Линклар

Шошилинч хабар
25 июн 2021, Тошкент вақти: 03:33

Андижон шаҳри марказида уй бузган пулсиз қурувчи айби билан 18 оила кўчада қолди


Андижон шаҳри, Навоий кўчаси, 61-уй ўрнидаги қурилишнинг бу кўринишини Human.uz канали январда тасвирга олганидан буён ҳам ишлар ҳануз "музлаб" турибди.

Андижон шаҳрининг Навоий шоҳкўчасидаги кўп хонадонли, икки қаватли 61-уй бузилганига икки йилдан ошди.

Ўтган асрнинг 50-йилларида қурилган уйни бузган қурувчи ташкилот бу ерда яшаганларга янги уйни бир йилда қуриб битказишни, уй эгаларига янги квартира беришни ваъда қилган.

Бироқ орадан икки йил ўтса ҳамки, қурилажак 9 қаватли уйнинг ҳатто биринчи қавати битмади, қурилиш-монтаж ишлари музлаб турибди.

Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши ўтган ойнинг охирида ишни жадаллаштириш учун қурувчига бир ойлик муҳлат берди.

Бироқ эски уйни бўшатиб бериб, шу кунда уйсиз қолган 18 оиланинг вакиллари муаммоси қачон ҳал бўлиши мавҳумлигича қолмоқда.

Тўнғичи 6 яшар, кенжаси 6 ойлик 4 боланинг отаси, 34 яшар Улуғбек Навоий кўчаси, 61- уйдаги 3 хонали квартирасини қўшнилари қатори 2019 йилнинг апрелида қурувчи Бобурга бўшатиб берган.

Деярли ҳар куни бораман бузилиб кетган уйимиз олдига. Ойлардан бери иш тўхтаб турибди.

“Квартирамиз 3 хонали, умумий майдони 57 квадрат метр эди. Қурувчи билан “хонага хона” қилиб гаплашганмиз. Яъни менга янги уйдан 3 хона бериши керак эди. Лекин бу ҳозирча қуруқ гап бўлиб турибди. Деярли ҳар куни бораман бузилиб кетган уйимиз олдига. Ойлардан бери иш тўхтаб турибди”, - деди Озодликка Улуғбек 18 май куни.

Унинг сўзларига кўра, Улуғбек оиласи билан икки йилдан бери ота-онасининг уйида яшаб турибди. “Андижонликнинг оиласи билан ота-онасининг уйида яшаб туриши қанчалик қийинлигини фақат андижонликкина тушунади”, - деди Улуғбек Андижонда аҳоли ўта зич яшашини назарда тутиб.

Улуғбекнинг айтишича, уйсизлик дардига бироз малҳам бўлиб турган ижара ҳақи ҳам икки ойдан буён тўхтаб қолган. Уйни бузган қурувчи 18 оиланинг ҳар бирига ойига 700 минг сўмдан ижарага оладигани уй учун ҳақ тўлаб келган.

Икки фарзанднинг отаси, 85 га кирган онанинг ўғли 48 яшар Омаджон - Улуғбекнинг собиқ қўшниси. Қурувчи Омаджонга ижара пули тўламаган: квартиранинг эгаси билан ўзи гаплашиб, Омаджоннинг оиласини киритиб қўйган.

Чарчадик, айниқса 85 яшар онамга қийин бўлди.

“Чарчадик, - деди Омаджон Озодликка 18 май куни, - айниқса 85 яшар онамга қийин бўлди. Бобиржон Собировнинг компанияси (қурувчи) киритиб қўйган квартирада икки йилга яқин турдик. Учинчи қаватда бўлгани учун онам жуда қийналди. Ўзимизнинг уйда биринчи қаватда яшардик. Яқинда квартирадан чиқариб юборишди. Ҳозиргисиям учинчи қаватда. Уйимиз битишидан эса, дарак йўқ”.

Омаджоннинг айтишича, у собиқ қўшнилари билан ҳам, ёлғиз ўзи ҳам жуда кўп идораларга арз қилган. “Ёзмаган жойим қолмади. Президент порталигача ёздим, лекин натижа йўқ”, деди Омаджон.

"Навоий кўчаси, 61-уй ўрнида қурилаётган 9 қаватли уйнинг биринчи қавати ҳам битмади"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:54 0:00

Улуғбек ва Омаджоннинг бузилиб кетган уйи жойлашган маҳалла оқсоқоли Камолиддин аканинг масаладан яхши хабардор эканлиги маълум бўлди. “Яқинда шаҳар ҳокимлигидаям кўрилди бу масала. Қурувчи кредит берилишини кутяпти. Худо хоҳласа тез кунда бошланиб қолади қурилиш”, деди ва негадир бу гапга ишонтиришга уринди маҳалла оқсоқоли.

Бузилган 61-уй ўрнида 9 қаватли уй қуришни бошлаган девелопер Бобуржоннинг иккита номери ҳам кун давомида ўчиқ бўлди.

Мавзуни ўрганиш жараёнида муаммо 4 ой олдин Ютюбдаги Human.uz каналида ёритилгани маълум бўлди.

Шу йилнинг 20 январида эълон қилинган 30 дақиқали кўрсатувни томоша қилган киши Улуғбек ва Омаджонларнинг 18 май куни айтганларини эшитиб, жўнатган видеоларини кўриб, ўтган 4 ойда мутлақо ҳеч нарса ўзгармаганига гувоҳ бўлиши мумкин.

Кўрсатувда уйсиз қолган собиқ қўшниларнинг деярли барчасини кўриш мумкин. Унда қурувчи Бобиржон Собировнинг расмий вакили, иш бошқарувчи Ҳаётилло Сиддиқов иш тўхтаб қолганига иккита важ келтиради. Биринчиси қурилиш майдонига қўшни яшайдиган фуқаро билан судлашув кетаётгани, иккинчиси қурилишни давом эттириш учун кредит олиш масаласи ҳал бўлиши кутилаётганидир. Ҳаётилло Сиддиқовнинг айтишича, унинг бошлиғи Бобиржон Собиров 35 миллиард сўм кредит олишга ҳаракат қиляпти.

Бу гап жорий йил январининг биринчи ярмида бўлган. Ҳозир эса, майнинг иккинчи ярми. Иш эса, ҳануз тўхтаб турибди. Демак, қурувчи кўзлагани кредитни ололгани йўқ.

Андижон шаҳар ҳокимлиги биноси ўрнида қурилаётган Президент мактаби.
Андижон шаҳар ҳокимлиги биноси ўрнида қурилаётган Президент мактаби.

Маблағи йўқ девелоперга ҳам қурилиш бошлашга рухсат берилаверадими? Бу саволга Андижон шаҳар ҳокимлигидан жавоб топиб бўлмади.

Бироқ Андижон шаҳар ҳокимлиги қурилиш бўлими етакчи мутахассиси Муҳаммадаъзамхон Музробхонов Human.uzнинг бундан 4 ой олдинги кўрсатувида иштирок этаркан, қурилиш тўхтаб қолганини қурувчи билан қурилиш майдонига қўшни фуқаро ўртасидаги тортишув сабаб эканини билдирган.

Тортишув замирида фуқаронинг шахсий мулки бўлган уйи қурилишни давом эттиришга изн бермаётгани ётибди. Фуқаро уйни сотишга рози. Лекин у сўраётган нархни қурувчи кўтармаяпти. “Энди ишни суд кўради”, - дейди ҳокимлик хизматчиси.

Ўтган тўрт ойдан буён бу иш бир ёқлик бўлганига оид маълумот йўқ.

Нусхаси Озодликда мавжуд ҳужжатдан 61-уй билан боғлиқ можаро Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашида ҳам кўрилгани англашилади. Кенгаш ўзининг 30 апрелдаги қарори билан Навоий кўчасидаги 61-уй ўрнидаги қурилиш ишларини жадаллаштириш учун бир ойлик муҳлат берган. Акс ҳолда, қарорда айтилишича, шаҳар ҳокимининг 2019 йил, 11 апрелдаги ва 2020 йил, 10 январдаги қарорлари бекор қилиниши тасдиқланади.

Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши қарори
Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши қарори

Ҳокимнинг қарорда тилга олинган қарорлари мазмуни ҳужжат матнидан тушунилмайди. Бироқ матннинг умумий руҳидан ҳоким қарорлари Бобиржон Собировга қурилиш қилишга рухсат беришга оид бўлганини тахмин қилиш мумкин.

“Бизнинг уй бузилганидан кейин ҳокимлик биноси бузилиб, ўрнига Президент мактабини қуришди. Эски уйимиз ёнида болалар боғчаси қурилди. Икки бекат нарида бизникидан кейин бошланган 9 қаватли уй битди. Бизникичи? Бизники қачон битади?!” деди Улуғбек.

Андижон шаҳри, Навоий кўчасида қурилган янги уйлар.
Андижон шаҳри, Навоий кўчасида қурилган янги уйлар.

Андижон шаҳри, Навоий кўчасидаги собиқ 61-уй аҳолисининг муаммолари хусусий қурилиш ташкилотининг масъулиятсизлиги билан боғлиқ бўлса, кўп ҳолларда ўзбекистонликлар маҳаллий ҳокимликлар ўзбошимчалигидан жабр кўриб келади. Озодлик радиоси бу мавзуда жуда кўп хабарлар эълон қилган.

Қуйидаги видеоматериалда Андижон вилоятида 2019 йили юз берган воқеалардан бири ҳақида ҳикоя қилинади.

Уйи бузилган турғун: Бизга на компенсация берилди¸ на ëрдам
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:30 0:00

Маҳаллий маъмурлар ва ҳокимиятга яқин тадбиркорлар билан маҳаллий аҳоли ўртасида ер ва уй-жой қурилиши юзасидан зиддиятлар янгилик эмас.

Президент Мирзиёев 2019 йилнинг августи бошида Интернет нашрларида Фарғона, Хоразм, Қашқадарё вилоятлардаги бузилишларга фикр билдирган ўзбекистонликларнинг ёзганларини дастак қилиб келтириб, у ишонган ҳокимлар унга "катта душманлик" қилганини айтркан, бундай деган эди:

-Арипов билан Низомиддиновга топшириқ, қайси вилоят ҳокимини ишдан олишни таклиф беринг. Менга керак эмас! Яна бир марта айтяпман, бу сиёсат билан биз узоққа бора олмаймиз — зўравонлик сиёсати билан! Агар зўравонлик сиёсати зўр бўлганда 30 йилда зўр бўлиб кетардик", - деганди Шавкат Мирзиёев.

Бироқ Президентнинг ғазаби узоққа бормаган, ўшанда танбеҳ эшитганларнинг баъзилари кейин янада юқорироқ лавозимга кўтарилган.

XS
SM
MD
LG