Линклар

Шошилинч хабар
21 феврал 2020, Тошкент вақти: 20:43

АҚШ армияси аскарлари Эроннинг ракета ҳужумида жароҳат олганини тан олди


8 январь куни Эрон Ироқдаги АҚШ ҳарбий базасига ракета билан қилган ҳужумда 11 аскарнинг бош мияси чайқалган, улар даволанди ва шу кунда врачлар назорати остида. Бу ҳақда АҚШ Марказий қўмондонлиги баёнот берди.

Аввалроқ президент Дональд Трамп ҳужумларда бирорта ҳам америкалик зиён кўрмаганини айтган эди.

16 январь куни АҚШ Марказий қўмондонлиги капитани Билл Урбан:

- 8 январь куни Эрон Айн ал-Асад ҳаво базасига қилган ҳужумда бирорта АҚШ ҳарбийси ҳалок бўлмаган бўлса-да, бир неча аскар портлаш ортидан бош мия чайқалиши билан боғлиқ симптомлари мавжудлиги учун даволанди. Улар ҳануз кузатув остида, — дея баёнот берди.

- Ҳужумдан кейинги кунларда эҳтиёт чора ўлароқ айрим ҳарбийларимиз Айн ал-Асад ҳаво базасидан олиб чиқиб кетилди, — деди Урбан.

Урбан жароҳат олган ҳарбийлар қўшимча тиббий кўриклардан ўтиш учун Германиядаги Ландштуль тиббиёт марказига ҳамда Кувайтдаги Кэмп Арифжан ҳарбий базасига юборилганини қўшимча қилди.

- Аскарлар хизмат қилишни давом этишга лойиқ деб топилса, кўрикдан кейин Ироққа қайтиши кутилмоқда, — деди ҳарбий.

Эрон АҚШ базасига ҳужум қилган пайтда у ерда тақрибан 1500 нафар Америка аскари бўлган. Ҳужум ҳақда олдиндан огоҳлантирилган аскарларнинг аксари бункерларга яширинган бўлган.

Урбаннинг баёноти аввалроқ The New York Times нашрида эълон қилинган хабарларни тасдиқлади.

Трамп ҳужум ортидан қилган чиқишида бирорта ҳам америкалик ёки ироқлик ҳалок бўлмаганини, бирорта ҳам америкаликка зиён етмаганини билдирган эди. Президент база “минимал даражада зарар” кўрганини қўшимча қилган.

АҚШ мудофаа вазири Марк Эспер ҳам Трампникига ўхшаш баёнот берган, у ҳужумда ҳеч ким ҳалок бўлмаганини билдирган.

Эрон расмийлари Айн ал-Асад ҳамда Ҳарир ҳаво базаларига ракета билан қилинган ҳужум Ислом инқилоби муҳофазаси корпуси генерали Қосим Сулаймоний АҚШ томонидан ўлдирилганига жавобан амалга оширилганини билдирган эди.

Эрон Ислом инқилоби муҳофазаси корпуси таркибидаги “Қудс” махсус бўлинмаси қўмондони бўлган Сулаймоний 3 январь куни Бағдодда АҚШ дрон ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган эди.

XS
SM
MD
LG