Линклар

Шошилинч хабар
21 октябр 2020, Тошкент вақти: 01:47

Эроннинг ядро дастури бўйича битим тақдири қалтис бўлиб қолди


Теҳронда Оятуллоҳ Хоманаий портрети ёнига ўрнатилган Шаҳаб-3 ракетаси. 2019, сентябрь.

Эроннинг ядро дастурига оид 2015 йили олтита қудратли давлат билан эришилган тарихий битим чекловларига бўйсунмаслик ҳақидаги Теҳроннинг баёноти битимнинг тақдирини хавф остига қўйди.

Лекин аксарият таҳлилчилар Теҳроннинг 5 январдаги “Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режаси”дан (JCPOA) чиқиш тўғрисидаги қарорини ҳали ҳам сақлаб қолиш имконияти бор деб ҳисоблайди.

Қурол-яроғ назорати уюшмасининг ядро қуролини тарқатмаслик масалалари бўйича директори Келси Дэвенпорт фикрича, Эроннинг ушбу баёноти мамлакатнинг ядро дастури билан боғлиқ таҳдидни орттиради. Лекин унинг фикрича, битимни сақлаб қолишнинг, озроқ бўлса-да, имконияти мавжуд. Сабаби, ўша битимда Эрон ҳукумати иқтисодий санкцияларни бекор қилиш ҳисобига атомдан фойдаланишга оид зиддиятли фаолиятини тийиб туришга рози бўлган эди.

‒ Уранни чекланган даражада бойитиш мажбуриятини зиммадан соқит қилиш ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин, аммо улар бу ишни келажакда бажаради, ‒ деди Лондондаги Стратегик тадқиқотлар институти тадқиқотчиси Марк Фицпатрик. ‒ Бу JCPOAни сақлаб қолиш учун музокаралар натижа беришига умид уйғотади.

Теҳрон 3 январда АҚШ Эроннинг ҳарбий қўмондони Қосим Сулаймонийни дрондан зарба бериб, ўлдиргандан сўнг JCPOAдан чиқиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Эроннинг битимдан чиқиш тўғрисидаги сўнгги баёноти унга имзо чеккан Европа мамлакатлари билан муносабатларини таранглаштирди, чунки Германия, Франция, Британия ва Европа Ититфоқи уни сақлаб қолиш учун тинмай ҳаракат қилаётган эди.

Германия ташқи ишлар вазири Найко Маас 6 январда Теҳроннинг баёноти “ушбу битимдан чиқиш йўлидаги дастлабки қадам бўлиши мумкин”, деб айтди.

Эроннинг ушбу масала юзасидан 5 январда берган баёнотида бундан буён уранни бойитиш даражаси, тўпланган бойитилган уран миқдори ёки атом соҳасидаги тадқиқотлар ва ишланмаларга оид чекловларга риоя қилинмаслиги айтилади.

“Бугундан бошлаб Эроннинг ядро дастури фақат ўзининг техник эҳтиёжларидан келиб чиқиб ривожлантирилади”, дейилади баёнотда.

Шу билан бирга Эрон ҳукумати Атом энергетикаси халқаро агентлиги (IAEA) билан ядро дастурини кузатиб бориш борасидаги ҳамкорлиги олдингидай давом этишини айтди.

Халқаро кризис гуруҳининг (ICG) Эрон билан боғлиқ лойиҳаси директори Али Воизнинг “Озодлик” радиосига билдиришича, ядро объектларини кўздан кечириб туришни рад этиш ҳатто Россия ва Хитой учун ҳам “мутлақо ҳатлаб ўтиб бўлмайдиган қизил чизиқ”дир. Улар ҳам 2015 йилдаги битимга қўл қўйган эди.

− Эрон ўзининг атом билан боғлиқ амалиётларини IAEA кузатишини чеклайдиган бўлса, бу унинг JCPOA, ҳатто “Ядро қуролларини тарқатмаслик тўғрисида”ги шартномадан воз кечишга тайёрлигини англатади, − деди у.

Мабодо Эрон бойитилган уранни ишлаб чиқаришни кўпайтиришга қарор қилса, Европа мамлакатлари баҳсларни ҳал этиш воситасини ишга тушириши мумкин. Бу 65 кун ичида БМТ санкцияларини қўллашга сабаб бўлади.

‒ Европа Эронга иқтисодий муҳлат бериш билан битимни сақлаб қолиш учун охирги имкониятдан фойдаланиши керак, ‒ деди Воиз.

Эрон 2019 йил майидан бошлаб битимдаги мажбуриятларидан босқичма-босқич воз кечиб келмоқда. Бундан мақсад АҚШ қўллаётган санкцияларни айланиб ўтиш учун ЕИ мамлакатларидан ёрдам олиш учун уларга босим ўтказишдир.

Теҳрон 5 январда санкциялар бекор қилинган тақдирдагина битимдаги мажбуриятларига қайтиши мумкинлигини билдирди, аммо Трамп маъмурияти бундай қилиши даргумон.

6 январда Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат идораси раҳбари Жозеф Боррелл Эроннинг мазкур баёнотидан “чуқур” таассуфда эканини билдирди ҳамда Эрон ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зарифни айни масалани муҳокама қилиш учун Брюсселга таклиф қилди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG