Линклар

Шошилинч хабар
21 июн 2021, Тошкент вақти: 11:12

АҚШ “Шимолий оқим” операторига санкция жорий этмасликка қарор қилди


АҚШ “Шимолий оқим-2” қурилишида иштирок этаётган уч ширкат ҳамда тўрт кемага нисбатан санкция белгилайди.

Қўшма Штатлар “Шимолий оқим-2” газ қувури оператори бўлмиш Nord Stream 2 AG ширкати ҳамда унинг ижрочи директори Маттиас Варнингга нисбатан санкция жорий этиш рад этилганини маълум қилди. Nord Stream 2 AG Россиянинг “Газпром” ширкати шўъба корхонаси саналади.

Бу ҳақда 19 май, чоршанба куни Конгрессга йўллаган мактубида АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилган.

Мактубда айтилишича, санкция қўлламаслик қарори Қўшма Штатларнинг “миллий манфаатлари” тақозосидир.

Шу билан биргаликда Вашингтон Россия газини Украинани четлаб ўтган ҳолда Европага етказишга мўлжалланган газ қувури тортилишига қаршилигини давом эттиради. Шу муносабат билан АҚШ “Шимолий оқим-2” қурилишида иштирок этаётган уч ширкат ҳамда тўрт кемага нисбатан санкция белгилайди.

Давлат департаментининг мазкур қарори кузатувчилар томонидан Жо Байден маъмуриятининг Германияга дўстлик ишораси ўлароқ баҳоланмоқда. Дональд Трамп президентлиги даврида икки мамлакатнинг ўзаро алоқалари анча совуқлашган эди.

Бироқ бу қарор Конгрессда танқидий кутиб олинди. Америка қонун чиқарувчиларининг аксарияти, партиявий мансублигидан қатъи назар, “Шимолий оқим-2” иншооти Европанинг энергетика хавфсизлигига шикаст етказади, дея санкциялар жорий этишни ёқламоқда.

“Маъмурият Германия ва Россия манфаатларини бизнинг Шарқий, Марказий ва Шимолий Европадаги иттифоқдошларимиз манфаатларидан устун кўрмоқда”, - деган республикачи сенатор Жеймс Риш.

Демократ сенатор Жин Шахин эса газ қувури қурилиши якунланиши Америка манфаатларига ҳамда унинг Европадаги ҳамкорлари барқарорлигига рахна солишини урғулаган.

ГФР ҳукумати мазкур қарорни кутаётган эди.

“Биз буни конструктив қадам сифатида қабул қилдик. Ва биз Вашингтондаги ҳамкорларимиз билан музокарани давом эттиришдан мамнунмиз”, - деган Германия ТИВ раҳбари Хайко Маас.

Вазир бу гапни санкциялар жорий этмаслик қарори ҳақида расмий хабарнома эълон қилинишидан олдин айтган ва вазиятни давлат котиби Энтони Блинкен билан бирга муҳокама қилганини урғулаганди.

“Немис тўлқини” келтирган иқтибосда Маас, санкцияларни кучайтирмаслик қарори Берлин тарафидан “Байден маъмурияти даврида боғланган жуда яхши алоқаларга ҳурмат сифатида” қабул қилингани айтади.

Америка президенти Жо Байден маъмурияти “Шимолий оқим-2” операторига нисбатан янги санкциялар жорий этишдан воз кечажаги ҳақида аввалроқ, аноним манбаларга таянган ҳолда “Axios” портали ҳамда “Reuters” агентлиги хабар қилганди. Лойиҳа оператори бўлмиш Nord Stream 2 AG нинг энг йирик ҳиссадори Россиянинг “Газпром” ширкати ҳисобланади.

Кремль воизи Дмитрий Песков Америка ОАВларининг хабарларини олқишлашини билдириб, “бу каби хабарлар пайдо бўлгани фактининг ўзиёқ етарлича ижобий воқеа бўла олади”, дея қўшимча қилди.

Санкциялар қўллашни рад этиш қарорига доир илк дараклар Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳамда аввалроқ “Шимолий оқим-2”ни “Европа ва АҚШ учун хайрсиз ғоя” дея атаган Энтони Блинкен учрашувидан бир оз олдин пайдо бўлди.

Сўнгги йилларда АҚШ ва Россия муносабатлари хийла таранглашди. Демократ Жо Байден маъмурияти жиддий босими остида қолган, жумладан, Россиядан Болтиқ денгизи туби бўйлаб Германияга тортилаётган газ қувури қурилиши иштирокчиларига қарши санкцияларни кучайтириш учун курашаётган Республикачилар партияси вакиллари ҳам президент маъмурияти қароридан рози эмас.

XS
SM
MD
LG