Линклар

Шошилинч хабар
18 май 2021, Тошкент вақти: 19:22

АҚШ разведкаси: Россия янада заифлашади, аммо "бузғунчилик қилиш"да давом этади


Президент Владимир Путин, Москва ва Бутун рус патриархи Кирилл ҳамда Мудофаа вазири Сергей Шойгу - Санкт Петербург, 20 июль, 2017

АҚШ разведкаси 8 апрель куни эълон қилган ҳисоботда айтилишича, кейинги 20 йил ичида Россия «бузғунчи куч» бўлиб қолиши, аммо сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлар туфайли мамлакатнинг глобал миқёсда таъсири озайишини кутиш мумкин.

Ҳар тўрт йилда бир тайёрланадиган АҚШ Миллий разведка кенгаши ҳисоботида келгуси 20 йил ичида АҚШ миллий хавфсизлиги муҳити шаклланишида муҳим ўрин тутиши мумкин бўлган глобал ўзгаришлар ҳақида кенг маълумот берилган.

«Глобал тенденциялар – 2040: Янада мунозарали дунё» деб номланган ҳисоботда «Яқин йиллар ва ўн йилликлар ичида жаҳон касалликлардан тортиб, иқлим ўзгаришию, технологик ва молиявий инқирозларгача бўлган тобора шиддатли ва поғонали глобал муаммоларга дуч келади», дейилади.

Айни дамда минтақавий қудратли давлатлар ва нодавлат кучлар кўпроқ таъсир кўрсата бошлаши мумкин. Натижада «можароларга мойил ва ўзгарувчан геосиёсий муҳит» юзага келиши ва халқаро ҳамкорлик заифлашиши мумкин.

АҚШ разведкаси Россияни Хитой каби «ўсиб бораётган ва ревизионист» куч деб таърифлади. Ҳисобот муаллифларига кўра, Москва анъанавий қадриятларни тиклаш ва ички ишларига бошқа мамлакатлар аралашишига барҳам бериш йўлида ғарб институтлари ва меъёрлари ҳукмронлик қилаётган халқаро тартибни ўзгартиришга уринади.

«Россиянинг моддий имкониятлари бошқа йирик ўйинчиларга солиштирганда пасайиб боради, аммо бунга қарамасдан, мамлакат кейинги йигирма йилнинг бир қисми давомида ёки бошидан охиригача бузғунчи куч бўлиб қолиши мумкин», дейилади ҳисоботда. «Россиянинг афзалликлари, жумладан, одатий армия, оммавий қирғин қуроллари, энергетика ва минерал ресурслар, кенг география, демография ва чет элда куч ишлатишга ҳозирлик мамлакат собиқ совет ҳудудда ва айрим ҳолатларда ундан ҳам нарида бузғунчи ва воситачи ролини ўйнашда давом этишига имкон беради».

Ҳисоботга кўра, Россия ғарбдаги бўлинишларни кучайтириш учун ахборот урушидан фойдаланишда давом этади. Шунингдек, Москва «чет элликлар орасида цинизм келтириб чиқариш, муассасаларга бўлган ишончни пасайтириш, фитна назарияларини тарғиб қилиш ва жамиятларни бўлиш» йўлида чора кўришда давом этади.

Айни пайтда, Россия Африка, Яқин Шарқ ва бошқа ҳудудлардаги мамлакатлар билан алоқаларини кенгайтириши мумкин. Москва, шунингдек, глобал исишнинг Арктикага таъсиридан фойдаланиб, ушбу улкан ҳудудда ўз иқтисодий ва ҳарбий таъсирини оширишга уринади.

АҚШ разведкаси таҳлилчиларининг фикрича, Россия баъзи сиёсий ва ҳарбий афзалликларига қарамай, мураккаб сармоя муҳити, ўсишдан тўхтаётган ишчи кучи, нархи ўзгариб турадиган молларга бўлган қарамлик ҳамда кейинги 20 йил ичида глобал ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) атиги 2 фоизини ташкил этадиган кичик иқтисоди туфайли «глобал миқёсда ўз таъсирини тарқатиш ва сақлаб қолишига қийналади».

Ички сиёсат жабҳасида Россияда кейинги 20 йил президент Владимир Путин президентликни бўшатишига боғлиқ бўлади. Путин 2024 йилда, яъни амалдаги ваколат муддати охирида ёки ундан ҳам кейинроқ ҳокимиятдан кетиши мумкин. Путин ҳокимиятдан кетиши ортидан «Россиянинг геосиёсий мавқеи янада тезроқ нураши мумкин, айниқса ички беқарорлик юзага келса», дейилади ҳисоботда.

Хитой ва Россия АҚШ ва бошқа ғарб демократияларини ўзига рақиб деб кўрса-да, АҚШ разведкаси фикрига кўра, Москва ва Пекин бир-бири ва бошқа мамлакатлар билан «расмий иттифоқлар тузишдан» қочади.

Бундай ёндашув икки мамлакатга «ўзаро хавфсизлик чалкашликларига йўл қўймаган ҳолда таъсир ўтказиш ва танлаб-танлаб иқтисодий ва ҳарбий босим ўтказиш» имконини беради.

Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Путин ҳокимиятда қолар экан, Пекин ва Москва бир-бирини қўллашда давом этишини кутиш мумкин.

XS
SM
MD
LG