневмония аниқланган, 5 июлдан бери эса 26 минг 980 киши пневмонияга чалинган. Булардан 25 минг 269 нафари соғайиб чиққан, 225 нафари эса вафот этган.

Россия турли жиноятларда айбланган 3 кишини Ўзбекистонга экстрадиция қилади

Иллюстратив сурат

Россия расмийлари наркотик моддалари ноқонуний савдоси ва мулкка қарши жиноятларда айбланган 3 нафар шахсни Ўзбекистонга экстрадиция қилмоқчи.

Россия Бош прокуратураси маълумотига кўра, Ўзбекистонга топширилажак А.Т. 2020 йил май ойида йирик миқдордаги гиёҳванд моддасини ноқонуний сотиб олиб, сақлаган. Жорий йил февралида у Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов ТИИБ нозирига 100 доллар пора бераётган пайтда қўлга олинган.

Экстрадиция қилинадиганлардан яна бири бўлмиш Т. С. эса Финляндияга ишга жойлаштириб қўйиш баҳонасида пул ўғирлаганликда айбланмоқда.

Россия прокуратураси товламачиликда айбланган И. С. ни ҳам Ўзбекистонга топширади.

Россия ҳудудида турли пайтларда қўлга олинган бу кишилар Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан тақдим этилган тегишли сўровномалар асосида Тошкентга ўтказиб берилиши, экстрадицияга оид қарор қонуний кучга кириб бўлган айтиляпти.

Вазир А. Комилов Афғонистон бўйича Истанбулда ўтказилаётган ТИВ раҳбарлари йиғилишда иштирок этади

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 27-28 сентябрь кунлари Афғонистон бўйича Истанбул шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этади.

ТИВ расмий вакили Юсуф Қобилжонов тарқатган маълумотга кўра, Туркиядаги учрашув давомида хавфсизлик ва минтақавий иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари, шунингдек Афғонистондаги вазият муҳокама қилиниши режаланган.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши 2009 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирда унга Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Туркия тўлиқ аъзо, Венгрия эса кузатувчи аъзо бўлиб ҳисобланади. Шу йил ноябрида ташкилотга Туркманистон ҳам тўлиқ аъзо сифатида қўшилиши кутилмоқда. Кенгашнинг асосий мақсади туркий тилли давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантиришдир.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўтган ҳафта БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси доирасида видеоконференция орқали ташкил этилган ҳамда Афғонистондаги вазиятга бағишланган Марказий Осиё ва АҚШ ташқи сиёсий идоралари раҳбарларининг “C5+1” шаклидаги учрашувида иштирок этган эди.

Ўтган саккиз ой ичида Ўзбекистонга 1 миллион 600 дона телефон импорт қилинди

Иллюстратив сурат

Ўзбекистон жорий йилнинг январь-август ойларида хориждан 1 миллион 600 дона телефон сотиб олган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 миллион 200 донага кўпдир.

Давлат статистика қўмитаси маълумотига кўра, ўтган саккиз ой ичида мамлакатга импорт қилинган телефонлар қиймати 117 миллион 400 минг AҚШ долларига тенг бўлган.

Қўмита қайдича, Ўзбекистон мазкур телефонларни дунёнинг 12 та давлатида импорт қилган.

Мобил телефонлар энг кўп Хитой (63 миллион долларлик) ва Вьетнамдан (41,4 миллион долларлик) сотиб олинмоқда. Ўзбекистонга телефон импорт қилаётган мамлакатлар орасида Ҳиндистон, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Германия, Жанубий Корея ва Россия каби мамлакатлар ҳам бор.

Ўзбекистонда узум ортидан қовун ва тарвуз экспорти ҳам озайди

Иллюстратив сурат.

Жорий йилнинг январь-август ойларида Ўзбекистон хорижга қиймати 19 миллион 300 минг долларга тенг бўлган 69,7 минг тонна қовун ва тарвуз экспорт қилди.

Давлат статистика қўмитасининг билдиришича, бу 2020 йилнинг шу даврига солиштирганда 9,5 минг тоннага оздир.

Ўтган 8 ой мобайнида Ўзбекистон энг кўп қовун ва тарвуз экспорт қилган давлатлар Қозоғистон (29,2 минг тонна), Россия (19,2 минг тонна), Қирғизистон (10,2 минг тонна), Украина (4,9 минг тонна), Латвия (2,3 минг тонна), Беларусь (1,3 минг тонна), Тожикистон (960,8 тонна) ва Германия (939,4 тонна) бўлди.

Аввалроқ статистика қўмитаси Ўзбекистон 2021 йилнинг 7 ойида 40 та давлатга қиймати 33 миллион 700 минг долларга тенг бўлган 35 минг тонна узум экспорт қилгани ва бу кўрсаткич ўтган йилгидан 7 минг 400 тоннага озлигини билдирган эди.

ДХХ мамлакат бўйлаб хайрия тадбирлари ўтказмоқда. Тадбирлар учун пул кимдан олингани айтилмади

“ДХХ матбуот хизматидан маълум қилишларича, хавфсизлик хизмати ташкил этилганининг 30 йиллиги муносабати билан идора томонидан мамлакат бўйлаб кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари учун, шунингдек, мактаблар ва меҳрибонлик уйларида тантанали дастурлар ташкил этилиб, байрам дастурхонлари ёзилмоқда, эсдалик совғалари улашилмоқда”, -деб хабар берди “Дарё” нашри.

Нашр, жумладан, Республика болалар таянч-ҳаракат тизими касалликлари реабилитация марказида Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган хайрия тадбиридан фоторепортажни эълон қилди.

Бироқ республика миқёсида мактаблар, кам таъминланган оилалар ва меҳрибонлик уйларида ўтказилаётган тадбирларга ва совғаларга пул қайси манбадан ёки ким (лар) дан олингани расман айтилмади.

Ўзбекистоннинг аввалги президенти И. Каримов 1991 йил 26 сентябрида Ўзбекистон ССР КГБсини давлат раҳбарига бўйсунадиган Миллий хавфсизлик хизматига айлантирганидан бери бу сана МХХ ходимлари куни сифатида нишонланиб келган. Бироқ бу анъана президент Ш. Мирзиёев томонидан 2018 йили “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонун имзоланганидан кейин ўзгариб, ДХХчилар куни 5 апрелга кўчирилганди.

Аммо президент Шавкат Мирзиёев шу йил 14 сентябрда имзолаган “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунда ДХХ ходимлари кунини нишонлаш яна 26 сентябрга кўчирилган.

Коронавирус ва пневмониядан ўлганлар сони расман 1,5 минг кишига яқинлашди

25 сентябрь куни 500 кишида коронавирус аниқланган ва 4 бемор кўз юмган.

Ўзбекистонда шу кунгача коронавирусдан 1222, пневмониядан 224, жами 1446 киши вафот этгани ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги 25 сентябрь куни эълон қилган расмий билдирувда маълум қилинди.

Кузатувчилар ва мутахассислар ўлганлар сони вазирлик келтираётган рақамлардан бир неча баробар кўп бўлиши мумкин, деган таҳминни олға суриб, расмий маълумотга ишончсизлик билдириб келади.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 25 сентябрь куни 500 кишида коронавирус аниқланган ва 4 бемор кўз юмган. Бу билан коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 172090 кишини ташкил этмоқда.

25 сентябрь куни 94 кишида пневмония аниқланиб, жами беморлар сони 26912 нафарга, соғайганлар сони 25237 нафарга етди.

Шунингдек, 1 бемор вафот этиб, шу кунгача 224 киши пневмониядан вафот этди.

Россияда ўзбекистонлик 11 муҳожир ўлимида айбланган аёл 4 йилга қамалди

Асиновск тумани Причулимск қишлоғидаги ётоқхонада чиққан ёнғинда 2020 йил 21 январда 12 меҳнат муҳожири ҳалок бўлган.

Хитойлик тадбиркор аёл Сунь Аньни муҳожирларни ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган ётоқхона билан таъминлаганликда ва бунинг ортидан юзага келган ёнғинда 12 кишининг ўлимига сабаб бўлганликда айбдор деб топилди.

Россия Тергов қўмитасининг билдиришича, Томск вилоят Асиновск туман суди ҳукми билан у 4 йил озодликдан марҳум этилди.

Асиновск тумани Причулимск қишлоғидаги Green Wood ёғочни қайта ишлаш ширкати директори бўлган Сунь Аньни 2020 йилнинг 5 февралида қўлга олинган эди.

2020 йилнинг 21 январида Green Wood ширкатига қарашли ётоқхонада ёнғин содир бўлган ва унда 12 киши, жумладан, 11 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган эди.

ССВ: Коронавирус билан боғлиқ сўнгги вазият

Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатда коронавирус тарқалиши статистикасини эълон қилди.

Вазирлик матбуот хизматининг хабар беришича, сўнгги кеча кундузда Ўзбекистонда 550 нафардан зиёд кишида коронавирус аниқланди, касалликдан қарийб 670 нафарга яқин бемор тузалиб, соғайиш кўрсаткичи 97 фоизга етди.

23 сентябр куни республикада 560 одамда COVID-19 аниқланган эди.

Хусусан, Тошкентда 238та, Қорақалпоғистонда 34та, Андижон вилоятида 8та, Бухоро вилоятида 5та, Жиззах вилоятида 5та, Сирдарё вилоятида 16 кишида, Қашқадарё вилоятида 7та, Навоий вилоятида 5та, Наманганда вилоятида 8та, Фарғона вилоятида 23та, Самарқанд вилоятида 57та, Хоразм вилоятида 4та, Тошкент вилоятида 127та ва Сурхондарё вилоятида 23та коронавирус билан касалланган аниқлангани маълум қилинди.

Мамлакатда коронавирусдан тузалганларнинг умумий сони 165 282 га ёки касалланганларнинг умумий ҳисобидан 97 фоизга етди.

Шунингдек, коронавирусдан бешта янги ўлим қайд этилиб, ўлганларнинг умумий сони 1212 кишига етди.

Тошкент кинофестивалида Али Ҳамроевнинг "Самарқандда қовун таровати" филми намойиш этилади

Али Ҳамроев ўзбек мумтоз киноси вакили саналади

"Ипак йўли дурдонаси" Тошкент халқаро кинофестивали миллий дастури доирасида таниқли ўзбек режиссёри Али Ҳамроевнинг "Самарқандда қовун таровати" филми намойиш этилади.

Озодлик билан суҳбатда режиссёр Али Ҳамроев "Самарқандда қовун таровати" кинофестивалда премьера қилинаётганини ҳам сўзлади.

Режиссёр монтаж ишлари эндигина тугаган бу филм 24 сентябр куни киноанжуман бадиий кенгаши томонидан қабул қилингани ва намойишга тасдиқланганини билдирди.

Филмда ўзбекистонлик машҳур қўшиқчи Севара Назархоннинг Самарқанд ҳақидаги янги қўшиғи ҳам янграйди. Картина 1 октябр куни фестивалда кўрсатилади.

2021 йилнинг 28 сентябрида очилиши кутилаётган "Ипак йўли дурдонаси" Тошкент халқаро кинофестивали доирасида дунёнинг 14 давлатининг “Кино кунлари” ўтказилади.

Кинофилмлар намойишлари 29 сентябрдан бошлаб мамлакатнинг барча кинотеатрларида бошланади. 150дан ортиқ филм нафақат Тошкент, балки республика вилоятларида ҳам жамоатчиликка эътиборига ҳавола этилади.

Ўзбекистонда яна “Lacetti” ва “Spark” ишлаб чиқариш бошланди

Модернизация ишлари олиб борилганидан кейин Ўзбекистон заводларидаги ишга тушган линияларда “Lacetti” ва “Spark” автомобиллари ишлаб чиқарилади.

Бу ҳақда хабар берган “UzAuto Motors» АЖ га кўра, жорий йилнинг июль ойининг ўрталаридан август ойининг охирларигача заводда модернизация ишлари олиб борилган. Олдинроқ яримўтказгичларнинг глобал танқислиги туфайли “Lacetti” ва “Spark” автомобилларининг ишлаб чиқарилиши ҳам тўхтатилгани маълум қилинган эди.

Ҳозирда “UzAuto Motors” компанияси оммабоп ва нисбатан арзонроқ бўлган автомобиль моделларини ишлаб чиқаришни тиклаган. Асака шаҳридаги заводда ишлаб чиқариш ҳажми кунига ўртача 800 дан ортиқ автомобилга етгани хабар қилинмоқда.

Аввалроқ Озарбайжоннинг Ҳажигабул шаҳрида “UzAuto Motors” акциядорлик жамияти ва “SamAvto” заводи ишлаб чиқариш линиясининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтгани айтилганди.

Чирчиқ полигонида миллий гвардиячи нобуд бўлгани Бош прокуратура назоратига олинди

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати наманганлик 21 ёшли йигит ҳарбий хизматда портлаб кетгани тўғрисдаги ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан маълумот тарқатди.

Шу йилнинг 21 август куни дала ўқув майдонида снаряд қолдиқлари портлаши натижасида содир бўлган бахтсиз ҳодиса оқибатида Миллий гвардия муддатли ҳарбий хизматчиси Р. Баратов нобуд бўлгани айтилди.

Марҳум йигитнинг ота онаси президент Шавкат Мирзиёевга махсус видеомурожаат ҳозирлаган эди. Улар ўз фарзандларининг ўлими юзасидан текширув ўтказиш ва бу фалокатга айбдор бўлган мансабдорларга нисбатан чора кўришни сўради.

Мазкур ҳолат юзасидан 21 август куни Чирчиқ ҳарбий прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 297-моддаси (“Атрофдагилар учун катта хавф манбайи бўлган қурол-яроғ, шунингдек, модда ва буюмлар билан муомалада бўлиш қоидаларини бузиш”) асосида жиноят иши қўзғатилди.

Бош прокуратура мазкур иш юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, прокурор назорати ўрнатилганини билдирди.

Ўзбекистонда аниқланган коррупционерлар сони кескин ошди

Акмал Бурхонов, Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори

Ўзбекистонда 2021 йилнинг биринчи ярмида 2544 мансабдор шахсга нисбатан коррупция жиноятлари бўйича 1676 та жиноят иши очилиб, судга юборилган.

2020 йил давомида 1723 кишига нисбатан "коррупция" иши қўзғатилган эди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори Акмал Бурхонов маълум қилди, деб хабар берди департамент матбуот хизмати.

Айбланувчиларнинг аксарияти - 1297 киши (51%) – Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 167-моддаси ("Ўғирлик ёки ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш") бўйича жиноят содир этган мансабдор шахслар эди. Яна 420 киши 168-модда ("Фирибгарлик"), 80 киши - 210-модда ("Пора олиш"), 58 киши - 205-модда ("Ҳокимият ёки мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш"), 4 киши - "Мақола" бўйича жавобгарликка тортилди.

Яна 4 киши Жиноят Кодексининг 206-модда ("Мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш") ва 18 киши - 209-моддаси ("Мансаб сохтакорлиги") асосида жавобгарликка тортилгани айтилди.

Коррупцияга қарши кураш агентлиги энг кўп коррупция ишлари билан қўлга олинганлар сони Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари - 107 киши, иккинчи ўринда Халқ таълими вазирлиги - 74 киши, учинчида - 66 киши - давлат корхоналари раҳбарияти аъзолари орасидан аниқланганини очиқлади.

Шунингдек, рўйхатга банклар, бошқа вазирликлар, идоралар ва қўмиталар вакиллари ҳам киритилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG