Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:08

АҚШ-Ўзбекистон: Помпео Тошкентда нима ҳақда гаплашмоқда?


АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Ўзбекистонга ташрифи мобайнида ўз мамлакати учун устувор ва республика билан ўзаро манфаатли ҳисобланган қатор мақсадларни олға суради. Хўш, улар нималардан иборат? Эътибор 2018 йилда янгиланган стратегик шериклик келишувида.

Биринчидан, хавфсизликни таъминлаш. Бунда асосан Афғонистондаги вазиятни назорат қилиш ва бунинг учун қўшни Марказий Осиё билан келишган ҳолда иш олиб бориш. Помпео Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва бошқа расмийлар билан мулоқот қилар экан, Трамп маъмуриятининг бугунги сиёсатини тушунтиради. Оқ уй Афғонистондаги аскарлар сонини камайтириш пайида, лекин терроризм ва экстремизмга қарши кураш давом этади, асосан разведка идоралари ва махсус кучлар орқали. Афғонистонга кириб-чиқиш учун Америка бошидан Марказий Осиё ҳукуматлари ёрдамига таянади ва бу ҳамкорлик давомий. Қорадори савдосига қарши курашда ҳамда чегара хавфсизлиги йўлида кўмаклашиш ҳам АҚШ учун стратегик аҳамиятга эга, дейди Пентагондаги мутасаддилар.

Иккинчидан, Ўзбекистон суверенитетини қувватлаш ва эркинлик тарғиботи. АҚШ республиканинг икки йирик давлат, Россия ва Хитой, билан яқин ришталарини билади ва тушунади. Расмийларнинг таъкидлашича, Вашингтон Москва ва Пекин билан тенглашмоқчи эмас, лекин узоқдаги содиқ дўст сифатида намоён этишни хоҳлайди. Помпео бу борада ҳам Тошкентга эслатиб қўяди. Шунингдек, Америка ҳукумати Ўзбекистондаги ислоҳотларга ўз баҳосини бериб, инсон ҳуқуқлари ва демократия тарғиботи Вашингтон учун приоритет эканини қайд этади, жумладан диний эркинлик, матбуот эркинлиги, жинсий тенглик ва плюрализм.

Учинчидан, Марказий Осиёда иқтисодий интерация ва сиёсий бирдамликни тарғиб қилиш ва бунда Ўзбекистон билан яқиндан ишлаш. АҚШ ва минтақанинг беш давлати орасидаги "C5+1" форматидаги диалогни кучайтириб, барча регионал масалалар юзасидан аввало шу доирада бир ёқадан бош чиқарган ҳолда қадам ташлаш, қолаверса, дейди дипломатлар, ҳукуматлар ўз дардини шу мулоқотда билдирсин. 3 феврал куни бу диалогнинг навбатдаги сессиясида Помпео йиғилганларга қарата Трамп маъмурияти учун бу давра ниҳоятда аҳамиятли, чунки "биз сизни ҳар томонлама кучли минтақа сифатида кўришни истаймиз", деб айтмоқда. Хитой зулмидан шикоят қилаётган уйғурлар масаласи ҳам тилга олинади. Помпео "C5+1" нинг 2019-йил сентябрида Нью-Ёркдаги учрашувида ҳам Марказий Осиё ҳукуматларини уйғурларга ёрдам беришга ундаган. Бирор республиканинг ташқи ишлар вазири ўшанда лом-мим демаган. 2 феврал куни Нур-султонда Қозоғистон раҳбарлари билан мулоқотда ҳам Помпео уйғурлар ҳақида гап очиб, Хитойга уларни топширмасликка чақирди. Мезбон тараф сукутда.

Тўртинчидан, иқтисодий ҳамкорлик. 2018 йилда орадаги савдо кўлами 315 миллион долларни ташкил этган эди, 2019 йилда 514 миллион долларга чиқди. Америка Ўзбекистонга 482 миллион долларлик экспорт қилган. АҚШнинг минтақада бу борадаги энг юқори кўрсаткичи айнан шу республикада. Давлат департаменти, Тижорат вазирлиги ва бошқа идораларга кўра, Американинг ўнлаб компаниялари Ўзбекистонда бизнес қилишга иштиёқманд, айримлари аллақачон кирган, яна бир нечаси иш бошлаш арафасида, қолаверса турли бюрократик сабабларга кўра, фаолиятини йўлга қўя олмаётган фирмалар ҳам бор. Помпео ташрифи мобайнида бу борада гаплашади. Март ойида Тошкентда сармоя форуми ўтади. Ҳозиргача АҚШ хусусий сектори Ўзбекистонга 1 миллиард доллардан ошиқ инвестиция киритган. 2018 йилда Вашингтонда имзоланган битимлар амалга ошса, бу кўрсаткич 5 миллиард долларга яқинлашиши керак. Улар ҳисобига эса Ўзбекистонда минглаб иш ўринлари яратиш кўзланган. Жараён нима учун секин экани Тошкентдаги учрашувларда муҳокамада.

АҚШ ҳукумати назарида Ўзбекистонда хусусийлаштириш ва назорат бобидаги ислоҳотлар суст. Қонун устуворлиги - энг муҳим омил, дея эслатади Помпео. Шунингдек, Америка томонга кўра, Ўзбекистон учун ҳозир Жаҳон Савдо Ташкилотига кириш асосий вазифа. Вашингтон бу борада Тошкентга техник ёрдам беришга тайёр. Маслаҳат эса доимий, дейди Давлат департаменти расмийлари.

Бешинчидан, илм-фан ва таълим бўйича ёрдамни ошириш ҳамда маданий алоқаларни кенгайтириш. Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантириш, солиқ тизимини ислоҳ қилиш, адолат ва мустақил адлида томон ҳаракат қилиш, жиноят кодексини янгилаш, юридик билим масканларини юксалтириш - Америка бу борада Ўзбекистонга кўмакни оширмоқчи. АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги - бу режа ва ташаббусларни амалга оширишда етакчи орган.

Бошланғич, ўрта ва олий таълим учун 30 миллион доллардан ошиқ маблағ ажратилиб, асосий эътибор инглиз тилига берилмоқда. Инглиз тилини ўргатишни такомиллаштириш учун янги лойиҳалар ишга солинмоқда.

Ўтган икки йил ичида Ўзбекистондан 300 дан ошиқ талаба, ўқитувчи ва мутахассислар турли алмашинув дастурлари орқали Америкага бориб келган. Вашингтон бу программаларни кенгайишини истайди. АҚШда асосланган ноҳукумат ташкилотлар Ўзбекистонда фаолият юритишни хоҳлаб, Мирзиёев маъмуриятига мурожаат қилган. Рўйхатдан ўтиш борасида муаммолар талай. Помпео Тошкентдаги мулоқотларда бу масалани ҳам кўтаради. АҚШ алмашинув дастурлари ҳамда техник-профессионал кўмаги дунё бўйлаб айнан шу ташкилотлар воситасида амалга оширилади.

2018 йилда UniCEN деган тизим ишга туширилган, Унга Марказий Осиёдаги 70 дан ошиқ университет киради. Мақсад - уларни Америка университетлари билан боғлаш. Ўзбекистон ҳам бу лойиҳада фаол қатнашиб, тренинг, грантлар ва коммуникацион имкониятлардан фойдаланади, деган умид бор. Қолаверса, дея қўшади расмийлар, океан ортидан бир неча университет ҳозир Ўзбекистон олий таълим масканлари билан ҳамкорликни ёълга қўймоқда. Давлат департаменти бу ҳаракатларни ҳам қувватлайди.

Навбаҳор Имамова (Америка овози)

XS
SM
MD
LG