Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2021, Тошкент вақти: 13:36

Халқаро хабарлар

АҚШ фаластинликларга 235 миллион доллар ёрдам ажратади

Фаластин ҳудудига Исроил ракетаси отилганидан кейинги манзара.

АҚШ фаластинликларга БМТ орқали 235 миллион доллар ёрдам беради. Собиқ президент Дональд Трамп даврида бундай ёрдам тўхтатилган эди.

АҚШ давлат котиби Антони Блинкен 7 апрель куни эълон қилган баёнотга кўра, Вашингтон БМТнинг Фаластин қочоқларига ёрдам ва Ишларни ташкил этиш бўйича Яқин Шарқ агентлигига (UNRWA) 150 миллион доллар ажратади.

Шунингдек, АҚШ иқтисодий ва ривожланиш соҳасини қўллаш учун 75 миллион доллар, тинчлик ўрнатиш дастурлари учун 10 миллион доллар маблағ ажратади.

Фаластинни озод қилиш ташкилоти Ижроия қўмитаси аъзоси Аҳмад Абу Ҳули АҚШ давлат департаментига ушбу «муҳим ёрдам» учун миннатдорчилик билдиришини айтди.

Исроилнинг АҚШдаги элчиси Гилад Эрдан эса UNRWA дастурини молиялаштириш қарори Фаластинда баъзи ислоҳотлар, шу жумладан, ўқув дастуридан антисемитизм олиб ташланмасидан қабул қилинганини айтиб, эътироз билдирди.

Кун янгиликлари

Африкада аниқланган коронавируснинг янги штамми "Омикрон" дунёга хавф солмоқда

Жанубий Африка Республикасида йўловчилар текширувдан ўтказилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Жанубий Африка Республикасида аниқланган коронавируснинг янги штаммини Омикрон дея номлади.

Ташкилотга кўра, мутациялар сериясига учраган Б.1.1.529 вируси организмдаги протеин таркибига таъсир кўрсатиш қобилиятига эга.

Амалдаги вакциналар бу каби ўзгаришларга етарлича самарадор бўлмаслиги мумкин.

Жанубий Афарика намунаси вируснинг ушбу варианти ўзидан олдингиларга қараганда тезроқ тарқалаётгани ва кўпроқ одамларга, жумладан, вируснинг бошқа штаммлари билан касалланганлар ҳам юқишини кўрсатган.

Вируснинг мазкур варианти Жанубий Африкада 11 ноябрь куни аниқланган.

Сўнгги ҳафта давомида вируснинг янги штамми Ботсвана, Бельгия, Исроил ва Гонконгда аниқланган.

Ҳозирда кўплаб давлатлар Омикрон тарқалган давлатларга ҳаво қатновини бекор қилган.

Россия: Кузбассдаги шахтада қурбон бўлган кишилар сони 52 нафарга етди

Россия ФВВ вакиллари Белово шаҳрилани "Листвяжная" шахтаси ҳудудида

Кемерово вилоятидаги “Листвяжная” кўмир шахтасида юз берган авария оқибатида 52 киши, жумладан 6 нафар қутқарувчи нобуд бўлди. Бу ҳақда вилоят губернатори Сергей Цивилёв маълум қилган. Шунингдек, 38 нафар кончи ва 11 қутқарувчи касалхонага ётқизилган.

“Шахтада ҳеч ким тирик қолмади. 52 киши ўлди, қутқарувчилар ҳам”, деган шахта жойлашган ҳудуддаги Беловский шаҳар округи маъмурияти вакили. Мулозимга кўра, кончилар ис газидан бўғилиб ўлганлар.

ТАСС манбасига кўра, 25 ноябрь куни “Листвяжная” шахтаси вентиляция йўлида кўмир чанги оловланиши натижасида тутун чиқиб, бутун шахтага тарқалган. Ўша куни бош прокурор ўринбосари Д.Демешин ҳалокат метан гази портлаши оқибатида юз берган бўлиши мумкинлигини билдирган.

Тергов қўмитаси таҳликали ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги талабларининг бузилишига доир модда бўйича жиноят иши қўзғатиб, шахта директори, унинг биринчи ўринбосари ва участка бошлиғини ҳибсга олган.

2021 йилда “Ростехнадзор” минтақавий бошқармаси “Листвяжная” шахтасида, хусусан, вентиляция ва ёнғинга қарши тизимларда қарийб 140 та қоидабузарлик мавжудлигини аниқлаган, дея хабар берди ТАСС.

“Сибирь.Реалии”нинг ёзишича, 2020 йилда айни шахтада саноат хавфсизлигига оид 18 та жиддий камчилик аниқланган, аммо назорат органи улар бартараф этилган-этилмаганини текширмаган.

Толибон Афғонистонда каннабисни қайта ишлаш корхонасини очмоқчи

Афғонистон дунёда энг кўп гиёҳванд модда етиштириладиган мамлакатлардан бири бўлиб ҳисобланади

Толибон ҳукумати Афғонистонда тиббий мақсадларда фойдаланиш учун каннабисни қайта ишлаш корхонаси қуриш бўйича Австралиянинг CРharm ширкати билан битим имзолаганини очиқлади.

Муваққат ҳукуматнинг ИИВ тизимида гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш масалалари бўйича масъул мулозим Қори Саид Хустий австралияликлар лойиҳага 450 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя ётқизишини билдирган. Унга кўра, корхонада Афғонистондаги минглаб деҳқонлардан сотиб олинажак наша ўсимлиги – каннабисдан тиббий препаратлар ва кремлар тайёрланади.

Бироқ Reuters ахборот агентлиги CРharm ширкати толиблар ва гиёҳванд моддалар билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, бунақа маълумотни Толибонда қаёқдан олганидан бехабарлигини билдириб, пресс-релиз чиқаргани ҳақида хабар қилган.

Каннабис аввалги ҳукумат ва Толибон ҳаракатининг асосий даромад манбаларидан бири эди.

Сўнгги ўн йилдан бери Афғонистон дунёда энг йирик гиёҳванд моддалар етиштирувчиси бўлиб турибди. 2002 йилдан буён мамлакатда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш фақат ўсиб бормоқда. БМТ ихтисослашган қўмитасининг янги ҳисоботига кўра, 2021 йилда Афғонистонда афюн ишлаб чиқариш 8 фоизга ортиб, 6800 тоннани ташкил этган.

Шу билан бирга, Афғонистон каннабис етиштиришда ҳам пешқадам мамлакатлардан бири бўлиб, нашадан олинадиган ушбу гиёҳванд моддани ҳар йили халқаро қора бозорга 1,5 дан 3,5 минг тоннагача миқдорда етказиб беради.

Чехияда COVID-19 туфайли фавқулодда ҳолат жорий этилди. Президент Земан ковид юқтирган

Милон Земан

Чехия ҳукумати коронавирус билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашгани муносабати билан мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Фавқулодда ҳолат 26 ноябрга ўтар кечаси бошланган ва 30 кун давом этади. Бу расмийларга одамларнинг ҳаракатланиши ёки тўпланишига нисбатан чекловлар киритиш имконини беради – қонунга мувофиқ, фавқулодда ҳолатдан бошқа пайтларда бунақа чораларни қўллаш мумкин эмас.

26 ноябрь оқшомидан умумий овқатланиш ва кўнгилочар муассасалари 22:00 гача ишлайдиган бўлади. Рождество бозорлари ва кўчаларда алкоголли ичимликлар ичиш тақиқланади. Шунингдек, маданий ва спорт тадбирларига мингдан ортиқ киши кириши ман этилади.

Бундан ташқари, 25 ноябрда сурункали хасталикдан бир ярим ой даволаниб, бир кун олдин касалхонадан чиққан президент Милош Земан COVID-19 юқтиргани маълум бўлган. Натижада 77 ёшли сиёсатчи яна касалхонага ётқизилган.

24 ноябрь куни Чехияда коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 25 мингдан зиёд янги ҳолат қайд этилган бўлиб, бу пандемия бошланганидан бери энг юқори кўрсаткичдир. Мамлакат шифохоналарида COVID-19 га чалинган қарийб 6 минг бемор мавжуд, улардан 850 нафари интенвив терапия бўлимларида муолажа олмоқда.

Айни пайтда мамлакат аҳолисининг 58,5 фоизи тўлиқ эмланган бўлиб, бу Европа Иттифоқи бўйича ўртача кўрсаткичдан (65,8 фоиз) бирмунча паст.

Reuters қайдича, Чехия ҳозирда коронавирус билан касалланиш даражаси бўйича умуммиллий локдаун эълон қилган Словакия ва Австриядан кейин учинчи ўринда туради.

Европарламент “Вагнер гуруҳи”га қарши санкциялар жорий этишни маъқуллади

Европарламент 25 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишида хусусий ҳарбий ширкатлар (ХҲШ) жангчилари томонидан инсон ҳуқуқлари бузилишини қораловчи резолюцияни маъқуллади.

Ҳужжатда “Вагнер ХҲШ” номи илан машҳур тузилма ва “унинг Россия давлати билан алоқалари”га алоҳида эътибор қаратилган, деб ёзди “Немис тўлқини”.

Резолюция қабул қилинишини депутатлардан 585 нафари ёқлаган, 40 нафар депутат қарши овоз берган, яна 43 киши бетараф қолган.

Резолюция матнида айтилишича, Европарламент вакиллари “Россиянинг “Вагнер гуруҳи” ҳарбийлашган ташкилоти ва унинг хусусий ҳарбий тузилмалари томонидан турли можаро ҳудудларида амалга оширилган даҳшатли жиноятларни ўта кескинлик билан қоралайди”.

“Европарламент ушбу ҳарбийлашган гуруҳларнинг молияланиши, ҳарбийча таълим олиши, уларга раҳбарлик ва оператив қўмондонлик қилишга Россия давлати жавобгарлигини тасдиқловчи салмоқли далиллар инобатга олади”, дея урғуланган ҳужжатда.

Евродепутатлар фикрича, “Вагнер ХҲШ” ва бошқа хос ҳарбийлашган пудратчиларга “Россия давлати ишонч билдирган ва унинг манфаатларига хизмат қилувчи ташкилотлар” деб қараш лозим. Шу муносабат билан улар Кремлни мамлакат фуқароларига ёлланма жангчи сифатида қуролли можароларда қатнашишни ман этувчи РФ Жиноят кодекси 359-моддаси талабларини бажаришга чақиришган.

“Вагнер ХҲШ” Россия президентига яқин тадбиркорлардан бири, “Путиннинг ошпази” сифатида машҳур Евгений Пригожин номи билан боғланади.

Ширкатнинг ёлланма жангчилари 2014 йилдан бери Украина, Сурия, Судан, Мозамбик, Ливия, Марказий Африка ва Венесуэладаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган.

Россия ҳукумати ХҲШлар фаолиятига алоқадорлигини инкор этиб келади.

Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси олдига юзлаб одам тўпланди

Тожикистоннинг Москвадаги элчихонаси олдида йиғилган тожикистонликлар, 2021 йил 25 ноябри

Москванинг Гранатная кўчасида жойлашган Тожикистон элчихонаси биноси олдига 25 ноябрь куни юзлаб тожикистонлик тўпланди. Хабар қилинишича, полиция дипломатик ваколатхонага кириш жойини тўсишга ва ёндош кўчаларда хавфсизлик чораларини кучайтиришга мажбур бўлган. Қўлга олинганлар ҳақида маълумот берилганича йўқ.

Одамлар элчихонага Тожикистоннинг Тавдем қишлоғида туғилган 27 ёшли Гулбиддин Зиёбековнинг ўлдирилиши муносабати билан келишган. У қидирувда бўлган ва, ҳуқуқ-тартибот идоралари талқинига кўра, қўлга олиш чоғида тўппончадан ўт очган, натижада жавоб ўқидан яраланган. Аммо гувоҳлар Зиёбеков қўлга олинганидан сўнг ўлдирилганини иддао қилишмоқда.

Тожикистон расмийлари Зиёбековни уюшган гуруҳ бўлиб гаровга олиш ва миллий, ирқий ёки диний адоват қўзғатишда гумон қилиб, унга нисбатан қидирув эълон қилишган. Маҳаллий прокуратура иддаосича, ўтган йил февралида Зиёбеков ва унинг бир таниши “Роштқалъа тумани прокурори ёрдамчисини гаровга олиб, саккиз соат давомида қийноққа солишган ва калтаклашган”.

Ўз навбатида Роштқалъа туманидан бўлган тожикистонликлардан бири Зиёбеков прокуратура ходимини фақат урганини сўзлаб берган. Бунга прокурор ёрдамчисининг ўша ерлик бир аёлга у билан жинсий яқинлик қилишни таклиф қилгани сабаб бўлгани айтилмоқда.

Путин Жазони ўташ хизмати бошлиғини ишдан олди. Унинг ўрнига ички ишлар вазири ўринбосари тайинланди

Александр Калашников.

Россия президенти Владимир Путин Жазони ўташ федерал хизмати раҳбари Александр Калашниковни лавозимидан озод қилди. Бу борадаги фармон Кремль сайтида эълон қилинди. Аммо унда Калашниковнинг ишдан бўшатилиш сабаблари айтилган эмас.

Калашников ўрнига ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Аркадий Гостев тайинланди.

"Интерфакс" агентлигининг ёзишича, Калашниковнинг ишдан олинишига “Саратов вилояти ва бошқа минтақалардаги жазони ўташ жойларида қийноқлар қўлланилгани кенг жамоатчиликка ошкор қилингани” сабаб бўлган. Расман бу таҳмин тасдиқланган эмас.

Сўнгги ҳафталарда "Гулагу.нет" лойиҳаси доирасида ҳуқуқ фаоллари тергов изоляторлари ва жазони ўташ жойларида маҳбуслар ва маҳкумларга нисбатан қийноқлар қўлланилгани, жинсий зўравонликлар бўлгани тўғрисидаги ўнлаб видеоларни жамоатчиликка эълон қилган эди.

Олмаотадаги Хитой консуллиги олдида муддатсиз норозилик акцияси ўтказаётганларни полиция қўлга олди

Қозоқ полицияси акция ўтказаётганлардан бири Ҳолида Оқитхонни қўлга олган пайт.

Олмаотадаги Хитой консуллиги олдида Шинжон-Уйғур мухториятида Хитой қамоқларида сақланаётган қариндошлари озод этилишини талаб қилиб муддатсиз норозилик акциясини давом эттиришга келган бир неча кишини полиция қўлга олди. Бу ҳақда Озодлик радиоси қозоқ хизматига фаол Байболат Кунболатули хабар берди.

“Хитой консуллиги олдига келган Гавҳар Қурманалиева, Ҳолида Оқитхон ва Нурзат Ермекбай дарҳол полиция томонидан қўлга олинди. Уларни Медеу туман полициясига олиб кетишди. Мен билан бирга машинамда консулхонага келган Ақиқат Қалиўллуни ҳам машинамдан тушиши биланоқ ушлашди. Жами ушланганлар сони 4 киши”,-деди фаол.

Унга кўра, февраль ойидан бери Хитой консуллиги олдида намойиш ўтказаётган мазкур шахслар полиция уларга яна жарима соладиган бўлса, очлик эълон қилишларини билдирганлар.

Бундан аввал ҳам ўз қариндошлари озод этилишини талаб қилиб акция ўтказаётганлар бир неча марта полиция томонидан ушланган ва жаримага тортилган эди. Байболат Кунболатулининг айтишича, солинган жарималар миқдори 4 миллион танга (тақрибан 9 минг доллар)гача етиб бормоқда.

25 ноябрь куни норозилик акцияси бошланганига 291 кун бўлди. Норозилар Шинжондаги “қайта тарбиялаш лагерлари”да сақланаётган яқинлари озод этилишини ва Қозоғистонга чиқарилишини талаб этмоқда.

2018 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳақлари тузилмаси Шинжондаги лагерларда бир миллионга яқин мусулмон сақланаётганини маълум қилган эди.

АҚШ Конгресси ва Буюк Британия, Канада ва Чехия парламентлари Хитойнинг Шинжондаги сиёсатини геноцид ўлароқ баҳолайди. Пекин эса Шинжондаги вазият “Хитойнинг ички сиёсати” эканини иддао қилиб келади.

Эронда 17 ёшида “жасади шу кунгача топилмаган қизни ўлдирган” йигит қатл қилинди

Абдолали (ўнгда)нинг севган қизи (чапда) 2014 йилда бедарак кетган эди.

Эронда 17 ёшида қотиллик қилганликда айбланиб ўлим жазосига тортилган йигитга нисбатан ҳукм ижро этилди. Бу воқеа Европа Иттифоқи, БМТ ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларининг кескин танқидига учради.

25 ёшли Арман Абдолали 24 ноябрь куни қатл этилди. У 17 ёшида ўз севган қизини ўлдирганликда гумонланиб қўлга олинган ва судланган эди. Халқаро ташкилотлар Арман Абдолалининг айбдорлиги судда тўла ўз тасдиғини топмагани ортидан Эрон ҳукуматини унга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўзгартиришга чақириб келаётган эди.

Арман Абдолали дорга осилганидан бир неча соат ўтиб Озод Европа-Озодлик радиосига интервью берган отаси Камёр: “Ўғлим қизни ўлдирмаган. У энг охирги дақиқагача “Мен қотил эмасман”, “Мен уни ўлдирмаганман”, деб айтиб турди”,-деди.

Европа Иттифоқи бу воқеа Эрон томонидан олинган халқаро мажбуриятнинг бузилиши эканини, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бошқармаси эса “ўта ташвишли ва инсониятни шокка солувчи”ҳодиса бўлганини қайд этди.

Iran Human Rights ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти эса “бу воқеа халқаро миқёсдаги жиноят бўлди”, деб баёнот берди.

Абдолалининг севган қизи 2014 йилда бедарак кетган эди. Қизнинг жасади шу кунгача топилган эмас. Абдолали қўлга олиниш чоғида жиноятни содир этганини тан олган, аммо тергов жараёнида у ўз айбини тан олмаган.

Amnesty International Абдолалига нисбатан суд жараёни “ўта нохолис ва адолатсиз” бўлгани, “суд фақат қийноқлар остида олинган маълумотларга” таянгани ҳақида билдирган.

Amnesty International ташкилоти ўтган йили Эронда турли жиноятларда айбланган камида 246 киши қатл қилинганини маълум қилган.

Iran Human Rights ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти баёнотида қайд этилишича, сўнгги 10 йил ичида Эронда камида 64 киши болалигида содир этган жиноятлари учун қатл қилинган.

Туркман президенти нефть-газ саноати назоратини ўғлига топширди

Сердар Бердимуҳамедов жорий йил февралидан бери Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда.

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов нефть-газ саноати назоратини Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаётган ўғли Сердар Бердимуҳамедовга топширди. Бу ҳақда ҳукуматга қарашли “Нейтрал Туркманистон” газетаси хабар берди.

Туркманистон жаҳондаги энг йирик табиий газ захирасига эга ва жаҳонда газ экспорти бўйича 4-ўринда туради.

Углеводородлар савдоси давлат бюджетининг асосий даромад манбаидир. Crude Accountability халқаро ҳуқуқ ташкилоти ҳисоботида таъкидланишича, газ экспортидан тушаётган даромаднинг 80 фоизи хусусий шахслар, жумладан, президент Бердимуҳамедов ва унинг оиласи чўнтагига тушмоқда.

Давлат бюджетидаги камомад ортидан Туркманистонда бир неча йилдан бери иқтисодий инқироз давом этмоқда, аммо ҳукумат буни тан олмаяпти.

Сердар Бердимуҳамедов жори йил февралидан бери Бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаб келмоқда. Мазкур ҳолат Гурбангули Бердимуҳамедов ўғлини ўзининг ҳокимиятдаги вориси ўлароқ кўраётганини англатади.

Кузбассдаги шахтада юз берган портлашда 11 киши ҳалок бўлди, ўнлаб кончи ер остида қолмоқда

"Листвяжная" кўмир конида қутқарувчилар ер остидан 230 кончини олиб чиқди.

Россиянинг Кемерово вилояти Белов шаҳридаги "Листвяжная" кўмир конида юз берган портлаш оқибатида, сўнгги хабарларга қараганда, 11 киши ҳалок бўлди, камида 40 кончи жароҳатланди. Бундан ташқари яна ўнглаб кончи ер остида қолмоқда. Бу ҳақда Кемерово вилоят губернатори Сергей Цивилёв маълум қилди.

Расман билдирилишича, портлаш юз берган конда 285 шахтер ишлаётган эди. Айни пайтда улардан 230 нафари ер устига олиб чиқилди. Шахтада яна 48 ёки 49 киши қолмоқда. Улар билан алоқа узилган.

Портлаш 250 метр ер остида юз берди. Дастлабки таҳминларга кўра, портлашга кондаги техниканинг носозлиги сабаб бўлган.

HRW: Миграция инқирози учун Варшава ҳам, Минск ҳам бирдай жавобгар

Беларусь-Польша чегарасидаги миграция инқирози учун Варшава ва Минск бир хилда жавобгар. Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти ана шундай хулосага келган.

Ташкилот ҳисоботида ҳуқуқбонлар Польша чегарачилари – баъзан шафқатсизларча – мигрантларни, улар бошпана сўраётганига қарамай, Беларусь томонга сиқиб чиқараётганини урғулашган. Бундан ташқари, Human Rights Watch маълумотига кўра, польшалик аскарлар депортация чоғида болаларни ота-оналаридан ажратишган. Польша расмийлари барча айбловларни рад этмоқда.

Ҳужжатда Беларусь чегарачиларининг мигрантларга зўравонлик қилгани ва улар билан ғайриинсоний муносабатда бўлганига оид фактлар ҳам келтирилган. Минск ҳам бу айбловларни инкор этмоқда.

Human Rights Watch ҳужжатида қайд этилишича, Европа Иттифоқи чегарадаги мигрантлар ҳаёти муҳофазасини устувор вазифа ўлароқ қабул қилишга Польшани ишонтирмоғи лозим. Ташкилот Польша хатти-ҳаракатларига Еврокомиссия томонидан баҳо берилмаганини алоҳида урғулаб, Беларусь расмийларини мигрантлар ҳаётидан ўз сиёсий манфаатлари йўлида фойдаланганликда айблаган.

Ҳуқуқбонлар октябрь ойида чегаранинг икки тарафидаги қочқинлар ҳузурида бўлишган. Уларнинг ҳисоботи якка ўзи ёки бола-чақаси билан йўлга чиққан 19 кишининг интервьюсига асосланган.

Европа Иттифоқи Беларуснинг авторитар етакчиси Александр Лукашенкони ЕИга ўтишни истаган минглаб мигрантни Польша чегарасига қасддан тўплаганликда айблаб келади. Расмий Брюссель фикрича, Лукашенко жорий этилган санкциялар учун Ғарбдан шу тариқа ўч олмоқда.

Москва расмийлари кейинги йилдан мигрантлар учун патент нархини оширишмоқчи

Иллюстратив сурат

Россия пойтахти Москвада 2022 йилдан меҳнат муҳожирлари учун патент нархи оширилади. Бу ҳақда Москва ҳукумати вазири, шаҳар иқтисодий сиёсати департаменти раҳбари Кирилл Пуртов маълум қилган.

“Қабул қилинган қонунга мувофиқ, меҳнат бозори минтақавий хусусиятларини акс эттирувчи коэффициент 2022 йилда 2,3878 дан 2,4832 гача ошади. Бу патент нархини ойига 5900 рублгача оширади. 5341 рублга тенг бўлган аввалги қиймат 2020 йилда белгиланган эди ва бу йил мазкур нарх ўзгаргани йўқ”, дея иқтибос келтирган мулозим сўзларидан “Российская газета” нашри.

Қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи ярмида меҳнат муҳожирлари кўп ишлайдиган қурилиш ва тураржой-коммунал хўжалиги соҳаларида расмий ойлик маош миқдори 2020 йилга нисбатан 9,5 фоизга ўсган. Шу важдан патент учун ҳақни оширишга қарор қилинган. Бунинг натижасида, ҳисоб-китобларга кўра, бюджетга қўшимча 1,7 миллиард рубль келиши мумкин.

Аввалроқ Озодлик Москва мэри Сергей Собянин пойтахтдаги қурилишларда ишлаётган хорижлик ишчиларни “бошқа сифатдаги одамлар” билан алмаштиришга чақиргани ҳақида хабар қилган эди.

Лондон суди Абрамовичнинг Путинга қарамлигига оид иддаоларни “туҳмат” деб топди

Роман Абрамович

Лондон Юқори суди “Путиннинг одамлари. КГБ қандай қилиб Россияни қайтариб олди ва Ғарбга қарши ҳужумга ўтди?” номли китобдаги миллиардер Роман Абрамовичга оид тўққизта иддаони “туҳмат” деб топди.

Китобда, жумладан, Абрамович Лондоннинг “Челси” футбол клубини Путиннинг топшириғига кўра “Британияда таъсир кучига эга бўлиш” мақсадида сотиб олгани, шунингдек у Россия президентини ўз бойликларига шерик қилгани айтилган. Муаллиф наздида, миллиардер Путинга бўйсунмаган тақдирда унинг мол-дунёси давлатга ўтиб, ўзи қамоққа ташланган бўлур экан.

Жавобгар бўлмиш HarperCollins нашриёти вакиллари Абрамович туҳмат деб ҳисоблаётган гаплар бор-йўғи фикр ифодаси эканини уқтиришга уринишган. Бироқ суд китобда улар факт ўлароқ баён қилинган, деган қарорга келган.

Шу билан бирга, Юқори суд китобдаги “Роснефть” ширкати арз қилган тўрт парчадан учтаси унинг обрўсига путур етказмаслиги ҳақида қарор чиқарган.

Financial Times газетасининг Москвадаги собиқ мухбири Кэтрин Белтон ёзган “Путиннинг одамлари. КГБ қандай қилиб Россияни қайтариб олди ва Ғарбга қарши ҳужумга ўтди?” китоби Британияда ўтган йил апрелида чоп этилган.

Асар сотувга чиққанидан сўнг россиялик тадбиркорлар Роман Абрамович, Шалва Чигиринский, Михаил Фридман, Пётр Авен, шунингдек “Роснефть” ширкати муаллиф ҳамда HarperCollins нашриёти устидан судга даъво киритишган.

Кейинроқ HarperCollins Фридман ва Авеннинг КГБ билан 1980-йиллардаги алоқалари ҳақидаги бобларни китобдан олиб ташлаган ва улардан узр сўраган.

CIT: Украина чегарасига Россиядан “шубҳали даражада кўп” ҳарбий техника ташилмоқда

Россиянинг Смоленск вилояти Ельни туманининг сунъий йўлдошдан олинган сурати, 2021 йил 1 ноябри

Conflict Intelligence Team таҳлилчилари ижтимоий тармоқларда Россия қўшинлари ва ҳарбий техникасининг Украинага чегарадош вилоятларга кўчаётганини тасдиқловчи янги фото ва видеоларни топишган.

Тадқиқотчилар янги ҳарбий техникалар Воронеж вилоятига ташлангани, шунингдек Ставрополдан Қримга томон эшелонлар ҳаракат қилаётганини пайқаганлар. “Украина чегарасига қўшинлардан ташқари ҳарбий техника ҳам ташишяпти, ташиганда ҳам шубҳали даражада кўп миқдорда, ва буни мавжуд ҳарбий қисмларнинг қурол-аслаҳасини янгилаш билан изоҳлаш қийин”, дейилган CIT хабарида.

Таҳлилчилар фикрича, қўшинларни кўчириш нисбатан суст кечмоқда. Аммо жараён айни суръатда январгача давом этган тақдирда чегарада ва Қрим яриморолида тўпланган қўшинлар миқдори апрель ойидагидан анча кўпайиб кетади.

CIT тадқиқотчилари Ғарб разведкаларининг “Украина назоратидаги ҳудудларга қарши муҳтамал амалиёт учун ҳозирлик ишлари энг камида кейинги йил бошида якунига етади”, деган фикрига қўшилишган.

Шу йил 14 ноябрида Украина президенти Володимир Зеленский Украина билан чегарада Россиянинг қарийб 100 минг аскари турганини айтган.

Расмий Киев ҳамда Ғарб мамлакатлари Россия Украина ерларига бостириб кириши мумкинлигидан жиддий хавотирга тушган.Аммо Кремль бу тахминларни “иғво” деб атаб, ўз навбатида, минтақада НАТО фаоллашганидан ташвишланаётганини билдирган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG