Линклар

Шошилинч хабар
16 май 2021, Тошкент вақти: 21:37

Россия ва Хитой Ғарб санкцияларига қарши ўзаро бирдамлигини намойиш қилмоқда


Ван И ва Сергей Лавров 23 март куни Пекинда бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида.

Хитой ва Россия ташқи ишлар вазирлари БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоларини саммит ўтказишга чорлади. Ҳар икки давлат ўз ҳудудида инсон ҳуқуқлари бузилаётгани ҳамда сиёсий мухолифатга қарши босим ўтказилаётгани учун Ғарб санкцияларига йўлиққан.

Ван И ва Сергей Лавров 23 март куни Пекинда бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида Ғарб давлатларининг ўзларига қаратилган танқидларини рад этдилар. Россия ва Хитой АҚШни халқаро ҳуқуқий тизимни издан чиқариб, Совуқ уруш давридаги ҳарбий ва сиёсий иттифоқларга суянаётганликда айблади.
Лавров ва Ван қўшма баёнот эълон қилиб, яна бир бор ўзларининг ички ишларига бошқа давлатлар аралашаётганини қораладилар ва «демократик модель учун ягона стандарт йўқ» дея даъво қилдилар.

«Суверен давлатларнинг ўз ривожланиш йўлларини мустақил белгилаш бўйича қонуний ҳуқуқларини ҳурмат қилиш лозим. “Демократияни тарғиб қилиш” баҳонасида суверен давлатларнинг ички ишларига аралашишига йўл қўйиб бўлмайди», - дейилади қўшма баёнотда.

Ван Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Канада ва АҚШ Хитойнинг Шинжон минтақасида уйғурлар ҳуқуқлари топталаётганини айтиб, мамлакат расмийларига қарши санкция жорий қилганини қоралади.

Европа Иттифоқи Хитойга нисбатан жорий этган санкциялар Магнитский қонунига ҳамоҳангдир. Ушбу қонунга биноан, АҚШ ҳукумати инсон ҳуқуқларини кенг кўламда бузган шахсларга қарши санкция жорий қилиши, уларнинг мол-мулкини музлатиб қўйиши ва уларнинг АҚШга киришини тақиқлаши мумкин.
Россия ва Хитой ташқи ишлар вазирлари ўз баёнотларида БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоларини саммит ўтказишга чорладилар.

Ван ва Лавров, дастлаб, 22 март куни Хитой жанубидаги Наньнин шаҳрида учрашди. Икки дипломат Вашингтонни бошқа давлатлар ишларига аралашишда айблади ва АҚШни 2015 йилда Эрон ядровий дастури бўйича эришилган келишувга қайтишга ундади. Собиқ президент Дональд Трамп 2018 йилда Вашингтонни келишувдан бир томонлама чиқариб, Эронга қарши санкция жорий қилган эди.

Ўша битимни Россия ва Хитой ҳам имзолаган бўлиб, ушбу икки давлат Теҳрон билан яқин алоқаларни сақлаб келмоқда.

«Мамлакатлар ҳар қандай бир томонлама санкцияга қарши туришлари керак, - деди Ван. - Бундай чоралар халқаро ҳамжамият томонидан қабул қилинмайди».

Ваннинг ушбу изоҳларидан аввалроқ Пекин Ғарб санкцияларига жавобан Европа Иттифоқида яшовчи 10 нафар шахсга ва тўртта ташкилотга нисбатан ўз санкцияларини эълон қилган эди. Пекин уларни Хитойнинг суверенитети ва Шинжондаги манфаатларига жиддий зарар етказишда айблади.

Ван ва Лавровнинг қўшма баёнотидан бир кун олдин Россия президенти Владимир Путин Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель билан суҳбатлашиб, Европа Иттифоқини «қарама қаршилик сиёсати» олиб боришда айблаган эди.
Ўша куни Европа Иттифоқи Чеченистонда инсон ҳуқуқлари топталишига алоқадор икки амалдорга қарши санкция жорий қилди.

Европа Кенгаши президенти Путинни яна бир бор мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навальнийни озод қилишга ва унинг 2020 йилнинг августида заҳарлангани бўйича шаффоф тергов ўтказишга чақирди.

Россия ҳукумати Навальнийнинг совет даврида ишлаб чиқилган модда билан заҳарланиши бўйича тергов ўтказишдан бош тортиб келади.

Жорий ой бошида АҚШ ва Европа Иттифоқи Навальнийнинг заҳарланиши ва қамалишига алоқадор юқори мартабали етти амалдорга қарши санкция жорий қилган эди.

XS
SM
MD
LG