Линклар

Шошилинч хабар
15 декабр 2019, Тошкент вақти: 10:54

Эрдўғон Сурия шимолида сулҳга рози бўлмаслигини айтгач, АҚШ вакиллари Туркияга йўл олди


Сурия шимолида Рас ал-Айн шаҳри узра тутун кўкка ўрламоқда. 2019, 15 октябрь.

АҚШ президенти Дональд Трамп вице-президенти, бош дипломати ва миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчисини 16 октябрда Туркияга жўнатмоқда. Сафардан мақсад Туркиядан ўт очишни тўхтатишни талаб қилишдир. Олдинроқ президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Сурия шимолида “ҳеч қачон” сулҳга рози бўлмаслигини айтган эди.

Вице-президент Майк Пенс бир кун олдин 17 октябрда Эрдўғон билан учрашажаги ҳамда унга “Қўшма Штатлар зудлик билан ўт очишни тўхтатиш тарафдори ва вазиятни музокара йўли билан изга солмоқчилигини етказмоқчи экани”ни билдирган эди.

Пенсга сафари давомида давлат котиби Майк Помпео ва миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи Роберт О’Брайен ҳамроҳлик қилади.

Бироқ Эрдўғон Озарбайжондан учоқда қайтаётиб, журналистларга: “Улар бизга оташкесим эълон қилишни айтяпти. Биз ҳеч қачон оташкесим эълон қила олмаймиз”, деб айтди.

АҚШ делегацияси сафаридан икки кун олдин Трамп Туркия ҳукуматининг уч аъзосига нисбатан санкциялар жорий қилган, у ердан АҚШга импорт қилинадиган пўлат учун тариф нархларини кўтарган, ҳам демократ, ҳам республикачи қонун чиқарувчилар президентнинг ушбу қадамини янада кескинроқ чеклов чоралари билан мустаҳкамламоқчи эканини айтган эди.

Ўтган ҳафтада Трамп Туркия чегараси яқинидаги курдлар назорати остида бўлган жойлардан қўшин олиб чиқишини эълон қилган ҳамда баёнотида Қўшма Штатлар Анқаранинг режалаштирилаётган бостириб киришига аралашмаслигини айтган эди.

Туркия қўшинлари Суриянинг чегарасидан ичкарига қараб 30 километрлик ҳудудда “буфер зона” ҳосил қилгандан сўнг АҚШнинг тахминан 1000 аскари бошқа жойга кўчирилди. Туркия қўшинлари чегара ҳудудини курдлар етакчилигидаги Сурия демократик кучларидан (SDF) тозалашга ва 2 миллионча суриялик қочқинларни ўша ерга жойлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Туркия SDFга қарашли энг йирик халқ лашкарини террорчилар ташкилоти деб ҳисоблайди.

Шундан сўнг курдлар турк аскарларидан ҳимоя истаб, Сурия президенти Башар Асад қўшинлари билан келишувга эришди.

Ўз навбатида Россия Анқара ҳужумни давом эттиравергач, Сурия билан Туркия қўшинлари ўртасида тўқнашув юз беришига йўл қўймаслигини маълум қилди.

Кремлнинг Сурия бўйича махсус вакили Александр Лаврентьев 15 октябрда Бирлашган Араб Амирликларига сафари чоғида бундай қарама-қаршиликка “йўл қўйиб бўлмаслиги”ни айтди ва “биз бунга йўл қўймаймиз”, дея қўшимча қилди.

АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Келли Крафт Вашингтон Россиянинг патруллик қилишидан “чуқур хавотирда экани”ни изҳор қилди.

Россия президенти Владимир Путин Эрдўғон билан телефон орқали мулоқот қилди ва Сурия бўйича музокара ўтказиш учун уни Кремлга таклиф этди.

Россия Асаднинг асосий ҳарбий иттифоқчиси бўлиб, ушбу мамлакатда 2015 йилдан бери қўшинларини ушлаб турибди.

Россия Мудофаа вазирлигига иқтибосан маълум қилинишича, Сурия қўшинлари Манбиж атрофидаги 1000 квадрат километрга яқин жойни назоратга олди.

SDF Ислом давлати (ИД) экстремистик ташкилотига қарши курашда Қўшма Штатларнинг асосий иттифоқчиси бўлган, Ғарб давлатларининг ИДга қарши жангларида 11 000 га яқин курд ўққа учган эди.

Хабар берилишича, Туркия ҳужум бошлагандан бери 150 дан ошиқ SDF жангчиси, 130 нафар Туркия қўллаб-қувватлаётган суриялик бўлинмалар жангчиси ва 69 нафар тинч аҳоли вакили қурбон бўлди.

Туркия ҳукумати вакиллари 6 нафар аскари, шунингдек, Сурия чегараси оша курдар миномётдан ўққа тутиши оқибатида камида 20 нафар тинч аҳолига мансуб турк ҳалок бўлганини айтмоқда.

Халқаро миграция ташкилоти камида 190 минг киши Сурия шимолидаги уйларидан қочиб чиқишга мажбур бўлганини эълон қилди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG