Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:24

АҚШ Намояндалар палатаси Разведка қўмитаси импичмент учун ҳисобот тайёрлади


Оқ уй матбуот котиби Стефани Гришамнинг баёнотида Разведка масалалари бўйича қўмита раиси Адам Шифф (суратда) бошчилигида тузилган ҳисобот ва ўтказилган тергов натижалари рад этилади. 
Оқ уй матбуот котиби Стефани Гришамнинг баёнотида Разведка масалалари бўйича қўмита раиси Адам Шифф (суратда) бошчилигида тузилган ҳисобот ва ўтказилган тергов натижалари рад этилади. 

АҚШ Конгрессининг Демократлар кўпчилик бўлган Намояндалар палатасининг Разведка масалалари бўйича қўмитаси 300 бетлик ҳисоботни тасдиқлади. Унда президент Дональд Трамп чет мамлакат ҳукуматига ўзининг сиёсий мухолифи ишини тергов қилишга босим ўтказиш билан хизмат ваколатларини суиистеъмол қилган, деган хулосага келинди.

Ёпиқ тарзда ўтган овоз бериш билан импичмент эълон қилиш учун фактларни аниқлаштириш босқичи якунланди ва ҳисобот кўриб чиқиш учун Намояндалар палатасининг Ҳуқуқий масалалар бўйича қўмитасига юборилмоқда.

4 декабрдан бошлаб, Ҳуқуқий масалалар бўйича қўмита ҳисоботдаги далилларни ўрганишга киришади ҳамда импичментга оид моддаларни тайёрлаш ёки президентга расмий айбловлар эълон қилиш-қилмаслик тўғрисида қарор қабул қилади.

“Президент Дональд Трамп сиёсий рақиби, собиқ вице-президент Жо Байден иши бўйича тергов ўтказиш учун Украинага босим ўтказишда хизмат ваколатларидан фойдалангани, 2016 йилдаги президент сайлови кампаниясига Россия эмас, Украина аралашгани хусусидаги фитна назарияси фош бўлгани билан боғлиқ далиллар аниқ, ‒ дейилади қўмита баёнотида. ‒ Ушбу терговлар 2020 йилда президентни қайта сайлаш мақсадида сайлов кампанияси вақтида фойдаланиш учун ўйлаб топилган”.

Намояндалар палатаси қонун чиқарувчилари Трампнинг 25 июлда Украина президенти Володимир Зеленский билан телефон орқали гаплашганидан олдинги, сўзлашув вақтидаги ва ундан кейинги воқеаларга эътибор қаратди.

Трамп Зеленскийга қўнғироқ қилишдан олдин Украинага бериладиган 391 миллиони АҚШ долларилик ҳарбий ёрдамни тўхтатиб турган, сўзлашув вақтида эса Зеленскийдан бошқа ён беришлар қатори Байден ва ўғли Ҳантер ишини тергов қилишни ҳам талаб этган.

Трамп импичмент эълон қилиш бўйича терговни “хомхаёл”, Конгресс эшитувларини эса “адолатсиз суд” деб атади.

Демократларнинг ҳисоботи икки қисмга бўлинади: биттаси Украина иши бўйича “схема”, иккинчиси эса “қаршилик кўрсатиш” деб аталади.

Ҳисоботда айтилишича, “схема” маъмуриятнинг юқори лавозимли амалдорлари, жумладан, давлат котиби Майк Помпео, лавозимидан кетаётган энергетика вазири Рик Перри ва Оқ уй аппарати бошлиғи вазифасини бажарувчи Мик Малванининг “рухсати ва маъқуллаши” билан амалга оширилган.

Иккинчи қисмда Трамп маъмурияти Конгресс терговчиларига талаб қилинган минглаб саҳифалик ҳужжатларни бермаганликда айбланмоқда. Оқ уй ҳам гувоҳлар, хусусан, Трампнинг хатти-ҳаракатларидан бевосита хабардор бўлган кишилар гувоҳлик беришига рухсат этмаган, уларнинг гувоҳлик беришига тўсқинлик қилган.

Ҳисоботда импичмент бўйича аниқ моддалар келтирилмаган.

Оқ уй матбуот котиби Стефани Гришамнинг баёнотида Разведка масалалари бўйича қўмита раиси Адам Шифф (Калифорниялик демократ) бошчилигида тузилган ҳисобот ва ўтказилган тергов натижалари рад этилади.

‒ Бирёқлама сохта жараён сўнггида на раис Шифф ва на демократлар президент Дональд Трамп бирор қонунубузарлик қилгани ҳақида ҳеч қандай исбот келтира олмади, ‒ деди у.

Трамп бевосита ёки адвокати орқали импичмент тадбирларининг иккинчи босқичида қатнашишни рад этди.

Намояндалар палатаси тўлиқ тартибда импичментга оид расмий айбловлар учун овоз берган тақдирда ҳам, ушбу масала юзасидан суд мажлиси Республикачилар кўпчиликни ташкил этувчи Сенатда ўтказилади. Трампни судлаш ва лавозимидан четлаштириш учун тадбирда иштирок этувчиларининг 2/3 овози зарур бўлади.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG